1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Аёлларга хос ҳаж масалалари

14:05 / 20.06.2023 1500 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳаж қачон фарз бўлади?
Аёл кишига ҳаж фарз бўлиши учун у ўзи билан бирга борувчи маҳрамининг сафар харажатларини ҳам қоплайдиган маблағга эга ёки маҳрами ўз пули билан ҳажга кетаётган бўлиши лозим. Акс ҳолда, аёл кишига ҳаж фарз бўлмайди («Бадойиъус-санойиъ», «Дуррул-мухтор»).
 
Эрнинг нафақаси ҳам лозимми?
Айтайлик, қўлида катта маблағи сабаб бир аёлга ҳаж фарз. Эрига эса (сафар харажатларига қодир бўлмагани сабабли) ҳаж фарз эмас. Агар аёл ҳаж сафарига ўзи билан бошқа маҳрамини эмас, эрини олиб борса, у ҳолда мазкур аёл эрининг барча сафар харажатини ҳам тўлаши талаб этилади. Лекин еб-ичиш учун сарфланадиган харажатлар муқимлик ҳолатида бўлганидек, сафарда ҳам эрнинг зиммасида қолади («Ғунятун-носик»).
 
Маҳрам ёки эрнинг нафақаси қачон лозим бўлади?
Аёл киши маҳрами ёки эрининг сафар харажатларини кўтариши учун маҳрам ёки эрга ҳаж фарз бўлмаган ёки улар зиммаларидаги ҳажни адо этган бўлишлари лозим. Агар улар ҳам зиммаларидаги фарз ҳажни адо этиш учун кетишаётган бўлса, у ҳолда аёл киши уларнинг сафар харажатларини тўлаши лозим эмас. Яъни ҳар ким ўзига тегишли харажатни ўзи тулайди («Рунятун-носик»).
 
Ижозатсиз фарз ҳажга борса бўладими?
Аёл киши ўзи ҳамда шаръий маҳрамининг ҳаж сафарига бориб келиши учун етадиган маблағга эга бўлса-ю, эри сафар қилиш учун ижозат бермаса, у ҳолда мазкур аёл эрининг ижозатисиз ҳам фарз ҳажга (отаси, ака-укаси каби) шаръий маҳрами билан бориши жоиз («Бадойиъус-санойиъ»).
 
Нафл ҳажга рухсат шартми?
Аёл киши зиммасидаги фарз ҳажни адо этганидан сўнг нафл ҳаж қилишни хоҳласа, унга эрнининг ижозати лозим бўлади. Чунки эрнинг ҳаққи ҳар қандай нафл ибодатдан устун туради («Бадойиъус-санойиъ», «Ғунятун-носик»).
 
Шаръий маҳрам ким?
Аёл кишининг шаръий маҳрами дейилганда, унинг эри ҳамда унга никоҳланиши жоиз бўлмаган қариндошлари тушунилади. Масалан, отаси, бобоси, ўғли, ўғил набиралари, куёви, эрининг ўғли, қайнотаси, қайнотасининг отаси, эрининг она тарафидан бобоси, ота-она бир акаси, ота бир акаси, она бир акаси, эмикдош акаси ва уларнинг фарзандлари, разоъий отаси (эмизган сут онасининг эри), амаки ва тоғаси кабилардир. Лекин тоға, амаки, амма ёки холанинг ўғли шаръий маҳрам эмас, чунки уларга турмушга чиқиши мумкин («Раддул-муҳтор», «Ғунятун-носик», «Муаллимул-ҳужжож»).
 
Гуноҳ эҳтимоли бўлганда
Аёл кишининг ахлоқи бузуқ ва фосиқ маҳрами билан (у билан сафар қилишда гуноҳ эҳтимоли бўлгани боис) сафар қилиши жоиз эмас.
Демак, аёл киши сафар масофасидаги жойга бориши учун унинг ёнида маҳрами бўлишидан ташқари мазкур маҳрам ахлоқий жиҳатдан пок ва тўғри бўлиши лозим, бузуқ ва бадхулқ бўлмаслиги лозим («Бадойиъус-санойиъ», «Ғунятун-носик»).
 
Кекса аёлнинг маҳрамсиз бориши
Аёл кишини гуноҳ ҳамда фитнадан омонда бўлиши учун сафарга маҳрами билан бориши шарт қилинган. Кекса (60 – 70 ёшли) аёлда гуноҳ ва фитнага мубтало бўлиш эҳтимоли бўлмагани боис унинг ҳаж сафарига маҳрамсиз ҳолда бориши жоиздир. Аммо уларнинг ёнларида ёрдамчи кишилари бўлмагани сабабли қийналишлари турган гап. Шунинг учун улар ҳам ёрдами тегадиган маҳрам билан сафар қилишлари мақсадга мувофиқдир («Имдодул-фатово»).
 
Маҳрамсиз уч кунлик масофадан камроқ жойга сафар қилиш
Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг машҳур қавлларига кўра, аёл кишининг сафар масофасидан яқинроқ жойга (башарти, фитна хатари бўлмаса) маҳрамсиз ҳолда бориши бекароҳат жоиздир. Лекин у зотнинг машҳур бўлмаган қавллари ҳамда Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ фикрларига кўра, аёл киши учун маҳрамсиз бир кунлик масофага ҳам сафар қилиш макруҳдир. Замон аҳли фасодга учрагани боис мана шу қавлга фатво бериш лозим («Бaдойиъус-санойиъ», «Ғунятун-носик»).
 
Маҳрамсиз уч кунлик ёки ундан кўпроқ масофага сафар қилиш
Ҳанафий мазҳабига кўра, аёл кишининг маҳрамсиз уч кунлик ёки ундан ортиқ масофани (энг ками 82 км 296 м ни) босиб ўтиб ҳаж қилиши макруҳи таҳримийдир. Лекин унинг ҳажи саҳиҳ бўлаверади. Унга бирор жарима лозим бўлмайди.

Имом Молик, Имом Шофеъий, Имом Авзоий, Имом Муҳаммад ибн Сийрин ва Имом Ҳаммод раҳимаҳумуллоҳлар наздида, фитна ва маъсият хатари бўлмаса ҳамда сафардошлар солиҳ кишилар ёки аёллар жамоасидан иборат бўлса, у ҳолда аёл кишининг маҳрамсиз сафар қилиши бекароҳат жоиздир. Яна, ҳанафий мазҳабидаги машҳур муҳаддис аллома Анваршоҳ Кашмирийнинг фикрлари ҳам шунга мувофиқдир («Бадойиъус-санойиъ», «Фатово ҳиндийя», «Авжазул-масолик», «Ийзоҳут-Таҳовий», «Maлфузоти Кашмирий», «Файзул-Борий»).
 
Аёл кишининг эҳроми
Аёл кишининг эҳроми қуйидагича: у аввал эҳромга кириш нияти билан икки раъкат намоз ўқийди. Намозни ўқиб бўлгач (саломдан кейин), махфий, яъни фақат ўзига эшитиладиган овозда талбия айтади. Шу билан у эҳромга кирди деб ҳисобланади.
Аёл киши ҳайз ёки нифос ҳолатида эҳромга кириши, шунингдек, эҳром ҳолатида тикилган кийим, маҳси, қўлқоп кийиши ҳамда зебу зийнатлар тақиши мумкин. Яна эҳромдаги аёл бошини ёпиб юриши вожиб. (Лекин ҳайз ва нифос ҳолатида намоз ўқиш ва тавоф қилиш жоиз эмас) («Ғунятун-носик», «Муаллимул-ҳужжож», «Аҳкоми ҳаж»).
 
Эҳром ҳолатида юзнинг очиқ туриши
Аёл кишига эҳром ҳолатида юзини ёпиш ман қилинган. Албатта, агар бегоналардан юзини яшириш мақсадида юзига бирор юпқароқ мато ташлаб олса, жоиз. Лекин мазкур мато унинг юзига тегмай туриши лозим («Китабул-фиқ»).
 
Эҳром либоси
Аёл киши эҳром ҳолатида махсус бирор кийим кийишга буюрилмаган. Албатта, сочлар ёйилиб кетмаслиги учун уларни турмаклаб ёки бирор нарса билан яхшилаб боғлаб олиш мустаҳабдир («Муаллимул-ҳужжож»).
 
Ҳайз ҳолатида эҳромга кириш
Ҳайз ҳолатида аёл киши эҳромга кириши, Минода шайтонга тош отиши, Сафо ва Марва орасида саъй қилиши ва шу каби бошқа амалларни бажариши мумкин. Фақатгина тавоф қилинмайди ва намоз ўқилмайди («Ғунятун-носик», «Фатово Раҳимийя»).


«Ҳилол» журналининг 6(39) сонидан

 

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Зулҳижжанинг биринчи ўн кунлиги улуғ фазилатларга эга. Бу ой ҳаром ойлардан бири саналади. Унда ҳаж ибодати бажарилади. Унда ҳажнинг энг катта рукни бўлмиш давоми...

7080 12:24 / 24.08.2017
.Ҳaж, apaбчa cўз бўлиб, лyғaтдa .қacд қилиш, мaънocини aнглaтaди. Улaмoлap тaъpифидa эca, мaълyм вaқтдa, мaълyм мaкoндa, мaълyм ибoдaтлapни ният билaн aдo этиш ҳаждиp. Маълум вaқт. Ҳажнинг давоми...

3248 06:00 / 23 май
Салафи солиҳлар эҳтиёжлари учун қиладиган дуоларини арафа кунига сақлаб қўйишар эди. Қанчаданқанча орзуумидлар ва дуолар арафа куни оқшомида ижобат давоми...

1747 14:56 / 14 июнь
Аллоҳга беҳисоб шукрки, бу йилги ҳаж ибодати юртимиз зиёратчилари учун жудаям файзли бўлди. Гарчи, ўзимиз бормаган бўлсакда, устозлар, қадрдонлар ва яқинларимиз давоми...

3543 15:30 / 14.07.2022