Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 2 рабиъус сони | 2024 йил 05 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ким ҳақ эканини бандалар эмас, Аллоҳ таоло аниқлайди | Ақийда дарслари (237-дарс)

19:00 / 24.07.2023 2358 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мўмин-мусулмон киши қиёмат куни тарози бўлишига ва унда ҳар бир одамнинг бу дунёда қилган амаллари ўта аниқлик билан тортилишига жазм ила эътиқод қилмоғи лозим. Чунки бу ҳақда Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда ҳеч қандай таъвилни кўтармайдиган равишда очиқ-ойдин иборалар билан хабарлар келган.

Аллоҳ таоло Анбиё сурасида:

ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ

«Қиёмат куни учун адолат мезонларини қўюрмиз. Бирор жонга ҳеч қандай зулм қилинмас. Агар (амал) ачитқи донаси оғирлигича бўлса ҳам, келтирамиз. Ҳисобчиликда Ўзимиз кифоя қилурмиз», деган (47-оят).

Қиёмат қоим бўлгандан кейин дод-войларга, эътирофларга, тавба-тазарруларга ва ёлворишларга қаралмайди.

«Қиёмат куни учун адолат мезонларини қўюрмиз».

У мутлақ адолат тарозиси бўлади. Ҳаммага бир хил муносабатда бўлинади.

«Бирор жонга ҳеч қандай зулм қилинмас».

Фойдасидан камайтирилмайди, зарарига қўшилмайди.

«Агар (амал) ачитқи донаси оғирлигича бўлса ҳам, келтирамиз».

Ачитқи донаси жуда кичик бўлади. Агар инсоннинг бу дунёда қилган яхшию ёмон амали ўша кичик доначалик оғирликка эга бўлса ҳам, ҳисобга олинади. Яъни ҳеч бир амал эсдан чиқарилмайди.

«Ҳисобчиликда Ўзимиз кифоя қилурмиз».

Бизга бошқа ҳисобчининг кераги йўқ.

Демак, қиёмат куни келмасидан олдин ҳаракат қилиб қолиш керак. Унга тайёргарлик кўриш лозим.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида:

ﮘ ﮙ ﮚﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ

«Ўша куни тортиш ҳақдир. Бас, кимларнинг тарозилари оғир келса, ана ўшалар – ҳа, ўшалар зафар топувчилардир», деган (8-оят).

Қиёмат куни фақат савол-жавоб билан кифояланиб қолинмайди. Балки ундан ҳам дақиқроқ ишлар бўлади. Ҳар бир инсоннинг қилган амаллари тарозига солиб тортилади. Бу тарози аниқ ишлайдиган тарози бўлиб, зарранинг оғирлигини ҳам сезади. Ана ўша тортишда кимнинг амаллари оғир келса, у нажот топади, жаннатга киради.

Аллоҳ таоло Шууро  сурасида:

ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ

«Аллоҳ ҳақ ила Китобни ва мезонни нозил қилган Зотдир. Қаердан билурсан, эҳтимол, Соат яқиндир!» деган (17-оят).

Одамлар ўзларича, мен ҳақман, деб талашиб-тортишиб юрибдилар. Ҳар ким ўзини ҳақ, ўзгани ноҳақ билади. Ҳар ким ҳақни ёки ноҳақни ўз қаричи билан ўлчайди.

Ҳолбуки, «Аллоҳ ҳақ ила Китобни ва мезонни нозил қилган Зотдир».

Ким ҳақ эканини бандалар эмас, балки бандаларнинг Робби Аллоҳ таоло аниқлайди. Бунинг учун У Зот ҳақ ила китобни нозил қилиб қўйди. Ким Аллоҳ нозил қилган китобга мувофиқ иш тутса, ҳақ бўлади. Ким Аллоҳ нозил қилган китобга хилоф иш тутса, ноҳақ бўлади.

Шунингдек, бандаларнинг амаллари, ахлоқлари, тасарруфотлари ўша тарози ўлчовида қийматли бўлса, нажот топади. Кимники вазнга эга бўлмаса, ҳалокатга учрайди. Буларнинг ҳаммаси қиёматда маълум бўлади.

«Қаердан билурсан, эҳтимол, Соат яқиндир!»

Кўз юмиб-очгунча қоим бўлиб қолар. Шунинг учун ўша соатга, ўша ўлчовга доим тайёр тургин.

Аллоҳ таоло Муъминун сурасида қуйидагиларни айтади:

ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿ ﰀ ﰁ ﰂ

«Кимнинг тарозиси оғир келса, бас, ана ўшалар зафар топувчилардир. Кимнинг тарозиси енгил келса, бас, ана ўшалар ўзларига зиён қилибдилар. Жаҳаннамда мангу қолувчи бўлибдилар» (102-103-оятлар).

Қиёматдаги тарози ва амалларни тортиш ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар келган. Баъзилари билан танишиб чиқайлик.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا أَنَّهَا ذَكَرَتِ النَّارَ فَبَكَتْ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَا يُبْكِيكِ؟» قَالَتْ: ذَكَرْتُ النَّارَ فَبَكَيْتُ، فَهَلْ تَذْكُرُونَ أَهْلِيكُمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ؟ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «أَمَّا فِي ثَلَاثَةِ مَوَاطِنَ فَلَا يَذْكُرُ أَحَدٌ أَحَدًا: عِنْدَ الْمِيزَانِ حَتَّى يَعْلَمَ أَيَخِفُّ مِيزَانُهُ أَوْ يَثْقُلُ، وَعِنْدَ الْكِتَابِ حَتَّى يَعْلَمَ أَيْنَ يَقَعُ كِتَابُهُ أَفِي يَمِينِهِ أَمْ فِي شِمَالِهِ أَمْ مِنْ وَرَاءِ ظَهْرِهِ، وَعِنْدَ الصِّرَاطِ إِذَا وُضِعَ بَيْنَ ظَهْرَيْ جَهَنَّمَ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«У киши дўзахни эслаб йиғладилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сени нима йиғлатяпти?» дедилар.

«Дўзахни эслаб йиғладим. Қиёмат куни аҳли аёлларингизни эслайсизларми, эй Аллоҳнинг Расули?» деди.

«Уч жойда биров бировни эсламайди. Тарози олдида, то тарозиси енгил келадими, оғир келадими, билгунича. Китоб (берилиши) вақтида, то китоби ўнгдан тушадими ёки чапданми ёхуд олдинданми, билгунича. Сирот жаҳаннамнинг икки қирғоғига қўйилганда», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифдан бандаларнинг амалларини тарозида тортиш палласи қиёмат кунининг энг оғир уч палласидан бири эканини билиб оламиз. Ўша паллада ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлиб, бошқани эслашга имкони бўлмас экан. Чунки ҳамма учун тарозиси оғир келиши лозим бўлиб қолади. Ҳамма тарозим енгил келиб қолмаса эди, деган ташвишда бўлади. Аллоҳ таоло ўша пайтда тарозимизнинг оғир келишини насиб қилсин!

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَأَلْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنْ يَشْفَعَ لِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ، فَقَالَ: «أَنَا فَاعِلٌ». قَالَ: قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، فَأَيْنَ أَطْلُبُكَ؟ قَالَ: «اطْلُبْنِي أَوَّلَ مَا تَطْلُبُنِي عَلَى الصِّرَاطِ». قَالَ: قُلْتُ: فَإِنْ لَمْ أَلْقَكَ عَلَى الصِّرَاطِ؟ قَالَ: «فَاطْلُبْنِي عِنْدَ الْمِيزَانِ». قُلْتُ: فَإِنْ لَمْ أَلْقَكَ عِنْدَ الْمِيزَانِ؟ قَالَ: «فَاطْلُبْنِي عِنْدَ الْحَوْضِ، فَإِنِّي لَا أُخْطِئُ هَذِهِ الثَّلَاثَ الْمَوَاطِنَ».

 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан қиёмат куни мени шафоат қилишларини сўрадим. Шунда у зот:

«Мен шундай қилурман», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули! Сизни қаердан излай?» дедим.

«Аввало мени излаганда сиротдан изла», дедилар.

«Сизни сирот устида топмасам-чи?» дедим.

«Тарози олдидан изла», дедилар.

«Сизни тарози олдида ҳам топмасам-чи?» дедим.

«Унда мени ҳовузнинг олдидан изла. Мен шу уч жойдан бирида бўламан», дедилар».

Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёмат куни сирот, тарози ва ҳовуз орасида бориб-келиб турадилар. Ўзларининг шафоатларига сазовор умматларига мазкур уч жойдан бирида йўлиқадилар. Аллоҳ таоло барчамизга ўша кунда у зотга йўлиқиб, шафоатларига сазовор бўлишни насиб этсин.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنَ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ اللهَ سَيُخَلِّصُ رَجُلًا مِنْ أُمَّتِي عَلَى رُءُوسِ الْخَلَائِقِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ، فَيَنْشُرُ عَلَيْهِ تِسْعَةً وَتِسْعِينَ سِجِلًا، كُلُّ سِجِلٍّ مِثْلُ مَدِّ الْبَصَرِ، ثُمَّ يَقُولُ أَتُنْكِرُ مِنْ هَذَا شَيْئًا؟ أَظَلَمَكَ كَتَبَتِي الْحَافِظُونَ؟ فَيَقُولُ: لَا يَا رَبِّ. فَيَقُولُ: أَفَلَكَ عُذْرٌ؟ فَيَقُولُ: لَا يَا رَبِّ. فَيَقُولُ: بَلَى، إِنَّ لَكَ عِنْدَنَا حَسَنَةً، فَإِنَّهُ لَا ظُلْمَ عَلَيْكَ الْيَوْمَ فَتَخْرُجُ بِطَاقَةٌ فِيهَا أَشْهَدُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، وَأَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ، فَيَقُولُ: احْضُرْ وَزْنَكَ. فَيَقُولُ: يَا رَبِّ، مَا هَذِهِ الْبِطَاقَةُ مَعَ هَذِهِ السِّجِلَّاتِ؟ فَقَالَ: إِنَّكَ لَا تُظْلَمُ. قَالَ: فَتُوضَعُ السِّجِلَّاتُ فِي كَفَّةٍ، وَالْبِطَاقَةُ فِي كَفَّةٍ، فَطَاشَتِ السِّجِلَّاتُ وَثَقُلَتِ الْبِطَاقَةُ، فَلاَ يَثْقُلُ مَعَ اسْمِ اللهِ شَيْءٌ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Албатта, Аллоҳ таоло қиёмат куни менинг умматимдан бир кишини халойиқнинг олдида турғизиб қўяди-да, унинг устидан тўқсон тўққизта дафтарни очади. Ҳар бир дафтарнинг узунлиги кўз етгунча бўлади. Сўнгра Аллоҳ:

«Мана шундан бирор нарсани инкор қиласанми? Ёзувчи фаришталарим сенга зулм қилдиларми?» дейди.

«Йўқ, эй Роббим!» дейди.

«Узринг борми?!» дейди. «Йўқ, эй Роббим!» дейди.

«Худди шундай. Албатта, Бизнинг ҳузуримизда сенинг бир дона яхшилигинг бор. Бугун сенга зулм қилиш йўқ», дейди. Кейин бир варақа чиқарилади. Унда «Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу», деб ёзилган бўлади. Бас, У Зот:

«Тортишингга ҳозир бўл!» дейди.

«Эй Роббим! Манави варақа ва манави дафтарлар нима?» дейди.

«Албатта, сенга зулм қилинмас», дейди.

Бас, дафтарлар бир паллага ва варақа бир паллага қўйилади. Дафтарлар енгил келади. Варақа оғир келади. Аллоҳнинг исмидан ҳеч нарса оғир келмас».

Термизий ривоят қилган.

Аллоҳ таолога ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириш қиёмат куни тарози босадиган асосий нарсалигини шундан билиб оламиз.

Биз мазкур тарозининг нави, жавҳари, сони, шакли ва кайфияти ҳақида баҳс ҳам, фикр ҳам юритмаслигимиз лозим. Бу каби тафсилотлар илмини Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола қилиб, оят ва ҳадисда келган маънога иймон келтирамиз.

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 22 июлдаги 03-07/5979-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Одамлар Расулуллоҳ алайҳиссаломдан яхшилик ҳақида сўрар эдилар. Мен ўзимга етиб қолмасин деб хавфсираб ёмонлик ҳақида сўрар эдим. Бас, у зотга .Эй Аллоҳнинг давоми...

4825 23:46 / 02.12.2016
ТАҚДИМАллоҳ номи ила қувилган шайтоннинг ёмонлигиндан паноҳ сўрайман Сен Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёт ва мамотим оламларнинг Роббиси Аллоҳ учундир. Унинг давоми...

22841 00:42 / 03.12.2016
5. Аллоҳ таоло Фотир сурасида .Осмонлару ерни йўқдан бор қилган, фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин. У Зот давоми...

2487 19:00 / 24.08.2022
Оламнинг Роббиси бўлган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Унинг Расули Муҳаммадга салот ва саломлар бўлсин. У зоти шариф Роббисининг ваҳийсини одамларга етказди, давоми...

34668 17:04 / 08.01.2017
Аудиолар

131081 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51606 14:35 / 11.08.2021