1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг фазилатлари (бешинчи мақола)

09:45 / 01.12.2023 1913 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қурайш эса «Муҳаммад ва унинг саҳобалари уруш ҳаром қилинган ойнинг ҳурматини оёқости қилдилар, у ойда қон тўкдилар, мол-дунёни тортиб олдилар, одамларни асир қилдилар», деб гап тар¬қатдилар.


Пайтни пойлаб турган яҳудийлар дарҳол турли-туман иғво-бўҳтонлар тўқиб чиқара бошладилар.


Ноқулай ҳолат вужудга келди. Қадимдан ҳеч ким бу ойларда уруш қилмас, бирорта кишини асир қилмас, ўлжа ҳам олмас эди. Бу қоида Исломда ҳам амалда эди. Бирдан ҳалиги иш бўлди. Ҳамма ҳайрон.


Шунда Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани тушириб, Ўзининг ҳақ ҳукмини чиқарди. Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига хитоб қилиб, деди:
«Сендан ҳаром ойда уруш қилиш ҳақида сўрарлар. «Унда уруш қилиш катта гуноҳ. Аллоҳнинг йўлидан тўсиш, Унга куфр келтириш, Масжидул Ҳаромдан тўсиш, унинг аҳлини ундан чиқариш Аллоҳнинг ҳузурида ундан-да катта гуноҳдир. Фитна қатлдан каттароқдир», – деб айт. (Улар) агар қодир бўлсалар, сизларни динингиздан қайтаргунларича сизга қарши уруш қилаверадилар. Сиздан кимки диндан қайтиб, кофир ҳолида ўлиб кетса, ана ўшалар дунёю охиратда амали ҳабата бўлганлардир. Ана ўшалар дўзах соҳибларидир. Улар унда мангу қолувчидирлар».


Бу ояти карима ҳаром ойда уруш қилишнинг ҳаром эканлигини таъкидламоқда. Тўғри, бу ойда уруш қилиш катта гуноҳ, лекин:
«Аллоҳнинг йўлидан тўсиш, Унга куфр келтириш, Масжидул Ҳаромдан тўсиш, унинг аҳлини ундан чиқариш Аллоҳнинг ҳузурида ундан-да катта гуноҳдир. Фитна қатлдан каттароқдир».
Ўйлаб қаралса, зикр этилган бу бузғунчилик ишлар айни Қурайшнинг ишларидир. Уларнинг мусулмонларга қарши қилган бу ишлари одам ўлдиришдан кўра каттароқ гуноҳдир.


Қурайшнинг ўзи қонун-қоидага мутлақо риоя этмас эди, муқаддас тушунчаларни бемалол оёқости қиларди. Аллоҳ таоло Ислом динини юборганида ҳам улар одамларни Аллоҳнинг йўлидан тўсдилар ва Аллоҳга куфр келтирдилар. Энг катта гуноҳ аслида шу эмасми? Энди бўлса мусулмонларни ҳаром ойни беҳурмат қилишда айблашмоқда.


Ҳеч қандай муқаддасликнинг ҳурматини қилмайдиган Қурайш Масжидул Ҳаром аҳли бўлган мусулмонларни ўлдириб, қийноқ-азобга олиб, охири ҳаммаларини ҳайдаб чиқардилар. Мусулмонлар ҳижрат қилишга мажбур бўлдилар.


Энди бировни уруш ҳаром қилинган ойни ҳурмат қилмасликда айблайдиган бўлиб қолишибдими?! Ўзларининг ишлари одам ўлдиришдан кўра каттароқ гуноҳ-ку!


Кофирларнинг иши кишиларни иймондан, Аллоҳнинг йўлидан қайтариш ва куфрга юргизишдир. Бу фитна деб аталади.
«Фитна қатлдан каттароқдир».


Сўнгра ояти карима кофирларнинг Ислом умматига бўлган доимий адоватини баён қилиб, айта¬ди:
«(Улар) агар қодир бўлсалар, сизларни динингиздан қайтаргунларича сизга қарши уруш қилаверадилар».


Яъни кофирлар мусулмонларга қарши ҳар бир фурсатдан фойдаланишга уринадилар. Мақсадлари – нима қилиб бўлса ҳам, мусулмонларни Исломдан қайтариш. Кофир ким бўлишидан, қаерда яшашидан ва қачон бўлишидан қатъи назар, ушбу ишини қилаверади. Уларнинг мусулмонларга қарши олиб борадиган урушлари ҳар хил, турли-туман, лекин мақсадлари битта – мусулмонларни диндан қайтариш. 


Лекин мусулмонлар сабр қилишлари, чидашлари, таслим бўлиш ҳақида ўйламасликлари керак. Аллоҳ кўрсатмасин, мабодо диндан қайтиб қолсалар, икки дунёнинг ҳасратига учрайдилар.


Ушбу ояти карима тушгандан кейин Пайғамбаримиз алайҳиссолату васаллам ривоятда зикр қилинган икки асирни ва ўлжани қабул қилдилар. 


Ҳамманинг кўнгли жойига тушди. Мусулмонлар, айниқса, Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳу ва у кишининг жангчи гуруҳи аъзолари хурсанд бўлдилар. Чунки улар ҳодиса бўлиб ўтгандан кейин «Гуноҳ иш қилиб қўйибмиз», деб, хижолатда эдилар. Ушбу ояти карима тушгач, уларнинг қалбида умид учқунлари порлади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5165 рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Умматимдан етмиш минг киши ҳисоб қилинмасдан жаннатга кирадилар, давоми...

2830 11:30 / 02.01.2022
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан масжидда ўтирган эдилар. Уларга дедилар Ҳозир сизнинг ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган бир киши чиқадиШу пайт давоми...

5669 14:31 / 21.04.2022
Ислом жамияти соясида яшайдиган ғайридинлар исломий истилоҳда .аҳли зимма, деб аталадилар. Яъни, уларнинг дини, жони, моли ва бошқа жиҳатдан тинчомонлиги давоми...

1594 13:37 / 11.11.2024
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шоирлари бўлмиш бу саҳобий розияллоҳу анҳунинг тўлиқ исмлари Ҳассон ибн Собит ибн Мунзир ибн Ҳаром ибн Умар ибн Зайд Манот давоми...

5342 19:37 / 21.04.2017
Аудиолар

213157 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132378 14:35 / 11.08.2021