1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Президент Шавкат Мирзиёев юртимиз ўқитувчи ва мураббийларини табриклади

17:33 / 30.09.2023 1544 pdf Ўқиш режими + -

Муҳтарам устоз ва мураббийлар!

Аввало, сизларни, таълим-тарбия соҳасининг барча жонкуяр ходимлари ва фахрийларини умумхалқ байрами – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Бугун биз мамлакатимизда миллати, тили, динидан қатъи назар, ҳар бир инсон ўз қобилияти ва истеъдодини, билим ва тажрибасини рўёбга чиқара оладиган ижтимоий давлат барпо этмоқдамиз. Шу мақсадда барча куч ва имкониятларимизни ёшларимизнинг интеллектуал ва жисмоний камолоти, уларнинг сифатли таълим олиб, ҳаётда муносиб ўрин эгаллашлари учун сафарбар этмоқдамиз.

Яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида таълим соҳасидаги ислоҳотларимиз ушбу нуфузли ташкилотнинг “Барқарор ривожланиш мақсадлари”га уйғун ва ҳамоҳанг экани эътироф этилгани барчамизни албатта хурсанд қилади.

Бу йил янги таҳрирдаги Конституциямизда илк бор ўқитувчи мақоми алоҳида белгиланиб, таълим тизимини ривожлантириш давлатнинг бош вазифалари қаторига киритилгани бежиз эмас. Чунки, жамият ҳаётида ўқитувчининг ўрни ва таъсири ошса – мактабнинг обрўйи ошади, илм-фан, таълим ва тарбия соҳасининг қадри кўтарилади. Муаллимнинг обрў-эътибори эса бу миллатнинг, бутун халқнинг обрў-эътиборидир.

Сўнгги йилларда биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли мамлакатимизда кўплаб янги боғчалар, мактаб ва олийгоҳлар барпо этилмоқда. Таълим-тарбия ва илм-фан муассасаларининг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳияти мустаҳкамланмоқда. Дарслик ва ўқув қўлланмаларининг янги авлоди яратилмоқда.

Соҳа ходимларининг машаққатли меҳнатини муносиб қадрлаш ва рағбатлантириш доимий эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда. Охирги етти йилда мактабгача таълим бўйича қамров даражасини 27 фоиздан 72 фоизга, олий таълимда эса 9 фоиздан 42 фоизга, олийгоҳларимиз сонини 77 тадан 212 тага етказишга эришганимиз, ҳеч шубҳасиз, энг муҳим ютуғимиздир.

Таълим-тарбия соҳасида қабул қилган дастурларимиз асосида кейинги вақтда 261 та янги ўрта таълим муассасасини қуриш, 2,5 мингта мактабни кенгайтириш ҳисобидан қўшимча 700 мингта ўқувчи ўрни яратилганини таъкидлаш лозим.

Бу йил хориждан таклиф этилган 500 нафар чет тили мутахассиси мактабларимизда иш бошлади. Келгуси йилларда уларнинг сонини 3 баробар оширамиз, 10-11-синфларда бир қатор фанларни ўқувчиларнинг танлови асосида чуқурлаштириб ўқитишни йўлга қўямиз.

Таълим соҳаси ходимларининг ўртача иш ҳақи 2 баробар кўпайтирилади. Минг нафар тарбиячи ва ўқитувчилар хорижий мамлакатларга малака ошириш ва стажировкага юборилади. Ўқитувчиларни ишга қабул қилиш, уларнинг малакасини ошириш ва тоифа бериш тизими ҳам такомиллаштирилади. Биз фарзандларимизни миллий ғурур, Ватанга муҳаббат, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга бундан буён ҳам устувор аҳамият қаратамиз.

Қадрли дўстлар!

Бугунги кунда мамлакатимизда мактаб таълимини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш умуммиллий ҳаракатга айланиб бормоқда. Хусусан, навоийлик Абдукарим Саксонов, самарқандлик Қуёш Ҳақбердиев, Илҳом Рустамов, бухоролик
Ойбек Намозов, қашқадарёлик Нурбек Эргашев каби ўнлаб тадбиркорларимиз ўз ҳудудларида янги мактаблар қургани, таълим даргоҳларини капитал реконструкция қилиб, замонавий асосда жиҳозлаб бергани, оҳангаронлик оқсоқол шоиримиз Барот ота Исроилов эса ҳовлисида кутубхона очиб, уни ўз ҳисобидан 10 мингта китоб билан таъминлаб, бу маърифат масканини қишлоқ ўқувчиларига совға қилгани ҳар қанча таҳсинга сазовор.

Сафлари тобора кўпайиб бораётган мана шундай инсонлар сиймосида биз жадид боболаримизнинг муносиб давомчиларини, уларнинг ушалаётган орзу ва интилишларини, Учинчи Ренессанснинг мустаҳкам пойдеворини кўрамиз.

Имкониятдан фойдаланиб, бундай фидойи, саховатли юртдошларимизга самимий миннатдорлик билдираман.

Муҳтарам юртдошлар!

Тараққиётимиз дастури бўлмиш “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида сизлар билан бирга таълим тизимини янада ривожлантириш бўйича янги мақсад ва режаларни белгилаб олдик.

Ана шу устувор вазифаларни амалга ошириш, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни зиммасига олишга қодир янги авлодни тарбиялаш барчамиздан катта куч-ғайрат, азму шижоат билан меҳнат қилишни талаб этади.

Мана шундай шарафли вазифани адо этишда мен сиз, муҳтарам устоз ва мураббийларга ҳар томонлама ёрдам ва кўмак беришга тайёр эканимни яна бир бор изҳор этиб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, олижаноб фаолиятингизда улкан муваффақиятлар, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

Ҳамиша соғ-омон бўлинг, муҳтарам устозлар!

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Манба
president.uz
Мавзуга оид мақолалар
Янги масжид Хорватия жанубидаги Дубровник шаҳрининг Горжес туманида қурилади, деб хабар беради Total Croatia News.Масжидни икки йилда қуриб битказиш режалаштирилган. давоми...

1803 10:30 / 20.04.2019
Миср Миллий кутубхонаси ва Миллий архив агентлиги Лондонда сотилиши тўхтатилган Қуръони каримнинг қўлёзма нусхаси мамлакатга қайтарилганини маълум қилди. Бу давоми...

2308 14:27 / 08.01.2019
Ҳукумат қарори 781сон, 14.12.2020 й. билан 20202025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллабқувватлаш миллий дастури тасдиқланди.Аҳоли, аввало, ёшларнинг давоми...

2226 14:00 / 15.12.2020
Жорий йилнинг 17 март куни Ўзбекистондаги барча жоме масжидларда пешин намоз ибодатидан сўнг, Куръон карим тиловати дуолари қилиш тавсия этилди. Бу ҳақда давоми...

2314 09:38 / 17.03.2019
Аудиолар

210815 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130080 14:35 / 11.08.2021