1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон

Рамазон ойи фазилатлари

18:03 / 06 апрель 831 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рамазон ойи одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ҳақ билан ботилни ажратгувчи очиқ оятлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир.

Рамазон ойи ҳар доим ойларнинг султони, саййиди, энг яхшиси бўлиб келган ва ҳамиша шундай бўлиб қолаверади.

Рамазон ойи рўза, таровиҳ ва тиловат ойи бўлиб, унинг рўзасини тутиш фарз, таровиҳ намозини ўқиш суннат, Қуръони каримни хатм қилиш эса фазилатдир.

Рамазон шундай қадрли ва ғанимат ойдирки, унда тутилган рўзанинг савобини бевосита Аллоҳ таолонинг Ўзи беради.

Рамазон ойида жаннат дарвозалари очилади, жаҳаннам қопқалари ёпилади, итоатсиз жин-шайтонлар занжирлар билан боғланади.

Рамазон ойи гуноҳлар мағфират қилинадиган, раҳм-шафқат кўрсатиладиган ва дўзахдан озод қилинадиган ойдир.

Рамазон ойи Аллоҳ ва Расулининг буйруқларини бажаришда, қайтариқларидан қайтишда ва синов-имтиҳонга учраганда сабр-тоқатли ва чидамли бўлишни ўрганадиган ойдир.

Рамазон ойи ўзаро бирдамлик, меҳрибонлик кўрсатиладиган, инсонлар бир-бирлари ҳақида қайғуриб, хато-камчиликларини кечирадиган ойдир.

Рамазон ойи хайрли ишларда ҳамкорлик қилинадиган, мусулмонлар бир-бирини қўллайдиган ойдир.

Рамазон тенглик ойи бўлиб, бу ойда қариялар зиёрат қилинади, беморлардан хабар олинади, муҳтожларга ёрдам берилади, мусибатзада инсонлардан кўнгил сўралади ва етимлар овутилиб, юпатилади.

Рамазон ютуқлар ойи бўлиб, улкан савоблар қўлга киритилади ҳамда, нафс ва шайтонлар мағлуб этилади.

Рамазон ойида мусулмонларнинг Аллоҳ ҳузуридаги мартабалари юқори кўтарилади, хайрли ишларининг мукофотлари кўпайтирилади ва кичик гуноҳ ишлари кечирилади.

Рамазон ойининг охирги ўн кунлигининг тоқ кечаларидан бирида Қадр кечаси яширилган бўлиб, у Қадр кечаси бўлмаган қамарий минг ойдан яхшироқдир. Ким ўша кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, демак у кўп маҳрум бўлибди.

Барчамизга Рамазон ойи муборак бўлсин. Рўзасини тутишда, таровиҳ намозларини ўқишда, Қуръони каримни хатм қилишда ва бошқа хайрли ишларни адо этишда Аллоҳ таоло муваффақиятлар ато этсин. Бу ишларни ихлос ила бажариб тақво ҳосил қилган кишиларга хушхабар ёр бўлсин.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон ойи кириб келиши билан саҳобаларини муборакбод қилар ва бу ойнинг фазилатларини баён этар эдилар, токи бу ойга тайёр бўлсинлар ва бу фурсатдан фойдалансинлар.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларига хушхабар қилиб, айтардилар: «Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ сизга унинг рўзасини тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат дарвозалари очилур, жаҳаннам қопқалари ёпилур, итоатсиз жин-шайтонлар занжирбанд қилинур. Бу ойда бир кеча бўлиб, у минг ойдан яхшироқдир. Ким ўша кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, демак у маҳрум бўлибди» (Аҳмад ибн Ҳанбал, Насоий, Байҳақий, Ибн Абу Шайба ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳлар ривояти, исноди саҳиҳ).

Уламоларимиз бу ҳадисни инсонлар бир-бирларини Рамазон ойи билан муборакбод этишларига асос бўлади, дейишади. Нима учун бир-бирларини табриклашмасин, ахир бу ойда жаннат дарвозалари очилса, жаҳаннам қопқалари ёпилса, итоатсиз жин-шайтонлар занжирбанд қилинса, минг ойдан яхшироқ Қадр кечаси бўлса ва ҳоказо.

Имом Термизий, Насоий, Ибн Можа, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ва Ҳокимлар ривоят қилган бошқа бир ҳадисда: «Бир нидо қилувчи: «Эй яхшилик талабгори, савоб ишларга кириш! Эй ёмонлик талабгори, гуноҳ ишлардан тийил!», деб нидо қилиб туради. Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиган бандалари бор бўлиб, (Рамазоннинг) ҳар кечаси шундоқ бўлур», дейилган, яъни, аввалдан дўзахга тушишга лойиқ бўлиб қолган бандалардан баъзилари Рамазони шариф туфайли Аллоҳ томонидан кечирилиб, дўзахдан озод қилинурлар.

Бу ва бошқа ҳадислар асосида Рамазон ойининг баъзи хусусиятлари ва фазилатлари ҳақида тўхталамиз:

Бу ойда жаннат дарвозалари очилади ва жаҳаннам эшиклари ёпилади, чунки бу ойда жаннатга кириш учун сабаб бўлган хайрли ишлар ва солиҳ амаллар кўпроқ бажарилади, дўзахга кириш учун сабаб бўлган гуноҳ-маъсиятлар ва ярамас, жирканч, уятли ишлар камроқ содир этилади. Жаннат дарвозалари мусулмонларни хайрли ишларга шошилишга тарғиб қилиб ҳам очилади. Дўзах эшиклари эса, гуноҳлардан қайтган, истиғфор айтган, афсус-надомат чеккан, қайта қилмасликка ният қилган ҳолда тавба қилишга тарғиб қилиб ёпилади. Натижада, бу ойда вафот этган ва руҳи дўзахга маҳкум қилинган кимсалар, бу ойнинг шарофати ила ойнинг охиригача дўзахга киритилмай туради. Жаннатнинг барча дарвозалари очилиши Рамазон ойида ер юзига Аллоҳнинг раҳмати кўп нозил бўлишига ҳам ишорадир.

Бу ойда итоатсиз жин-шайтонлар занжирлар билан боғлаб қўйилади, қўл-оёқларига кишанлар солинади, натижада, инсонларни васваса қилишолмайди, ғаразли мақсадларига етишолмайди. Бу Аллоҳнинг бандаларига нисбатан меҳрибонлиги ва лутфу инояти бўлиб, У Зот уларга ўз нафсларидан ғолиб бўлишларига ёрдам беради ва итоатсиз жин-шайтонларнинг макр-ҳийлаларидан асрайди.

Рамазон ойларининг шарофати ила мўмин бандаларнинг кичкина гуноҳлари ўз-ўзидан кечириб юборилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Агар катта гуноҳлардан сақланиб юрилса, беш вақт намоз, жума намози ўзидан кейинги жума намозигача, Рамазон келгуси Рамазон ойигача ўртада қилинган гуноҳлар учун каффорот бўлади» (Имом Муслим ривояти).

Рамазон ойининг охирги ўн кунлигининг тоқ кечаларидан бирида Қадр кечаси яширилган бўлиб, у Қадр кечаси бўлмаган қамарий минг ойдан яхшироқдир. Саҳиҳ ҳадисларда Қадр кечаси Рамазоннинг охирги ўн кунларининг тоқ кечаларидан бирида экани баён қилинган. Аржаҳ (энг қувватли) қавлга биноан, Қадр кечаси ҳар йили мазкур тоқ кечаларда биридан-бирига кўчиб юради (Аҳмад ибн Ҳажар Асқалоний, «Фатҳул Борий шарҳу саҳиҳил Бухорий»). Уламоларимиз Қадр кечаси бир йил у кечада, бир йил бу кечада бўлиб, кўчиб юради, деган фикрни айтганлар (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, «Ҳадис ва Ҳаёт», 9-жуз, 159-бет)

Мана шу бир кечада бажарилган ибодат саксон уч йилдан кўпроқ муддат ичида қилинган ибодатга тенг бўлади. Бир кеча! Бор йўғи ўн соатдан ошмайдиган кеча. Агар сиз бу муборак кечани тоат ва ибодатда ўтказсангиз, гўё сиз бу тоат-ибодатни саксон уч йилдан кўпроқ вақт давомида тинмай бажараётгандек бўласиз.

Рамазон ойининг ҳар кунида қабул бўладиган бир дуо бордир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, Рамазоннинг ҳар кунида барча мусулмонлар учун қабул бўладиган бир дуо бордир», деганлар (Имом Аҳмад, Баззор ва бошқалар ривояти. Муҳаддис Шуъайб Арнаут: «Бу ҳадиснинг исноди Бухорий ва Муслим шартларига кўра саҳиҳдир», деган). Агар бу дуо рўза пайтида айниқса, ифтордан салгина олдин қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Яна Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: адолатли имом, рўзадор то ифтор қилгунича ва мазлумнинг дуоси» (Ибн Можа, Термизий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Байҳақий, Ибн Ҳиббон, Таёлисий, Ибн Хузайма ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳлар ривояти. Имом Термизий бу ҳадисни «ҳасан», деган).

Рамазон Қуръон тиловати, зикр ва истиғфор ойидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ойда Қуръонни тўлиқ Жаброил алайҳиссалом назоратларидан ўтказиб олар эдилар. Вафот топадиган йилларида эса Қуръонни бу улуғ фариштадан икки марта ўтказиб олганлар. У зот Рамазон ойида Қуръон тиловатини кучайтириб, тунги намоздаги қироатларни узайтирардилар. Ўтган солиҳларимиз ҳам бу ойда Қуръонни бир неча бор хатм қилиб чиқишарди.

Бу ой хайр-эҳсон ойидир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ойда бошқа ойларга қараганда янада сахийроқ бўлиб кетардилар. Абдуллоҳ ибн Аббос айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонларнинг энг саховатлиси эдилар. Рамазон ойида янада саховатлироқ бўлиб кетардилар (Байҳақий ва Ҳокимлар ривояти. Ҳоким «Ал мустадрак ъалас саҳиҳайн би таълиқиз Заҳабий» китобида: «Бу ҳадис Бухорий ва Муслимларнинг шартига кўра саҳиҳдир», деган).

Бу ойнинг хусусиятларидан бири Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисларида мужассамдир: «Ким иймон ила савоб умидида Рамазон рўзасини тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади. Ким иймон ила савоб умидида Рамазон кечаларининг маълум бир қисмини таровиҳ намозини ўқиш билан ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади. Ким иймон ила савоб умидида Қадр кечасини тоат-ибодатда ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади» (Бухорий, Муслим ва бошқалар ривояти).

Бу ой тунги намозлар ва нафл ибодатлар ойи ҳамдир. «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказиб чиқардилар. Қачон ойнинг охирги ўн куни келса, оила аъзоларини ва намозга кучи етадиган каттаю кичикни уйғотардилар» (Муслим ривояти). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйда ўқийдиган нафл ибодатларини Рамазонда масжидга чиқиб, жамоат кўз ўнгида уч кун мобайнида ўқиганлари У зотнинг бу ойдаги тунги намозларга кучли эътибор қаратганларидан дарак беради. Саҳобалар бу ойда У зотнинг нафл намозларга бўлган эътиборларини кўриб, уни ўзларига доимий одат қилиб олгандилар. Бу яхши одат ҳозирги кунгача этиб келмоқда. Рамазон ойидаги тунги намозлар фиқҳ истилоҳида «таровиҳ» дейилади. Бу намозни ўқиш барча муслим ва муслималар учун суннат ҳисобланади. Мусулмонлар ғофил қолиб, бу намозни ўтказиб юбормасликлари керак. Чунки Рамазондаги нафл намозлар учун бериладиган улуғ савоблар бошқа ойларда берилмайди.

Рамазон ойида қилинган умранинг савоби ҳаж савобига тенг, ҳатто Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга қилинган ҳажнинг савобига тенгдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рамазондаги умра ҳажга тенг» (Бухорий, Муслим ва бошқалар ривояти), бошқа бир ҳадисда: «Рамазондаги умра мен билан бирга қилинган ҳажнинг савобига тенгдир» (Абу Довуд, Байҳақий, Табароний, Ибн Хузайма ва Ҳокимлар ривояти. Ҳоким: «Бу ҳадис Бухорий ва Муслимларнинг шартига кўра саҳиҳдир», деган), деб марҳамат қилганлар.

Булар Рамазон ойининг айрим хусусиятлари ва фазилатлари экан. Демак, Рамазони шариф ҳар бир мусулмон банда учун улкан савоблар топиб қолиш, дўзахдан озод бўлиб олиш учун жуда ҳам қулай фурсат. Шунинг учун бу ойнинг келишидан хурсанд бўлишимиз, яхши кутиб олишимиз ва бу фурсатдан ҳар биримиз унумли фойдаланиб қолишимиз даркор. Бунинг учун эса бу муборак ойнинг рўзасини ихлос билан тутиб, ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, кўпроқ ибодат ва яхшиликлар қилиб қолишимиз керак.

Ўтган баъзи азизларимиз Рамазондан олдин олти ой давомида Аллоҳдан Рамазон ойига етказишини сўраб дуо қилардилар, сўнг яна олти ой давомида ҳусни қабул қилишини сўраб, дуо қилардилар (Шайх Али ибн Нойиф Шаҳҳуд, «Мавсуъатул хутабил минбария», «Мавсуъа ад-дийну ан-насийҳату» ва «Мавсуъатул буҳуси вал мақолотил илмия»). Зеро улар Рамазон ойидаги хайр-барака, улкан савоб, мўл-кўл ажр-мукофот, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш каби имтиёзлардан хабардор эдилар.

Аллоҳ бизларга ҳам уларнинг йўлларини берсин, омийн.

Абдул Азим Зиёуддин

«Ҳилол» журналининг 11(56) сонидан

 

Муаллиф
Абдул Азим Зиёуддин
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Рўзадор ўзини фақатгина Аллоҳнинг зикри учун бағишлаши керак, телевизор кўриш учун эмас. Рўзадор намоз учун, қиёмул лайл таровеҳ, Қуръон тиловати ва унинг оятлари давоми...

3041 09:30 / 06.04.2022
Эй ёш тўкадиган кўзларМана, Рамазон ҳам бирпаста охирига етди. Вақтингни нималарга сарфладингБалки сенинг маҳзунлигинг муқаддас ой шунчалик тез ўтиб давоми...

4123 21:01 / 10.06.2018
1 Ким тасбеҳни давомий айтиб юрса, қалби енгил тортади.2 Ким ҳамду санони давомий айтса, яхшиликлар кетмакет келади.3 Ким истиғфорда давомли бўлса, яхшилик давоми...

2177 04:00 / 24.03.2023
Эй Роббим Ҳолимизга раҳм қил Сен раҳм қилмасанг, кимга юзланамиз, қаердан нажот топамизЗотан, энг меҳрибон, раҳмшафқатли Зот ЎзингсанШу сабабли бизларни давоми...

3315 17:00 / 26.04.2022