1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Ота-онанинг фарзандига қилган дуоси тўсиқсиз қабул бўлади

11:14 / 11.12.2023 2118 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қиссалар насиҳат ва ибрат манбаидир. Қуръони Каримнинг маълум бир қисми айнан қиссаларни батафсил баён қилишга бағишланган. Шу боисдан ҳам Қуръони Карим билан бир қаторда ҳадиси шарифларда ҳам аввал яшаб ўтган умматлар ҳақидаги гўзал қисса ва хабарларни кўплаб учратиш мумкин. Зеро, ўтган пайғамбарлар ҳамда солиҳ зотларнинг ҳаётий қиссаларида кейинги келувчи авлодлар учун гўзал ўрнак ва намуна бордир. Аллоҳ таоло бу ҳақда марҳамат қилади:


 لَقَدْ كَانَ فِي قَصَصِهِمْ عِبْرَةٌ لِأُولِي الْأَلْبَابِ مَا كَانَ حَدِيثًا يُفْتَرَى وَلَكِنْ تَصْدِيقَ الَّذِي بَيْنَ يَدَيْهِ وَتَفْصِيلَ كُلِّ شَيْءٍ وَهُدًى وَرَحْمَةً لِقَوْمٍ يُؤْمِنُونَ 


«Дарҳақиқат, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун (катта) ибрат бордир. (Ушбу Қуръон) тўқиб чиқариладиган гап эмас, балки ўзидан олдинги нарсаларни (яъни, самовий китобларни) тасдиқ этувчи, унга имон келтирадиган қавм учун барча нарсаларни муфассал баён қилиб берувчи ҳидоят ва раҳмат (манбаи бўлган бир Китоб)дир» (Юсуф сураси, 111 оят).


Мана шундай ажоиб қиссалардан бири Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари орқали бизларга хабарини берган «Обид Журайж» қиссасидир.


Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини ривоят қилади: «Уч кишидан бошқа ҳеч ким бешик (яъни гўдаклик вақти)да гапирмаган. Улар: Ийсо ибн Марям алайҳиссалом, Журайжнинг шериги (учинчи кишини бошқа ривоятда Юсуф алайҳиссаломнинг покликларига гувоҳлик берган чақалоқни келтирганлар)».


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: «Журайж ибодатгўй киши бўлиб, бир уйни танлаб, ўша ерда ибодат қилар эди. Бир куни Журайж намоз ўқиётган вақтда унинг онаси келиб қолди ва эй Журайж, деб чақирди. Журайж «Эй Худойим, онам (ни танлайми) ва (ёки) намозимними?», деб иккиланди. Сўнг яна намозига берилиб кетди. Онаси кута-кута кетди. Эртаси куни яна келди ва яна: «Эй, Журайж!», деб чақирди. Журайж: «Ё, Худойим! Онам (ни танлайми) ва (ёки) намозимними?», деб иккиланди. Сўнг яна намозига берилиб кетди. Онаси яна қайтиб кетди. Эртаси куни онаси яна келди ва эй Журайж, деб чақирди. Журайж «Ё, Худойим! Онам (ни танлайми) ва (ёки) намозимними?», деб иккиланди. Сўнг яна намозига берилиб кетди. Онаси: «Ё, Худойим! Бузуқ аёлларнинг юзларига қараб қолмагунича унинг жонини олмагин», деб дуойибад қилди.


Бани Исроил Журайжни (ўзларига ўрнак қилишар) ва унинг ибодати ҳақида бир-бирига сўзлашар эди. Шу ерда ўз ҳусну жамоли билан мағрурланиб юрадиган фоҳиша аёл бор эди. У агар хоҳласангизлар, уни йўлдан ураман, деди. Кейин Журайжнинг олдига бориб ўзини таклиф қилди. Журайж унга қайрилиб ҳам қарамади. Аёл чиқиб Журайжнинг ибодатхонасига яқин жойда яшайдиган чўпон олдига келиб унга ўзидан фойдаланишлик имконини берди. Аёл чўпон билан зино қилиб ундан бола орттирди ва одамлар орасида уни Журайжнинг фарзанди деган иғвони тарқатди. Одамлар Журайжнинг ибодатхонасини бузиб уни қўллари учи билан кўрсатадиган, ҳатто кўчаларда уни ёқасидан судраб юрадиган бўлишди. Бироқ, Аллоҳ таоло ибодатгўй бандасини шундай ташлаб қўймади. Журайж ўз Раббисига ишонганлиги туфайли намозларида илтижо қилиб, бу фитнани бартараф этишини ёлборарди. Зотан, намоз банданинг энг олий мақоми, кушойиш мавқеидир. Одамлар эндигина туғилган чақалоқни кўтариб келишганида Журайж ундан отаси ким эканлигини сўради. Чақалоқ Аллоҳнинг қудрати билан тилга кириб «отам фалон чўпон» дея жавоб берди. Шундай қилиб, Аллоҳ таоло ибодатгўй бандасини бундай фитнадан қутқариб, уни яна ибодат халоватига қайтарди. Одамлар эса Журайжни улуғлаб унга мақтовлар ёғдиришди».


Энди ушбу қиссадан қуйидагиларни хулоса қилишимиз мумкин:
– Ота-онани ранжитиш, уларга оқ бўлиш жуда хатарли иш ва улкан гуноҳ экан;


– Ота-онанинг фарзандига қилган дуоси тўсиқсиз қабул бўлади. Шу боис, фарзанд ота-онадан яхши дуо топиш пайидан бўлиши, Аллоҳ сақласин, ёмон дуо чиқишига сабабчиси бўлиб қолмаслиги керак. Чунки роҳиб Журайжнинг бошига шунча ташвишлар онасига итоатсизлиги туфайли келди.


– Аллоҳ таоло Журайжнинг онаси қилган дуойибадини ижобат қилди.  Демак, оналарнинг дуолари шунақа нозик даражада экан. Шунинг учун, оналар ҳам  болаларининг ҳаққига ҳар хил салбий дуоларни қилиб юборишдан эҳтиёт бўлишлари керак. Шу ўринда бир ҳақиқат, бизнинг мунис оналаримиз боламни сенласам “сен” бўлиб, “ўл” десам ўлиб қолади деб фарзандларини меҳр қанотларида асраб-авайлаб вояга етказиб, тарбия қилганлар. Ҳозирда баъзи ёш келин оналар болажонлари ўртасидаги мулоқот ва муносабатларига бир оз жиддийроқ эътибор қилса, ўтмиш момоларимиздан ибрат олсалар яхши бўларди;


– Шунингдек, банда ҳар доим Аллоҳга юзланиб, боғланиб туриши лозим. Шунда Аллоҳ ҳам уни яккалаб қўймайди;


– Ҳар қандай замонда ҳам ёмонлар бўлган ва бўлган. Уларнинг ёмонликларидан эса иффатини сақлаган кишиларгина омонда қолади. Шундай экан мусулмон киши ҳар қадамда хушёр ва эҳтиёткор бўлиши керак;


– Аллоҳ бандаларини синаган пайтда чиройли сабр қилиб Раббиларидан яхшиликни сўрашлари лозим.


Аллоҳ таоло барчаларимизга тақво, Ўзини доим ёд этиб юриш, мусибат пайти сабр қилиб, неъмат келганда эса шукр қилиш бахтини насиб этсин! Охиратда хато ва камчиликларимизни авф этиб, бизларни жаннати билан мукаррам қилсин! Омин!


Жалолиддин Ҳамроқулов

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 30 ноябрь 03-07/9089-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Заррдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга.Амалларнинг қай бири яхши, дейишди..Аллоҳга иймон, У Зотнинг йўлида жидду жаҳд қилиш,, давоми...

3778 17:00 / 08.05.2022
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Аллоҳ таолонинг наздида дўстларнинг энг яхшиси дўстларига энг кўп яхшилик давоми...

1628 15:30 / 12.10.2019
Авф ибн Моликдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мен билан эридан бева қолиб, юзи сарғайган, боласига сабр қилган аёл жаннатда мана бундаймиз,, давоми...

4081 15:50 / 22.02.2020
Отаонага яхшилик қилишга, уларнинг итоатида бўлишга жуда кўп тарғиб қилинади. Уларнинг фарзанддаги ҳақлари жуда юқори мартабага қўйилади. Аммо ҳамма нарсанинг давоми...

1185 16:34 / 22 июль