1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Пайғамбаримиз ﷺ нинг аҳли аёлларига муомалалари

16:34 / 13.12.2023 4751 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умр йўлдош сифатидаги фазилатлари
Ислом динида оила масаласига алоҳида эътибор билан қаралган. Зеро, оила ҳар бир жамиятнинг илиги ҳисобланади. Ўзаги мустаҳкам жамиятнинг ўзи ҳам мустаҳкам бўлади.
Куйида ҳар бир ишларида намуна бўлган Зот – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умр йўлдош сифатидаги намуналарни ибрат учун эслаб ўтсак.


 لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآَخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا 


«(Эй, имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир» (Аҳзоб сураси, 21 оят).


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсоният ичра хулқлари ва одоблари энг гўзал Зотдир. Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ҳақда таъкидлаб:


وَإِنَّكَ لَعَلَى خُلُقٍ عَظِيمٍ


«Сиз энг буюк хулқ узрадирсиз», дея марҳамат қилган (Қалам сураси, 4 оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шу буюк хулқлари билан оилавий ҳаёт кечирганлар ва Раббимизнинг аёллар борасидаги:


وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ 


«Улар билан яхшиликла яшангиз», деган илоҳий фармонини амалда кўрсатиб берганлар (Нисо сураси, 19 оят).


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳлларига жуда меҳрибон ва раҳмли бўлганлар. Оиша онамиздан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда кетаётган эдик. Бир ялангликка етганимизда тўсатдан мунчоғим узилиб тушиб қолди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қидириш учун тўхтадилар. Одамлар ҳам тўхташди. Ҳолбуки ичишлик учун на одамларда, на бир яқин атрофда сув бор эди. Одамлар Абу Бакрнинг олдига бориб: «Оишанинг нима қилганини кўрмайсизми?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва У зот билан бирга одамларни ҳам тутиб қолди-ку! Одамлар суви бор жойда ҳам эмаслар, ўзлари билан сувлари ҳам йўқ», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чарчаб тиззамга бошларини қўйиб ухлаб қолдилар. Шу пайт отам Абу Бакр розияллоҳу анҳу келиб: «Шундай тақчиллик нозик пайти ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тўхтатасанми?» – деб мени койидилар. Койиш асносида мени шундай турткилардиларки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғониб кетмасинлар деб зўрға қимирламай ўтирардим. У зот ҳам ухлаб туриб, сувсиз бўлиб қолгандилар. Шунда Аллоҳ таоло таяммум оятини нозил қилди. Дарвоқе, Усайд ибн Хузайр: «Эй Абу Бакрнинг оиласи, сизларнинг баракангиз туфайли!» – деди. Оиша розияллоҳу анҳо сўзларида давом этиб: Кейин мен минган туяни турғизган эдик, мунчоғимни ўшанинг тагидан топдик».
(Имом Бухорий ривояти).


Эътибор берган бўлсангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биргина мунчоқни деб чанқоқлик пайтида ҳам одамларни тўхтатиб уни излашга тушганлар.


У зот алайҳиссалом бирор марта бировга қўпол сўз айтмаганлар, ҳеч кимни ҳақорат қилмаганлар, қўл кўтармаганлар, қувватларини фақатгина Аллоҳнинг йўлида сарфлаганлар.
Бир куни сафарда София онамиз минган улов орқада қолиб кетади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келганларида София онамиз йиғлаб: «Мени секин юрадиган уловга миндирибсиз», - дейдилар. Набий алайҳиссалом эса онамизнинг кўз ёшларини артиб, юпатдилар.
(Насаий ривояти).


Пайғамбаримизнинг ўз аҳли аёлларига нисбатан муомалалари худди шундай меҳрибонлик ва ғамхўрлик билан йўғрилган эди.


Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: «Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганларида Оиша розияллоҳу анҳонинг баланд овозда гапираётганлигини эшитди ва яқин келиб: «Эй Умму Румоннинг қизи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурида ҳам овозингни баланд қиласанми?!» – дея койидилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ораларини ажратдилар ва кетгач: «Сен билан ҳалиги кишининг орасини ажратганимни кўрдингми?» – дедилар. Бироз вақт ўтгач Абу Бакр розияллоҳу анҳу қайта келиб, киришга изн сўраганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизни кулдириб ўтирган эдилар. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Жанжалларингизга шерик қилганингиздек, қувончингизга ҳам мени қўшинглар», - дедилар.
(Имом Аҳмад ривояти).


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барчага бир хил гўзал муомалада бўлганлари каби аҳли аёллари билан ҳам ана шундай намунали ҳаёт кечирганлар. Бугунги кунда ҳар биримиз У зотдан ўрнак олсак, жамиятимиз қандай ҳам гўзал ва фаровон бўлар эди!


Жалолиддин домла Ҳамроқулов

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 30 ноябрь 03-07/9089-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Совчилик ишлари, юқорида зикр қилинганидек, доимо енгил кўчавермайди. Баъзи ҳолатларда бир оиланинг ўзининг ичида ҳам фикр ва рағбатлар тўқнашиб қолиши рўй давоми...

7757 09:30 / 18 январь
.Мискинга ва йўқсил йўлчи,нинг ҳаққини ҳам адо эт..Мискин, ndash ҳаёт ўтказишда моддий жиҳатдан қийналиб қолган камбағал одам..Йўқсил йўлчи, ndash ўз юртида бойбадавлат давоми...

2156 17:00 / 16.02.2021
islom.uz middot 68 ndash Фарзанд доимо отаонага ширин сўзларни айтиши вожибдир 5Илло, қози қарз олишга изн берса, соқит бўлмайди.Нафақа берувчи ғойиб бўлгани учун қози унинг давоми...

2573 11:04 / 01.09.2020
Сўнгги пайтларда қулоғимизга .Фалончининг қизи қайтиб келибди,, .Пистончининг турмуши бўлмабди, каби гаплар тезтез чалинадиган бўлиб қолди. Авваллари давоми...

2823 14:54 / 07.11.2024
Аудиолар

213193 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132413 14:35 / 11.08.2021