Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 10 жумадул аввал | 2024 йил 12 ноябрь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Хутбада ваъз-насиҳат қилиш | Фиқҳ дарслари (255-дарс)

19:00 / 09.11.2023 1712 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қачон имом манбарга ўтирса, унинг олдида иккинчи азон айтилади. Одамлар унга юзланиб, қулоқ осадилар.

Бу ҳукмнинг далили қуйидагича:

عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا اسْتَوَى عَلَى الْمِنْبَرِ اسْتَقْبَلْنَاهُ بِوُجُوهِنَا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон минбарга чиқсалар, биз у зот томон юзланар эдик».

Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Имом минбарга чиққанида азон айтилиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидан буён борлиги ҳақидаги ривоятни яқинда ўрганиб ўтдик.

Имом хутба қилаётганда ҳамма нарса ўша хутбани эшитишга қаратилиши лозим. Шунинг учун хутбани эшитишга халақит берадиган ҳар бир нарса хутба пайтида ман қилинади.

Жумага ҳозир бўлганлар ичида беҳуда гап-сўз айтиб, беҳуда хатти-ҳаракат қилиш ман қилингандир.

Шунингдек, хутбани эшитмай, дуо қилиш ҳам мумкин эмас.

Ўзидан олдин масжидга келганларнинг елкасини туртиб, олдинга ўтиб, жой топишга ҳаракат қилиш ҳам яхши эмас.

Жума намозига борган одам ҳеч кимга ҳеч қандай озор бермасликка ҳаракат қилиши лозим.

Акса урган одамга соғлик тилаш ҳам жоиз эмас.

Саломга алик олиш ҳам дуруст эмас.

Қуръон қироати ҳам мумкин эмас.

Хулласи калом, ҳамма эҳтимом билан хутба тингласин.

Имом таҳоратли ва тик турган ҳолида иккита хутба қилади. Иккисининг орасида бир ўтириш бордир. Қачон иккиси тамом бўлса, иқома айтилади ва имом одамлар билан икки ракъат намоз ўқийди.

Ушбу жумлаларда келган ҳукмлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий қилган амалларидан олинган. Умуман, жума хутбаси ҳақида билиш лозим бўлган маълумотлар билан батафсилроқ танишиб қўйсак яхши бўлади. Жума хутбасига, хутба қилувчига оид суннат амаллар қуйидагилардан иборат:

1. Хатибнинг таҳоратли бўлиши.

2. Хатибнинг аврати сатрли бўлиши.

3. Хутбани минбарда туриб қилиш.

عَن جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَنَّ امْرَأَةً قَالَتْ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَلَا أَجْعَلُ لَكَ شَيْئًا تَقْعُدُ عَلَيْهِ؟ فَإِنَّ لِي غُلَامًا نَجَّارًا. قَالَ: «إِنْ شِئْتِ». فَعَمِلَتِ الْمِنْبَرَ. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир аёл:

«Эй Аллоҳнинг Расули, сизга устида ўтирадиган бир нарса қилиб берайми? Менинг дурадгор қулим бор», деди.

«Агар хоҳласанг», дедилар у зот. Шунда у минбар қилиб берди».

Учовлари ривоят қилишган.

Ўша ҳимматли саҳобиянинг исми Оиша бўлган экан. Дурадгор ғуломнинг исми эса Маймун.

Ушбу суҳбатдан кейин Маймун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга уч поғоналик минбар ясаган ва унинг хожа ойими мазкура Оиша розияллоҳу анҳо олиб келиб ўрнатган. Ўшандан бошлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур минбарда туриб хутба қилганлар.

Бу минбар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин ҳам узоқ вақт турган. Кейинчалик масжидга ўт кетганда куйиб кетган.

Минбарни меҳробнинг ўнг томонига ўрнатиш ҳам суннатдир. Минбар билан меҳробнинг ораси бир ёки икки аршин бўлгани яхши.

Минбарнинг иложи бўлмаганда баланд нарсада туриб хутба айтилади.

Имом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб, минбарнинг устидан бир поғона пастда туради.

4. Хутбани бошлашдан олдин минбарга ўтириш.

Бу қуйидаги ҳадисга биноан бўлади:

عَنِ السَّائِبِ بْنِ يَزِيدَ قَالَ: كَانَ النِّدَاءُ يَوْمَ الْجُمُعَةِ أَوَّلُهُ إِذَا جَلَسَ الْإِمَامُ عَلَى الْمِنْبَرِ عَلَى عَهْدِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَأَبِي بَكْرٍ وَعُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا مُسْلِمًا.

Соиб ибн Язийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Жума кунининг аввалги нидоси Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумонинг даврларида имом минбарга ўтирганда бўлар эди».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

5. Имом ўнгга ёки чапга қарамасдан, қавмга қараб туриши.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо қавмга юзланиб туриб хутба қилганлар.

6. Азонни битта муаззин айтиши.

7. Хутбани Аллоҳга ҳамду сано билан бошлаш.

8. Хутбада икки шаҳодатни айтиш.

9. Хутбада Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш.

10. Хутбада ваъз-насиҳат қилиш.

11. Хутбада Қуръондан бир оят бўлса ҳам қироат қилиш.

12. Хутбани иккита қилиш.

13. Икки хутбанинг орасида ўтириш.

14. Иккинчи хутбанинг аввалида ҳамду сано ва салавотни қайтариш.

15. Хутбада мўминлар ҳаққига дуо қилиш.

16. Хутбани баланд овоз билан қилиш.

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сўнгги асрдаги кўзга кўринган фиқҳий ўзгаришлардан энг эътиборлиси Ислом Фиқҳи Академиялари бўлди. Авваллари фиқҳ шахсий уриниш, ўқув юртлари, маҳаллий фиқҳий давоми...

4519 15:05 / 10.10.2019
. .Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пешин намозининг биринчи икки ракъатида .Фотиҳатул давоми...

4215 18:30 / 24.03.2022
. ,. . . ,. . , . . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Имом давоми...

2709 19:00 / 18.08.2022
Жунуб ва нифосли шахс каби, ҳайзли шахс ҳам, кичик бетаҳоратга хилоф ўлароқ, қироат қилмайди. Яъни, жунуб, нифосли ва ҳайзли шахслар Қуръон қироат қилишлари мумкин давоми...

2778 13:00 / 11.02.2021