1446 йил 17 жумадул аввал | 2024 йил 19 ноябрь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Қуръонни унутишдан эҳтиёт бўлиш

11:00 / 19.08.2023 1729 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Қуръонни ўқиб, сўнг уни унутиб юборса, қиёмат куни Аллоҳ таолога қўли кесик ҳолда йўлиқади», дедилар.
Абу Довуд ва Дорамий ривоятлари.


Қуръон ўқувчи киши ундаги одобларга аҳамият бериши лозим. Аввало, қироатида ихлосли бўлиш ва у билан Аллоҳнинг розилигини талаб қилиш, бошқа нарсани мақсад қилмаслик, Қуръон хулқи билан хулқланиш, зеҳнни бир жойга қўйиб, ундаги маъноларни тадаббур қилиш талаб этилади. Қуръон тиловат қилаётганда Аллоҳга мурожаат қилаётганини ва Уни кўриб турган кишидек ҳис қилиши, агар Уни кўрмаётган бўлса, Аллоҳ уни кўриб турганини зеҳнига жойлаши лозим. 


Қуръон тиловат қилишни хоҳлаган киши оғзини мисвок ва шунга ўхшаш нарсалар билан тозалаши лозим бўлади. Мисвок арок дарахти шохидан бўлиши яхшироқ. Агар у топилмаса, бошқа нарсалар билан тозалашининг зарари йўқдир. Мисвок истеъмол қилинаётганда оғизни ўнг томонидан бошлаш ва суннатни бажараётганини ният қилиш керак. Мисвок истеъмол қилинаётиб: «Аллоҳумма барик лий фийҳи йа арҳамар роҳимийн» Яъни: «Эй раҳм қилувчиларнинг Раҳмлиси бўлган Аллоҳим, унда мен учун барака қилгин», деб айтади. 


Қуръонни хушуъ-хузуъ ва тадаббур билан ўқиш лозим. Мана шу талаб қилинган нарсадир. Шунда қалб юмшаб, нурга тўлади. Салаф уламолари ичида тадаббур қилиб бир оятни кечаси билан ёки кўп қисмида ўқиб чиққанлари бордир. Ва яна Қуръон ўқиб туриб, ҳушдан кетганлари ва вафот этганлари бор.  


Қуръон ўқувчи Қуръон ўқиётганида йиғлаши, агар йиғлай олмаса, ўзини йиғлашга мажбурлаши мустаҳабдир. Ана шундоқ қилиш орифларнинг сифати ва солиҳ бандаларнинг шиоридир. Бунга Аллоҳ таолонинг китобида:

وَيَخِرُّونَ لِلْأَذْقَانِ يَبْكُونَ وَيَزِيدُهُمْ خُشُوعًا 


«Улар йиғлаган ҳолларида юзлари билан йиқилурлар ва бу (Қуръон) уларнинг хушуъ-хокисорликларини зиёда қилур» (Исро сураси, 109-оят), деган далил бор.


Саййид Иброҳим ал-Хаввос роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Қалбнинг давоси бешта нарсада. Улар: тадаббур билан Қуръон ўқиш, қориннинг бўш бўлиши, кечаси қоим туриш, саҳар тонгда тазарруъ қилиш, солиҳ кишилар билан ўтириш». 


Қуръон тиловат қилувчининг Қуръон китобидан ўқиши ёддан ўқиганидан афзалдир. Салаф уламолари шундай дейишган. Аммо кимнинг тадаббури, фикрлаши, қалбини жамлаши Қуръондан  ўқиганидан кўра ёддан ўқиганида зиёдароқ бўлса, ёддан ўқигани афзалдир. Иккаласи баробар бўлса, Қуръон китобидан бўлгани афзал.

 
Тиловатда овозни баланд қилишнинг, шу билан бирга овозни чиқармасликнинг фазилати ҳақида ҳам уламоларнинг сўзлари бор. Риёдан қўрққан киши овозини чиқармасдан ўқигани афзалдир. Агар қўрқмаса, баланд овоз билан ўқигани яхши. Шу шарт биланки, атрофидагилар намоз ўқиётган, ухлаётган бўлмаслиги керак. Баланд овоз билан ўқиганда бошқаларга ҳам фойда бор. Чунки қалбни уйғотади, бутун вужудини фикрлашга чорлайди, уйқуни кетказиб, фаолликни зиёда қилади. 


Тиловат қилаётганда овоз чиройли қилинади. Аммо жуда чўзиб юборилмайди. Бирор ҳарф зиёда қилиниши ёки тушириб қолдирилиши ҳаромдир. Чўзиб ўқиш, агар ҳаддан ошмаса, зарари йўқ. Овозни чиройли қилиш ҳақида машҳур ҳадислар бор. Биз бу ерда озгинасини зикр қилдик, холос.


Тиловат қилувчи киши суранинг ўртасидан бошласа, бир-бирига боғлиқ сўзларнинг аввалидан бошлаши керак. Тўхтатганда ҳам бир-бирига боғлиқ сўзлар билан тўхтатади. Бошланиши, вақф, жузъ, ҳизб, ўндан бири деб эътибор қилмайди. Шунинг учун уламолар: «Бир суранинг ҳаммасини ўқиши узун сурадан бир миқдор ўқигандан афзал», дейишган. Чунки кўп ҳолат ва ўринларда бир-бирига боғлиқ нарсалар билинмай қолади.    

 
Кишиларга таровеҳ намозини ўқиб берувчи баъзи жоҳиллар, еттинчи кечада охирги ракъатда Анъом сурасини, бир йўла нозил бўлган деб гумон қилиб, ҳаммасини ўқиш мустаҳаб амал, деб айтишади. Бундан ташқари бу амалларига яна ҳар турлик бўлмагур далилларни ҳам келтирадилар. Бу  амаллари бидъатнинг ўзгинасидир. 


Бақара, Оли Имрон, Нисо, Анкабут ва бошқа сураларни ўз номи ила зикр қилиш лозим. Бу тўғрида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қанча ҳадислар келган. Шунингдек, Абу Амрнинг қироатлари, Ибн Касирнинг қироатлари ва булардан бошқаларни қироатлари деб айтишнинг ҳам кароҳияти йўқдир. Бу гапларни келтиришимиздан мақсад баъзи салаф олимлари бундай дейишни макруҳ деб айтишган. Масалан, Иброҳим Нахаий: «Улар фалончининг суннати, фалончининг қироати, деб сўйлашни кариҳ кўрардилар», деб айтганлар. Аммо, юқорида айтганимиздек, буларнинг зарари йўқ.

Унутдим деб айтишнинг кароҳияти.
Фалон оятни ва фалон сурани унутдим, деб айтиш кароҳиятлидир. Бунинг ўрнига унуттирилдим ёки мендан кетказилди, деб айтади.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирортангиз фалон-фалон оятни унутдим, демасин. Балки унуттирилди, десин», дедилар». 
Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.


Икковларининг бошқа ривоятларида: «Сизлардан бирортангизнинг фалон-фалон оятни унутдим, дейиши мунча ҳам ёмон, балки унуттирилди, десин», деганлар. 
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир киши Қуръон ўқиётганини эшитиб: «Аллоҳ уни раҳм қилсин, мен тушириб қолдирган оятни менга эслатди», дедилар».
Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.


Бошқа саҳиҳ бир ривоятда: «мендан унутилган», дейилган. 
 «Қори ва қироат одоблари» ҳақида маълумотни бир нечта мужаллад китоблар ҳам қамраб ололмайди. Энди, ким Қуръон одоблари ҳақида кўпроқ маълумот олишни хоҳласа, «Ат-тибйан фий адаби ҳамалатил Қуръан» китобига мурожаат қилсин.


Қуръон тиловати зикрларнинг энг афзалидир. Билгин, Қуръон тиловати зикрларнинг энг таъкидлисидир. Уни бардавом ўқиб юриш лозим. Бирор кун ва кеча қолдирмасдан ўқиш керак. Озгина оят ўқилса ҳам асл қироатни қўлга киритилаверади.


«Ал Азкор» китоби асосида тайёрланди

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Яҳё ибн Аксам айтади .Бир кеча мўъминлар амири Маъмуннинг ҳузурида ухладим. Кечанинг ярмида чанқоқликдан уйғониб кетдим. Уёқбуёққа ағанадим. Шунда Маъмун .Сенга давоми...

3440 09:00 / 16.03.2023
Ҳунайн ғазотида Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам баъзи инсонларга кўпроқ ўлжа бердилар. Ақраъ ибн Ҳобис ва Уяйна ибн Ҳиснга юзтадан туя бердилар. давоми...

1954 09:00 / 02.12.2023
Aллоҳ таоло бандасини илк гуноҳи сабабли шарманда қилмайди Бир йигит ўғирлик билан қўлга тушди. Уни тутиб, Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурига келтиришди. Ҳазрат давоми...

914 09:44 / 07 февраль
ndash Руҳий безовталикдан юқори даражада ҳимояndash Ҳузурҳаловат, хотиржамликка манбаиndash Иммунитетни кучайтирадиndash Руҳан, жисмонан соғломликndash Юрак хасталиги давоми...

2919 11:00 / 22.08.2021