1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Аллоҳга ва унинг Расулига муҳаббат қиладиган шахс | Тазкия дарслари (240-дарс)

19:00 / 29.07.2023 1123 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуйида Аллоҳга ва Унинг Расулига муҳаббатлари билан тилларда достон бўлган авлод – саҳобалар авлоди вакилларидан бирига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам берган гувоҳлик ва унинг самараси ҳақида қисқача сўз юритамиз.

عَنْ سَلَمَةَ بْنِ الْأَكْوَعِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ عَلِيٌّ قَدْ تَخَلَّفَ عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم فِي خَيْبَرَ، وَكَانَ بِهِ رَمَدٌ، فَقَالَ: أَنَا أَتَخَلَّفُ عَنْ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم ، فَخَرَجَ عَلِيٌّ فَلَحِقَ بِالنَّبِيِّ r، فَلَمَّا كَانَ مَسَاءُ اللَّيْلَةِ الَّتِي فَتَحَهَا اللهُ فِي صَبَاحِهَا قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «لَأُعْطِيَنَّ الرَّايَةَ أَوْ لَيَأْخُذَنَّ الرَّايَةَ غَدًا رَجُلًا يُحِبُّهُ اللهُ وَرَسُولُهُ - أَوْ قَالَ: يُحِبُّ اللهَ وَرَسُولَهُ - يَفْتَحُ اللهُ عَلَيْهِ»، فَإِذَا نَحْنُ بِعَلِيٍّ وَمَا نَرْجُوهُ، فَقَالُوا: هَذَا عَلِيٌّ، فَأَعْطَاهُ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم الرَّايَةَ فَفَتَحَ اللهُ عَلَيْهِ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Хайбарда Али Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ортда қолган эди. Унинг кўзи оғриб қолган эди. У: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ортда қолар эканманми?!» деди-да, чиқиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб олди.

Аллоҳ фатҳ берган тонгга ўтар оқшом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Эртага туғни Аллоҳ ва Расули яхши кўрадиган [ёки Аллоҳ ва Расулини яхши кўрадиган] кишига бераман [ёки олади]. Аллоҳ унга фатҳ беради», дедилар.

Қарасак, Алий (келибди). Биз уни кутмаган эдик. «Мана Али», дейишди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғни унга бердилар. Аллоҳ унга фатҳ берди».

Икки шайх ривоят қилишган.

Бу ривоятдан кўзи қаттиқ оғриб, бетоб бўлиб ётган ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Хайбар ғазотига боролмай қолганларини тушуниб оламиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом лашкарларини олиб, Хайбарга жўнаб кетганлари ҳақидаги хабарни эшитган Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу хасталикларига қарамай, ўринларидан туриб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб олганлар...

Уларнинг буюклиги бундан бошқа нарсага изн бермайди. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу худди ана шу тоифадаги буюкларнинг ичида ҳам нодир шахслардан бири эди. У кишига Аллоҳ таоло томонидан берилган шахсий сифатларнинг Ислом ила тобланиши айнан ана шундай мўъжиза мисол шахсиятни юзага келтирган эди.

عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ يَوْمَ خَيْبَرَ: «لَأُعْطِيَنَّ هَذِهِ الرَّايَةَ رَجُلًا، يَفْتَحُ اللهُ عَلَى يَدَيْهِ، يُحِبُّ اللهَ وَرَسُولَهُ، وَيُحِبُّهُ اللهُ وَرَسُولُهُ»، قَالَ: فَبَاتَ النَّاسُ يَدُوكُونَ لَيْلَتَهُمْ أَيُّهُمْ يُعْطَاهَا، فَلَمَّا أَصْبَحَ النَّاسُ غَدَوْا عَلَى رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم ،كُلُّهُمْ يَرْجُو أَنْ يُعْطَاهَا، فَقَالَ: «أَيْنَ عَلِيُّ بْنُ أَبِي طَالِبٍ»، فَقِيلَ: هُوَ يَا رَسُولَ اللهِ يَشْتَكِي عَيْنَيْهِ، قَالَ: «فَأَرْسِلُوا إِلَيْهِ فَأْتُونِي بِهِ»، فَبَصَقَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم فِي عَيْنَيْهِ، وَدَعَا لَهُ، فَبَرَأَ حَتَّى كَأَنْ لَمْ يَكُنْ بِهِ وَجَعٌ، فَأَعْطَاهُ الرَّايَةَ، فَقَالَ عَلِيٌّ: يَا رَسُولَ اللهِ، أُقَاتِلُهُمْ حَتَّى يَكُونُوا مِثْلَنَا، فَقَالَ: «انْفُذْ عَلَى رِسْلِكَ حَتَّى تَنْزِلَ بِسَاحَتِهِمْ، ثُمَّ ادْعُهُمْ إِلَى الْإِسْلَامِ، وَأَخْبِرْهُمْ بِمَا يَجِبُ عَلَيْهِمْ مِنْ حَقِّ اللهِ فِيهِ، فَوَاللهِ لَأَنْ يَهْدِيَ اللهُ بِكَ رَجُلًا وَاحِدًا خَيْرٌ لَكَ مِنْ أَنْ يَكُونَ لَكَ حُمْرُ النَّعَمِ». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар куни:

«Албатта, ушбу байроқни Аллоҳ унинг қўли ила фатҳ қиладиган, Аллоҳни ва Унинг Расулини яхши кўрадиган ва Аллоҳ ҳамда Унинг Расули уни яхши кўрадиган кишига берурман», дедилар.

Одамлар кечаси билан унинг кимларга берилиши ҳақида гаплашиб чиқдилар. Тонг оттирганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордилар. Ҳаммалари унинг ўзига берилишини орзу қилар эди. Бас, у зот:

«Али ибн Абу Толиб қани?» дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, унинг икки кўзидан шикояти бор», дейишди.

«Одам юбориб, уни менга олиб келинглар», дедилар у зот.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг икки кўзига туфладилар ва ҳаққига дуо қилдилар. Худди хаста бўлмагандек тузалиб кетди. Бас, у зот унга байроқни бердилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, уларга қарши то биз каби бўлгунларича уруш қиламанми?!» деди.

«Сен шошилмасдан уларнинг қаршисига бор. Сўнгра уларни Исломга даъват қил. Уларга вожиб бўлмиш Аллоҳнинг ҳақлари тўғрисида хабар бер. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сенинг сабабингдан бир кишини ҳидоятга солмоғи сен қизил туяларинг бўлишидан яхшидир», дедилар».

Икки шайх ривоят қилишган.

Бу ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизаларидан бирининг шоҳиди бўлмоқдамиз. Беморнинг кўзларига дам солиб, дуо қилишлари билан худди кўрмагандек бўлиб тузалиши катта мўъжизадир. Бу иш ўша пайтда у зотнинг ҳар бир ҳаракатларини синчковлик билан кузатиб турган дўсту душманнинг орасида бўлгани билан ҳам эътиборга сазовордир.

Ушбу ҳадиси шарифдан яна бир улкан исломий ҳақиқатни англаб оламиз: Мусулмонлар фатҳ ишларини уруш учун эмас, кишиларни яхшиликка, Исломга даъват қилиш учун олиб борганлар. Агар уруш қилиш ниятлари бўлса, Хайбар аҳли ўша ишга лойиқ эдилар.

Ўша пайтда Хайбар Исломга ва мусулмонларга қарши халқаро марказга айланган эди. У ердан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши, Ислом давлатига қарши турли иғво ва ҳаракатлар тинмай чиқиб турган эди. Ўша кундан аввал уруш ҳам бўлган эди.

Шундай бўлса ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан байроқни олган ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу уларга қарши ўзларига ўхшагунча уруш қилишлари ҳақидаги масалани яна бир бор сўрадилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлсалар яна бир бор уларни масалани тинч йўл билан ҳал қилишга, Исломга даъват қилишга иршод қилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хайбар куни Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳуга:

«Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сенинг сабабингдан бир кишини ҳидоятга солмоғи сен учун қизил туяларинг бўлишидан яхшидир», дедилар».

Ўша пайтда араблар учун энг гўзал ва мўътабар мулк айни етилиб, қизғиш тусга кирган туя ҳисобланган. Шунинг учун сўнгги жумлани «қизил туяларинг бўлиши» деб ҳам, «ана шундай қимматбаҳо мулкни садақа қилишдан яхши» деб ҳам тушунса бўлади.  Манашу муборак кўрсатма, мусулмонларнинг фатҳ ишларидаги шиори бўлиб қолган эди...

عَنْ جَابِرِ بْنِ سَمُرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: إِنَّ عَلِيًّا رَضِي اللهُ عَنْهُ حَمَلَ الْبَابَ يَوْمَ خَيْبَرَ حَتَّى صَعِدَ الْمُسْلِمُونَ فَفَتَحُوهَا، وَأَنَّهُ جُرِّبَ فَلَمْ يَحْمِلْهُ إِلَّا أَرْبَعُونَ رَجُلًا. رَوَاهُ ابْنُ عَسَاكِرَ.

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Хайбар куни Али дарвозани кўтариб турди. Мусулмонлар унинг устидан кўтарилиб, у(қалъа)ни фатҳ қилишди. Кейин уни кўтаришга ҳаракат қилинди, қирқ кишигина кўтара олди».

Ибн Асокир ривоят қилган.

Кўп ўтмасдан, «Қамус» қалъасининг ичкарисидан Аллоҳ лашкарларининг «Аллоҳу Акбар! Енгилди Хайбар!» деган ғалаба садолари янгради.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яна бир мўъжизалари собит бўлди: Аллоҳга ва Унинг Расулига муҳаббат қиладиган шахс – ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг қўллари ила Хайбар фатҳ қилинди.

«Руҳий тарбия» китобининг 2-жузи асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Байҳақий Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади .Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, .Эй Аллоҳнинг Расули Менга давоми...

4724 05:00 / 01.03.2017
Аллоҳ таоло .Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Уларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Уларда абадий қолурлар. Ана давоми...

3866 05:00 / 28.02.2017
Биринчи офат аҳамиятсиз нарсалар ҳақида гаплашишдир. Билгил, энг яхши ҳолат барча офатлар ғийбат, чақимчилик, ёлғон, тортишув, мужодала ва бошқалардан тилингни давоми...

4868 05:00 / 01.03.2017
1. Фосиқлик ҳаром. Ундан наҳйи қилинган, яъни у Ислом динида буткул тақиқланган. Фосиқ шахс гуноҳкор бўлади, фисқига қараб жазога тортилади ва таъзир берилади. 2. давоми...

3491 17:30 / 14.08.2021