Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (237-дарс) Намоздаги шак ҳақида

19:00 / 06.07.2023 2060 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

شَكَّ أَوَّلَ مَرَّةٍ أَنَّهُ كَمْ صَلَّى؟ اسْتَأْنَفَ، وَإِنْ كَثُرَ أَخَذَ بِغَالِبِ ظَنِّهِ، وَإِنْ لَمْ يَغْلِبْ فَبِالْأَقَلِّ، لَكِنْ يَقْعُدُ حَيْثُ تَوَهَّمَهُ آخِرَ صَلَاتِهِ.

Биринчи бор қанча ўқигани ҳақида шакка тушган одам намозни янгитдан ўқийди. Агар шаки кўпайган бўлса, гумонининг ғолиб тарафини олади. Агар ғолиб бўлмаса, озини олади. Лекин намозининг охири деб ўйлаган жойида ўтиради.

Қанча ўқигани ҳақида биринчи бор шакка тушган одам намозни янгитдан ўқийди.

Намозда неча ракъат ўқиганини билмай, шак қилиб қолди. Учми, тўртми, билмайди. Агар бу унинг умридаги биринчи унутиши бўлса, намозни янгитдан бошлайди.

Агар шаки кўпайган бўлса, гумонининг ғолиб тарафини олади.

Агар унутиши кўп бўлса, ғолиб гумонга бино қилади.

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон бирингиз намозда шакка тушиб қолса, бас, қанча ўқиганини билмай қолса, уч ракъатми, тўрт ракъатми, бас, шакни ташласин ва ўзи қаттиқ ишонган томонига бино қилиб ўқисин. Сўнгра салом беришидан олдин икки марта сажда қилсин. Агар беш ракъат қилган бўлса, ўша икки сажда унинг намозини жуфтга айлантиради. Агар тўрт ракъатни тамом қилиш учун ўқиган бўлса, у икки сажда шайтоннинг бурнини ерга ишқаган бўлади», дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган.

Агар ғолиб бўлмаса, озини олади.

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон бирортангиз намозида унутиб қолиб, бир ракъат ўқидими, икки ракъат ўқидими, билолмай қолса, бир ракъат ўқидим, деб олсин. Агар икки ракъат ўқидими, уч ракъат ўқидими, билолмай қолса, икки ракъат ўқидим, деб олсин. Агар уч ракъат ўқидими, тўрт ракъат ўқидими, билолмай қолса, уч ракъат ўқидим, деб олсин ва салом беришидан олдин иккита саҳв саждаси қилсин», дедилар.

Аҳмад ва Термизий ривоят қилишган.

Лекин намозининг охири деб ўйлаган жойида ўтиради.

Агар ўтирмаса, қаъдаи охирни тарк қилгани учун намози ботил бўлади.

Саждаи саҳв ҳақидаги барча далил ва ҳужжатларни атрофлича ўрганиб чиққан ҳанафий уламолар бу масалани намозхонларга осонлаштириш учун ҳаракат қилиб, қуйидаги хулосавий ҳукмларни ўз китобларида ёзиб қолдирганлар.

«Лозим бўлганда саждаи саҳв қилиш вожибдир. Лозим бўлганда саждаи саҳвни қилмаган намозхон гуноҳкор бўлади. Аммо намози ботил бўлмайди.

Саждаи саҳв имомга ҳам, ёлғиз намозхонга ҳам вожиб бўлади. Аммо муқтадий ўз намозида саҳвга йўл қўйса, унга саждаи саҳв вожиб бўлмайди. Чунки у ўзича саждаи саҳв қилса, имомига хилоф қилган бўлади.

Агар имом саҳвга йўл қўйса, муқтадий ҳам иқтидони қачон бошлаганидан қатъи назар, унга қўшилиб саждаи саҳв қилади. Агар имом саждаи саҳвни қилмаса, у муқтадийдан соқит бўлади.

Саждаи саҳвнинг вожиблиги вақтнинг намоз учун яроқли бўлишига боғлиқдир. Агар бомдод намозининг саломини бергандан сўнг қуёш чиқиб қолса, аср намозидан сўнг ботиб қолса, саждаи саҳв қилинмайди.

Агар саждаи саҳв қилишдан олдин намозни улаб кетишга монеъ бўладиган амал қилса: гапирса, кулса, қасддан таҳоратини кетказса, масжиддан чиқса, юзини қибладан ўгирса, саждаи саҳв соқит бўлади.

Баъзи уламолар: «Одамларни ташвишга қўймаслик учун, уларни бесаранжом қилмаслик учун жамоати катта бўлган жума ва ийд намозларида саждаи саҳвни тарк қилиш маъқулдир», деганлар.

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Намоздан .салом, лафзи ила чиқиш вожибдир. Бунинг далиллари қуйидагича . ,. . Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи давоми...

3008 17:00 / 30.12.2021
Фарзнинг икки ракъатининг ҳар бирида ҳамда витр ва нафлнинг ҳар бир ракъатида бир оят қироат қилиш mdash ушбу жумлада келган маъно қироатнинг энг оз миқдорини давоми...

2925 19:00 / 25.11.2021
Имом Шофеъий Муҳаммад ибн Идрис ҳижрий 150санада, имом Абу Ҳанифа вафот этган кунда дунёга келдилар. У киши арабларнинг машҳур Қурайш қабиласига давоми...

4369 14:37 / 27.02.2020
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида ва масжид бино қилишга амр қилганларида.Эй Бани Нажжор Мен билан давоми...

3529 05:00 / 18.01.2017