1447 йил 25 жумадис сони | 2025 йил 16 декабрь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Ўзбекистон халқига табрик

10:18 / 12.03.2024 2797 pdf Ўқиш режими + -

Қадрли ватандошлар!
Бутун Ер юзидаги ислом уммати билан бирга жонажон Ўзбекистонимизнинг барча мўмин-мусулмонлари ҳам қутлуғ ва муборак Рамазон ойини хурсандчилик билан кутиб олдилар.
Дунё мусулмонлари учун энг азиз ва қадрли бўлган, барча эзгу ниятлар ижобат бўладиган Рамазони шарифнинг кириб келиши билан сиз, азизларни, бутун халқимизни чин юракдан муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг юксак эҳтиромим ва самимий тилакларимни изҳор этаман.


Аввало, қалбларимизга иймон нурини бағишлайдиган ушбу улуғ айёмни юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик муҳитида, оиламиз, эл-юртимиз даврасида кутиб олаётганимиз учун Парвардигори оламга чексиз шукроналар айтамиз.


Маънавий покланиш, сабр-қаноат, хайру саховат фазилатлари зиёда бўладиган моҳи Рамазонни миллий анъана ва қадриятларимизга мос, юксак даражада ўтказиш, юртимиз мусулмонларининг ибодат амалларини эмин-эркин адо этишлари учун барча шароитлар яратилди.


“Инсон қадри – улуғ” деган олижаноб тамойилимиздан келиб чиққан ҳолда, мазкур фазилатли ойда халқимиз манфаатларини таъминлаш, ёш авлодимизни билим-маърифат, яхши хулқ-одоб соҳиблари этиб тарбиялаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятимиз, эл-юртимиз ўртасида меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар, қабристонларни ободонлаштиришга қаратилган савобли ишларимиз янада зиёда бўлади, деб ишонамиз.


Зеро, ҳадиси шарифларда зикр этилганидек, бу ойда қилинган биргина яхшилик ўн карра мукофот бўлиб қайтади.


Минг афсуски, бугун дунёнинг бир қанча минтақаларида нотинчлик, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар содир бўлмоқда, бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилмоқда. Биз бутун халқимиз билан бирга яратган Эгамдан дунёда тинчлик ва осойишталик қарор топишини, гўзал диёримиздаги тинч-осуда ҳаёт бардавом бўлишини чин дилдан сўраб, Қадр кечаларида ихлос билан дуолар қиламиз.


Фурсатдан фойдаланиб, ушбу шукуҳли лаҳзаларда дунё мўмин-мусулмонларини, дўст ва ҳамкорларимизни муқаддас Рамазон ойи билан самимий қутлаб, уларнинг давлатлари ва халқларига тинчлик-омонлик, равнақ ва фаровонлик тилаймиз.


Рамазони шариф эл-юртимизга қут-барака, ҳар бир хонадонга шоду хуррамлик, янги ютуқ ва омадлар олиб келсин!  
Рамазон ойи яна бир бор барчамизга муборак бўлсин!
 

Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти

Мавзуга оид мақолалар
Маълумки, ҳар йили анъанавий тарзда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият кўрсатиб бораётган имомхатиблар ўртасида Йил имомиrdquo кўрик танлови давоми...

3834 11:52 / 12.10.2018
Мисрнинг Ахалия шаҳри марказидаги Мит Сальсиль шаҳрида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд ойлари муносабати билан ташкил этилган мавлид давоми...

2313 17:05 / 26.11.2018
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Тошкент ислом институтидан турли сабабларга кўра ўқишдан четлатилган ва узоқ йиллар олдин диний таълим давоми...

1731 13:32 / 13.07.2022
Бугун, 3 июнь куни Ҳаж ndash 2022rdquo мавсумига тайёргарлик кўриш юзасидан брифинг бўлиб ўтди. Унда ҳаж квотаси ҳам маълум қилинди.Брифингда, Саудия Арабистони томони давоми...

2137 11:49 / 03.06.2022
Аудиолар

213944 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

133146 14:35 / 11.08.2021