1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Таҳлил

Мўътадил манҳажни маҳкам тутинг

05:00 / 09.03.2017 3140 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дунё мусулмон уламолари бирлиги ташкилотининг бош котиби

доктор Алий Муҳйиддин Қорадоғийнинг

Фазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

раҳимаҳуллоҳнинг шогирдларига насиҳат ва тавсиялари

 

Бисмиллаҳ, алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала Росулиллаҳ!

Ва баъд:

Юртимизда улкан ўзгаришлар тўлқини мавж ураётган шу кунларда касбини “танқидчи” деб номлаб олган бир қанча шахслар томонидан биз мусулмонлага ахборот ҳужуми уюштирилаётганига гувоҳи бўлмоқдамиз. Ўз юртини ёмонлаш эвазига хорижда кун кўраётган айрим кишилар кимдандир дакки егандек, шу кунлардан анча фаоллашиб қолишди. Бу ҳодисалар фақат бизда холосмикан, дея бир оз таҳлилларга эътибор берсангиз, аслида аксар мусулмон юртларига ушбу хуруж фаолияти уюштирилаётганини кўрасиз. Дунё мусулмон уламолари бирлиги ташкилотининг бош котиби доктор Алий Муҳйиддин Қорадоғий ҳафизаҳуллоҳнинг марҳум устозимиз фазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг шогирдларига насиҳат ва тавсиялар қилганини эшитиб, бу зотларнинг ҳам бўлаётган фитна-фаолиятлардан хабарлари борлигини сездик. Биз шогирдлар тушкунликка тушмай, уммат хизматида бардавом бўлишимиз лозимлигини яна бир бор ҳис қилдик. Ушбу насиҳат ва тавсияларнинг аҳамияти юксак бўлгани эътиборидан уни ўзбек тилига таржима қилиб эълон қилмоқдамиз. Бу васиятлар ўзини Шайх Муҳаммад Содиқ раҳимаҳуллоҳга шогирд деб билган ҳар бир ёшу қарига, эркак аёлга тегишлидир. Зотан, Ислом уммати ўз уламоларига эргашиб ҳар доим саодатга эришган. Фитна аҳллари эса худди денгиз юзасидаги кўпикдек, чайқала-чайқала йўқ бўлган!

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўз фазли ва марҳаматига ноил айласин!

Омин!   

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳга ҳамд, Расулуллоҳга салоту саломлар, у зотнинг аҳлларига, саҳобаларига ва ҳидоятлари ила ҳидоятланганларга Аллоҳнинг розилиги бўлсин!

Сўнгра Шайх Муҳаммад Содиқ раҳимаҳуллоҳни Аллоҳ таоло Ўзининг кенг раҳмати ила буркасин!

Ушбу Шайх раҳимаҳуллоҳнинг азиз ва қадрли шогирдлари!

Мен шахсан ўзим бу раббоний улуғ олимнинг илмидан истифода этганман.  Шунингдек, узоқ йиллар мобайнида бу зотнинг биродарлик меҳрига ва садоқатига мушарраф бўлганман.

Шуни яхши билингларки, бу зот Ислом учун улкан хизматлар қилдилар. Тутган йўллари мўътадил‑васатий йўл эди. Барча ташвишлари умматнинг хизматида, миллатнинг ғамида бўлди. Бу киши ўзларини ўйламасдилар, фақат Аллоҳ таолонинг розилигини истардилар. Уммат учун, миллат учун қаерда яхшилик бўлса шуни ортидан қувардилар, ўша томонга юзланардилар. Мана шу олиҳимматлари сабабли илмлари нафақат назарий жиҳатдан, балки амалий жиҳатдан ҳам улкан самаралар берди. 

Бу зот китоб ёзар, даъват қилар, шогирдларга таълим берар, инсонларнинг тарбиясига эътибор қаратар, илм йўлида, умматнинг диний саводини ошириш борасида жуда кўп фаолиятларга бевосита ҳисса қўшардилар.

Азиз биродарларим! Биламан, сизлар Шайх раҳимаҳуллоҳни юксак эҳтиром қиласизлар, у зотга  муҳаббатинглар ўзгача ва шу билан бирга сизлар шундай зотнинг шогирди эканингизни ҳам ҳис қилишингиз, у кишининг маслакларига эргашиб, услубларини жонлантириб, манҳажларида бардавом бўлишингиз лозим.

Бу манҳаж Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг манҳажидир. Биз учун энг аввал Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам намуна бўлишлари керак. Бошқа барча ўрнак шахсиятлар ва уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишимиз учун восита ҳисобланишади.

Азизлар!

Аллоҳ таолога, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, Шайх Муҳаммад Содиқ раҳимаҳуллоҳга бўлган муҳаббатингиз исботи ўлароқ,  сизлардан ўтиниб сўрайманки, ушбу мўътадил манҳажда, Китоб ва Суннатга мувофиқликда бардавом бўлинглар. Шу билан бирга улуғ мазҳаб имомларимизнинг, фуқаҳоларимизнинг, ўтган уламоларимизнинг қадрларини билинглар, ҳурматларини  ўрнига қўйинглар. Ушбу уммат уламоларининг эҳтироми бизларнинг зиммамизда вожибдир.

Яна шу билан бирга, суюкли биродарларим, сизларнинг асосий ғаминглар ватан хизмати, миллат ташвиши бўлмоғи лозим.

Бошимиздан ўтган аччиқ тажрибалар шуни кўрсатиб турибдики, динда қаттиқлик – ташаддуд ва ёки динда енгилтаклик Ислом ва мусулмонлар учун фойда бермайди: илмонийлар – реформчилар каби динга енгилтаклик билан қараш Ислом ва мусулмонлар учун қанчалик зарар келтирса, динда   ҳаддан ошиш – ташаддуд ҳам  Ислом умматига фойда бермайди.

Шундай экан уммат хизматида, юрт равнақи йўлида учрайдиган қийинчиликларга Аллоҳ учун сабр ва матонат билан бардавом бўлишинглар лозим. Аллоҳ таоло хизматларингиз учун улкан баракалар ато қилсин!

Аллоҳ таолодан илтижо қилиб сўрайманки, Устоз Шайх Муҳаммад Содиқ раҳимаҳуллоҳни Ўз раҳматига олган бўлсин! Сиз ва бизларни мазкур зотлар билан, сиддиқлар, шуҳадолар, набийлар билан  бирга тирилтирсин,  олий мақом Иллиййинда ва Фирдавси Аълода барчамизни жам қилсин!

Шайх тутган йўл анбиёлар йўли, солиҳлар йўли эди!

Бу йўл Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг йўлларидир.

Бу йўл амал, сабр, халқдан келадиган азиятни кўтариш ва инсонларга хизмат қилишни  ўз ичига олган йўлдир.

Аллоҳ таоло бу умматни инсонларга яхшилик тақдим этиш билан фазилатли қилган.

  “Сиз инсонлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз” (Оли Имрон сураси, 110оят).

Бу ояти каримада “инсонлар учун” калимасидаги “учун” маъносини берадиган “лам” ҳарфи “манфаат лами” дейилади. Яъни бунда:

“Сиз инсонлар манфаати учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз” деган мазмун ўз ифодасини топади. Яъни бу уммат инсонларга фойдали ишлар тақдим қилиши керак. Тирик инсонларни сўядиган, ноҳақдан ўлдирадиган, уларга зарар берадиган ишлардан узоқ туриши лозим.

Қуръони карим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолатлари сабабини эслатганида оламларга раҳмат қилиб юборилганларини алоҳида таъкидлайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат мусулмонлар учунгина эмас ва ҳатто фақат инсоният учунгина ҳам эмас, балки бутун оламлар учун раҳмат ўлароқ юборилганларини Аллоҳ таоло шундай ифода қилади:

“Биз сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик” (Анбиё сураси, 107 – оят).

Сўзимнинг охирида сиз муҳтарам зотларга Аллоҳ таолодан тақво қилишни ва шу билан бирга нафс хоҳишларини тарк этишни, нафс хоҳишларини тарк этишни, нафс хоҳишларини тарк этишни васият қиламан. Шу васила сабабли бирлик ва биродарликни маҳкам тутишингларни тилаб қоламан.

Албатта, бу йўлда устоз бўлиши лозим. Яъни мен фалон шайхга боринглар, демайман. Лекин дин хизмати йўлида жам бўлишинглар учун оранглардан бирингиз бу ишга бош бўлишини тавсия қиламан. Бу  йўл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларидир. Сизлар бардам бўлинглар, бирликка эътибор беринглар, ўзаро ихтилофга тушманглар. Чунки ихтилоф сабабли  бирдамлик йўқолади ва  тушкунлик юзага келади. Аллоҳ таоло бу борада ушбу тавсияни берган:

“Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг. Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетади. Ва сабр қилинг. Албатта, Аллоҳ сабр қилгувчилар биландир” (Анфол сураси, 46- оят).

Аллоҳ таоло сизларни яхшилик амалларига муваффақ айласин, бирдамлигингизни зиёда қилсин! Бизни ҳам сизларни ҳам Исломга ва мусулмон халқимизга хизмат қилиш йўлида энг тўғри маслакка эриштирсин.

Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

 

Юксак эҳтиром билан: Дунё мусулмон уламолари бирлиги ташкилотининг бош котиби фазилатли Шайх устоз доктор Муҳйиддин ҚОРАДОҒИЙ (Туркия, Робиъул аввал, 1438 ҳ)

 

 

Таржимон: Аброр Мухтор Алий

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Албатта, ислом дини бағрикенглик ва енгиллик динидир. Одамлардан машаққатларни кўтариш учун келган бу дин Аллоҳ таоло тарафидан мукаммал қилиб юборилган.Шунинг давоми...

4953 05:00 / 09.03.2017
Яқинда бир олимнинг китоби билан танишишга тўғри келди. Миср православ насронийлар черковининг раҳбарларидан бири, Миср Шўро Кенгаши парламентининг ахборот, давоми...

2152 15:00 / 13.01.2022
Энг буюк йўқотиш қачон бўлади Қачонки, инсон бу дунёга қайтиб кела олмаганда. Қачонки, кўзёшлар, узрлар фойда бермаганда. Қачонки, қалблар азобдан ёрилганда. давоми...

5818 16:35 / 04.01.2018
Илоҳий мўъжизалар ёхуд Британия музейидаги уч минг йиллик топилма кимга тегишлиСизу биз яшаб турган бу кўҳна очунда ҳар қадамда Яратганнинг беқиёс мўъжизаларига давоми...

2334 17:57 / 14.08.2020