1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Қуръоннинг ёқилиши: Айрим давлатлар нега бунга имкон беради?

10:29 / 09.07.2023 2481 pdf Ўқиш режими + -

Ғарбдаги ҳозирги сиёсий тафаккурнинг шаклланишида католик черкови билан тарихий кураш катта ўрин тутган, шу сабаб динни танқид қилишга эркинлик деб қаралади. Ислом дунёси эса бунга рози бўлмайди. Охирги вақтларда эркинлик эмас, шахснинг қадр-қиммати бирламчи экани ниҳоят тушуниб етиляпти. Шундай бўлса-да, айрим давлатларда исломофоб акцияларга судлар даражасида рухсат бериш давом этмоқда.

Ўтган ҳафта, Қурбон ҳайити кунлари Швецияда яна Қуръон ёқиш акцияси бўлди. Бу биринчи марта эмас. Ўтган йиллар давомида, Швециядаги ашаддий миллатчилар ислом ва мусулмонларга нисбатан нафратини ифодалаш учун бир неча марта Қуръон ёқиш акцияларини ўтказди.

Лекин бу сафар муқаддас китобни ашаддий швед миллатчилари ёққани йўқ. Бу иш, асли ироқлик бўлган, 37 ёшли Салван Момика исмли шахс томонидан амалга оширилди. У Швецияда қочқин сифатида яшаб келади. Муҳожир. Салван Момика ва унинг тарафдорлари йил бошидан буён бир неча марта ушбу акцияни ўтказишга ҳаракат қилиб келгани айтилади.

Салван Момиканинг мотивлари ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Қолаверса, у ўзини мусулмон деб ҳисоблайдими ёки бугунги кунда динсизми – бу ҳақда ҳам хабарлар етишмайди. Салван бу намойишни ўтказиш учун Стокҳольм полициясидан рухсат сўраганда, полиция унга рад жавоби беради. Полиция буни провокация сифатида баҳоланишидан хавотирда эканини айтади. Шундай сўнг, Салван ва унинг тарафдорлари судга мурожаат қилиб, ўзларининг сўз ва фикр эркинлиги таъминланишини талаб қилади. Натижада, суд ушбу намойишни ўтказиш учун рухсат бергач, Стокҳольм полицияси ушбу акцияга рухсат бергани айтилади. Шу билан бирга, полиция унга қарши “этник гуруҳга қарши қаратилган тарғибот” гумони билан иш очган.

Қуръонни Стокҳольмдаги энг йирик масжид ёнида ёққан Салван Момиканинг бу иши, шу заҳотиёқ глобал эътирозларга ва бўлинишларга сабаб бўлди. Католик черковнинг бошлиғи, Рим папаси Қуръон ёқилишини қаттиқ танқид қилиб, ҳар қандай диний китобларни ёқиш – диндорларнинг ҳиссиётларини таҳқирлаш эканини билдирди.

Европа Иттифоқи институтлари номидан ҳам алоҳида баёнот чиқарилиб, унда шундай дейилган: “Қуръоннинг ёки ҳар қандай диний китобларнинг ёқилиши таҳқирловчи, ҳурматсизлик ҳисобланади, ва аниқки, бу провокациядир. Бу каби расизм, ксенофобия ва шу қарашлар билан боғлиқ бўлган тоқатсизликларга Европада ўрин йўқ. Қолаверса, бу иш мусулмонлар учун муқаддас бўлган Қурбон Ҳайити кунлари қилиниши – янада ачинарлидир”. Қуръон ёқилишини АҚШ ҳам қоралаган.

Россия Давлат Думаси қўмитаси ва депутатлари ҳам Қуръон ёқилишини танқид қилган. Лекин, шу ўринда Россиянинг ислом ва мусулмонлар борасидаги сиёсати анча зиддиятли. Агар ғарб давлатлари ҳаммага бирдек эркинлик бериб, бу эркинликлар ксенофобияга сабаб бўлиши кузатилса, Россияда вазият бошқача. Расман, Россия исломофобияни ва ксенофобияни тез-тез танқид қилиб турса-да, амалда Россия ичидаги мусулмонлар босимда экани маълум. Россия пойтахти Москвада, йиллар давомида жомеъ масжидлар етишмаслиги ҳам, бу давлатдаги яширин исломофобия даражаси юқори эканини кўрсатади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Швецияда Қуръон ёқилишини танқид қилиб, бу ҳолатни радикализм ва экстремизм билан боғлади. Яъни, радикализм ва экстремизм диний ҳам, аксилдиний ҳам бўлиши мумкинлиги билдирилди.

Хўш, нега ғарб давлатларида Қуръон ёқилишига имконият беришади? Ғарбда сиёсий эркинликлар, фуқаролик ҳуқуқлари кейинги беш асрда айнан христиан дини, Католик черкови ва қисман протестантизм билан курашиб, дунёга келган. Яъни динни танқид қилиш, ғарбда шаклланган сиёсий тафаккурга кўра, сиёсий эркинликларнинг шарти ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, ғарбий Европада ва умуман, ғарб цивилизациясида, динни танқид қилиш – фикрлаш эркинлиги сифатида баҳолаб келинади.

Хўш, унда, сўз ва фикр эркинлигининг мақсади нима? Инсон қадр-қиммати, шаъни ва хавфсизлигини таъминлаш! Энди агар диний қарашлар ва қадриятларни таҳқирлаш, жумладан, мусулмонлар учун ҳақоратли деб қабул қилинадиган ишлар ҳам “эркинлик” деб қабул қилиниши мумкинми? Бошқача қилиб айтганда, бир инсоннинг эркинлиги, бошқа инсон учун ҳақорат бўлиши мумкинми? Аслида йўқ.

Лекин, бугун инсоният ҳар хил қадриятлар билан глобал дунёга кириб келмоқда.

Ғарб цивилизацияси учун, эркинлик диний ҳиссиётлардан устун кўрилади. Чунки, ғарбда диний ўзлик ва ҳиссиётлар тарихан сўниб бўлган. Бугунги ғарб – пост-христиан дунёси ҳисобланади. Лекин мусулмон дунёсида диний қадриятлар ва қарашлар кучли.

Айни пайтда, дунёда эркинликлар ва инсон қадр-қиммати борасида янги қараш, янги мувозанат шаклланмоқда. Мисол учун, бир-икки ўн йилликлар олдин кўпгина ғарб давлатларида диний қарашларни таҳқирлаш фақат эркинлик деб кўрилар эди. Бугун, бир неча зиддиятлар ва катта можаролардан сўнг, глобал тафаккур ўзгармоқда. Инсон қадр-қиммати борасида янги қараш шаклланмоқда. Жумладан, эркинлик ҳам, диний қарашлар ҳам бирламчи эмас, балки инсон қадр-қиммати асосий мезон бўлиши, айнан инсон қадр-қиммати орқали эркинлик ва диний ҳиссиётлар тарозида тортилиши керак деган тафаккур кучайиб бормоқда.
Швецияда Қуръон ёқилиши фонида, Ўзбекистон томонидан танқидий баёнот бўлиши – муҳим иш. Ўзбекистон минтақадаги ва пост-совет ҳудудидаги энг катта мусулмон жамияти ҳисобланади. Дунёвий давлат сифатида Ўзбекистон барча инсонларга виждоний ва диний танлов ҳамда эркинлик бериш, таъминлаш масъулиятини олган. Айни пайтда, ксенофобия ва исломофобияга қарши глобал кампанияга Ўзбекистоннинг ҳам қўшилиши – келажакдаги зиддиятлар ва провокацияларни олдини олишга қаратилган яхши бир қадам бўлди.

Манба
Kun.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори Маълумки, 1937ndash1953 йилларда мустабид тузум томонидан 100 мингдан зиёд халқимиз вакиллари қатағон сиёсатининг давоми...

797 12:57 / 23 июль
Мадриддаги Ислом маданияти ва диний бағрикенглик институтиrdquoнинг очилишига Испания университетларидан 200 нафар ўқитувчи ва мамлакат хорижий элчихоналарнинг давоми...

2303 11:08 / 17.12.2018
Илк бор ўзбек тилига таржима қилинган .Олим бола, дастури болажонларга Ислом динини ўргатувчи ажойиб ўйиндир. Ушбу дастур орқали фарзандларингиз ақлни чархловчи давоми...

43040 15:46 / 15.12.2020
Жорий йилнинг 2 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳаж сафарига кетаётган зиёратчилар билан мулоқот ўтказилди.Учрашувда Шайх Абдулазиз Мансур Саудия давоми...

1706 09:00 / 03.08.2019
Видеолар
Аудиолар

137615 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57681 14:35 / 11.08.2021