Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Шафоат нима? | Ақийда дарслари (239-дарс)

19:00 / 08.08.2023 8864 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шафоат – Аллоҳ таолога илтижо қилиб, баъзи осий мўминларни афв қилишини сўрашдир. Ёки баъзи мўминларни икром қилиб, жаннатга ҳисоб-китобсиз киритишини сўрашдир. Шафоат Аллоҳ таоло томонидан шафоатчига берилган фазлдир. Бу шараф баъзи бандаларга уларнинг тақвоси, ибодати ва аҳли салоҳлиги туфайли Аллоҳ таоло томонидан берилади.

«Шафоат» луғатда бошқа бировга қўшилиб, унга ёрдам бериш ва ёнини олиб, бирор нарсани унинг учун сўрашни англатади. Кўпинча шафоат мартабаси ва ҳурмати юқори шахснинг ўзидан пастроқ одамнинг тарафини олиб, унга маънавий ёрдам бериши ила содир бўлади.

Қиёматдаги шафоат ҳам шундандир. Аллоҳнинг ҳузурида шафоат берувчилар ҳам гуноҳкорларга кўмак берадилар.

Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда қиёмат куни шафоат берилиши ҳақида бир қанча хабарлар келган.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида қуйидагиларни айтади:

ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠﯡ

«Унинг ҳузурида Ўзининг изнисиз ҳеч ким шафоат қила олмас» (255-оят).

Бу ҳам улкан сифатлардан бўлиб, Аллоҳнинг ва банданинг мақомини баён қилиб беради. Бандаларнинг барчаси, ким бўлишидан қатъи назар, Аллоҳнинг ҳузурида бандалигини тан олиб, туриб қоладилар. Бу бандаликни чуқур ҳис этиш шу даражага етганки, ҳатто ҳеч ким орага тушиб, бировга шафоатчилик қилишга ҳам журъат қила олмайди. Фақат Аллоҳнинг изни билангина, У берган изн чегарасидагина шафоат қила олади. Бу сифат ўтган оятдаги «...ва шафоатчилик йўқ» жумласидан истисно эканлигини билиб оламиз. Демак, умумий қоидага биноан, шафоатчилик йўқ, аммо истисно тариқасида, Аллоҳнинг изни билан баъзи кишилар шафоат қилишлари мумкин.

Аллоҳ таоло бошқа бир оятда қуйидагиларни айтади:

ﮃ ﮄﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ ﮊ ﮋ ﮌﮍ

«(У Зот) ишнинг тадбирини қиладир. Ҳеч бир шафоатчи йўқки, Унинг изнидан сўнг бўлмаса» (Юнус сураси, 3-оят).

Бу оятда ҳам шафоат фақатгина Аллоҳ таолонинг изни билан бўлиши таъкидланмоқда.

«(У Зот) ишнинг тадбирини қиладир».

Бу дунёда нима иш бўлса, ҳаммасининг тадбирини Аллоҳ қилади. Ҳар бир ишнинг аввали ҳам, охири ҳам, фойдаси ҳам, зарари ҳам, бўлиши ҳам, бўлмаслиги ҳам – ҳамма-ҳаммаси Аллоҳ таолога боғлиқдир. Ана шу сифатларга эга бўлган Зот бандаларига шафоатни ҳам жорий қилади.

«Ҳеч бир шафоатчи йўқки, Унинг изнидан сўнг бўлмаса».

Демак, Аллоҳнинг изнисиз ҳеч ким шафоатчи бўла олмайди.

Аллоҳ таоло Марям сурасида шафоат ҳақида қуйидагиларни айтади:

ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ

«Роҳман ҳузурида аҳду паймон олганлардан бошқа ҳеч ким шафоатга молик бўлмайди» (87-оят).

Қиёмат куни ҳеч ким бировни шафоат қила олмайди ва бировнинг шафоатидан баҳраманд ҳам бўла олмайди. Бундан мустасно бўладиганлар, шафоатга молик бўлганлар фақат Аллоҳнинг Ўзидан бу ҳақда аҳду паймон олганлардир, холос.

Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида:

ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ

«У Кунда Роҳман изн берган ва сўзидан рози бўлганлардан бошқага шафоат фойда бермас», деган (109-оят).

Қиёмат кунида ҳеч кимга шафоат фойда бермайди. Биров ўртага тушиб, бировни оқлай олмайди. Фақат Аллоҳ бу дунёдаги сўзидан – «Лаа илааҳа иллаллоҳу»ни айтганидан рози бўлиб, Ўзи шафоат қилинишига изн берган киши учунгина шафоат, иншааллоҳ, фойда беради.

Қиёматдаги шафоат ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар келган. Улардан баъзиларини ўрганиб чиқайлик.

عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «شَفَاعَتِي لِأَهْلِ الْكَبَائِرِ مِنْ أُمَّتِي». قَالَ مُحَمَّدُ بْنُ عَلِيٍّ: فَقَالَ لِي جَابِرٌ: يَا مُحَمَّدُ، مَنْ لَمْ يَكُنْ مِنْ أَهْلِ الْكَبَائِرِ فَمَا لَهُ وَلِلشَّفَاعَةِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менинг шафоатим умматимдан аҳли кабоирларгадир», дедилар».

Муҳаммад ибн Али айтади:

«Жобир менга: «Эй Муҳаммад! Ким аҳли кабоирлардан бўлмаса, унинг шафоат билан нима иши бор!» деди».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

عَنْ عَوْفِ بْنِ مَالِكٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «أَتَانِي آتٍ مِنْ عِنْدِ رَبِّي فَخَيَّرَنِي بَيْنَ أَنْ يُدْخِلَ نِصْفَ أُمَّتِي الْجَنَّةَ وَبَيْنَ الشَّفَاعَةِ، فَاخْتَرْتُ الشَّفَاعَةَ، وَهِيَ لِمَنْ مَاتَ لَا يُشْرِكُ بِاللهِ شَيْئًا». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менинг ҳузуримга Роббим ҳузуридан бир келувчи келди ва менга умматимнинг ярми жаннатга кириши ёки шафоат берилишидан бирини ихтиёр қилишимни сўради. Мен шафоатни ихтиёр қилдим. У Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмай ўлган одамгадир», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатлари мўмин ҳолида ўлган осий ва гуноҳкор мусулмонларгадир.

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «أَنَا أَوَّلُ النَّاسِ يَشْفَعُ فِي الْجَنَّةِ، وَأَنَا أَكْثَرُ الْأَنْبِيَاءِ تَبَعًا». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен жаннатга шафоат берувчи биринчи одамман. Мен набийлар ичида эргашувчиси энг кўпиман», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّ مِنْ أُمَّتِي مَنْ يَشْفَعُ لِلْفِئَامِ مِنَ النَّاسِ، وَمِنْهُمْ مَنْ يَشْفَعُ لِلْقَبِيلَةِ، وَمِنْهُمْ مَنْ يَشْفَعُ لِلْعَصَبَةِ، وَمِنْهُمْ مَنْ يَشْفَعُ لِلرَّجُلِ حَتَّى يَدْخُلُوا الْجَنَّةَ».

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, менинг умматимда бир катта жамоага шафоат қиладиган кимса бор. Уларнинг ичида бир қабилага шафоат қиладиган кимса бор. Уларнинг ичида бир уруққа шафоат қиладиган кимса бор. Уларнинг ичида бир кишига шафоат қиладиган кимса бор. Улар жаннатга киргунларича шафоат қиладилар», дедилар».

عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «يُشَفَّعُ الشَّهِيدُ فِي سَبْعِينَ مِنْ أَهْلِ بَيْتِهِ». رَوَاهُ أبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Шаҳид ўз аҳли байтидан етмиш кишини шафоат қилади», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

عَنْ عُثْمَانَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «يَشْفَعُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ ثَلَاثَةٌ: الْأَنْبِيَاءُ، ثُمَّ الْعُلَمَاءُ، ثُمَّ الشُّهَدَاءُ». رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ.

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қиёмат куни уч тоифа шафоат қилади: анбиёлар, уламолар ва шуҳадолар», дедилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 22 июлдаги 03-07/5979-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳнинг борлиги.Қадимги ақоид китобларида Аллоҳ таолонинг борлигига далил келтириш одат бўлмаган. Ўша вақтлардаги уламоларимиз Аллоҳ таолонинг борлигига ҳеч давоми...

3444 17:59 / 22.10.2018
Аллоҳга ширк келтириш турларидан яна бири бут ва санамларга сиғинишдир. Санам ўзига сиғинувчилар назарида юқори қувватга эга бўлиб, табиатдан устун туради. давоми...

4370 00:10 / 03.12.2016
islom.uz middot 010 Илм нима Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, ақийда ўта ишончли илмга асосланган бўлиши керак. Хурофот, хаёл, илҳом, оддий шаклдаги илм билан исломий ақийда давоми...

6925 13:02 / 21.09.2020
Бу умумий сарлавҳа остида ваҳий, набийлик, расуллик ва уларга тегишли масалалар ҳақида баҳс юритилади.Ваҳий нима.Ваҳий,нинг луғатдаги маъноси .махфийлик, ва давоми...

2787 17:58 / 23.10.2018