1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг иқтисодий тафаккури ҳақида

13:30 / 07.06.2023 1679 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг диний қарашлари ҳақида жуда кўп ёзилган ва ёзилмоқда. Бироқ буюк алломанинг иқтисодий тафаккури ҳам айнан шундай юксак даражада бўлган. Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Одил Олимжонов ҳазратнинг «Бозордан чўчишнинг ҳожати йўқ» номли мақоласи  айнан шу нарсага бағишланади..


«Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф»нинг номлари берилган масжиднинг очилиш маросимида Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаб ўтганидек, Ҳазрат умрини халқимизга диний маърифат тарқатишга сарфлаган буюк уламо эди.


Ҳазратдан ислом оламига улкан илмий-маънавий хазина мерос бўлиб қолди. У кишининг диний қарашлари ҳақида жуда кўп ёзилган ва ёзилмоқда. Бироқ буюк алломанинг иқтисодий тафаккури ҳам айнан шундай юксак даражада бўлганлиги кўпчиликка унчалик маълум эмас.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфдан иқтисодий соҳада топган илк асарим 1991 йили 28 февралда «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинган «Бозордан чўчишнинг ҳожати йўқ» номли мақола бўлди.


Эътибор беринг, СССР деб аталмиш давлат ҳали бор, юртимиз унга қарам, биз ҳали социалистик тузум даврида яшаяпмиз. Бозор иқтисодиётидан халқнинг ҳали унча хабари йўқ. Ҳатто, биз, яъни иқтисодчи олимларнинг бу борадаги фикрларимиз ҳам узуқ-юлуқ, тасаввуримиз етарли эмас. Лекин матбуотда бозор иқтисоди ҳақида мақолалар чоп қилина бошлаган. Ана шундай пайтда катта диний уламонинг Ўзбекистоннинг энг нуфузли газеталаридан бирида бозор иқтисодиёти ҳақида мақола эълон қилиши кўпчиликни таажжуб ва ҳайратга солгани аниқ.


«Айни пайтгача бозор иқтисодининг ҳар хил омиллари ҳақида қайта-қайта гапирилиб, турли шарҳлар ҳам қилинмоқда», дейилади мазкур мақолада. Аммо бозорнинг ҳақиқий омили – инсоний омил ҳақида ҳеч ким гапирмайди. Ахир, бозор иқтисодини амалга оширувчи, ундан фойда ёки зарар кўрувчи ҳам инсон-ку!


Кўриниб турибдики, бозор иқтисодининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи ҳам, у инсон яхши яшаши учун ўйлаб топилган тизим эканлиги ҳам шундай содда ва тушунарли усулда баён этиляпти.


«Ҳақиқатни айтганда», давом этилади мақолада, «тўғри йўлга ўтиб олиш қийин бўлади. Инсон ўзини таниганидан буён ривожланиб, шаклланиб келаётган бозор иқтисодига энди ўтмоқчимиз. Йўл бошида турганимизда боболаримизнинг бу ишга муносабатлари қандоқ бўлган, буни қандоқ йўлга қўйганлар – шунга ўхшаш саволларга жавоб топиш мақсадида дуру гавҳардан азиз улкан маданий меросимизга мурожаат қилсак, деб ўйлайман. Бизнинг ота-боболаримиз бу соҳада ўзига хос тенглама ишлатганлар: Аллоҳ + инсон + модда + вақт = иқтисодий равнақ».


Ҳазрат бу ўринда шўролар ҳукмронлик қилган узоқ даврда иқтисодий қонун-қоидалардан четга чиқиб кетганлигимиз, иқтисодимиз нотўғри ташкил этилганлиги, онгу-шууримиз ҳам шўровий ақидаларга қарам бўлганлиги туфайли бозор иқтисодининг тўғри йўлига ўтиб олишимиз қийин бўлишини башорат қиляптилар.


Ва ўтган 31 йиллик ҳаётимиз Ҳазратнинг бу фикрлари қанчалик тўғри эканлигини, яъни бозор иқтисодини барпо этиш ўта катта қийинчиликлар билан юз беришини яққол исботлади.


Шайх Ҳазратларининг боболаримизнинг бозор иқтисодини қандай ташкил этганликларини ўрганиш кераклиги тўғрисидаги фикрлари ҳам мутлақо тўғри. Ахир аждодларимиз бозор иқтисоди ҳукмрон бўлган асрларда ўз тадбиркорлик ва ишбилармонликлари билан дунёни ҳайратга солишган!


«Ислом ақидаси бўйича», дейилади мазкур мақолада, «дунёдаги ҳамма иш Аллоҳ таолога бориб тақалади. Усиз ҳеч нарса бўлмайди. Шу билан бирга, Аллоҳга иймон инсонни яхши ишларга чорлайди. У иқтисодга адолат, омонат, ҳалоллик маъноларини бериб, очкўзлик, судхўрлик, ҳаром ва адолат-сизликлардан четлатади».


Эътибор берингки, ушбу ўринда яхши тадбиркор қандай сифатларга эга бўлиш кераклиги баён этиляпти.
Ҳазрат бозор муносабатларининг илдизлари ҳақида сўз юрита бориб, юқорида таъкидлаб ўтган тенгламаларидаги иккинчи омил, яъни инсон ҳақида, у билан бозор иқтисодининг чамбарчас боғлиқлиги ҳақида атрофлича сўз юритганлар.


Шайх Ҳазратлари инсон иқтисодни ривожлантириш учун сабаб эканлиги, бозор иқтисоди унинг ҳаракати билан амалга ошиши ҳақида алоҳида таъкидлаяптилар.


Шу ўринда Ҳазратнинг бозор иқтисоди ўз-ўзидан ривожланиб кетавермаслиги ва у ёрдамга муҳтожлигини чуқур ҳис қилганликларини ифодаловчи фикрларини ўқиб лол қоласан: «Давлат эса бу ишларни турли усуллар билан қувватлаб туриши керак».


Давлатнинг бозор муносабатлари шароитида ҳам иқтисодни қўллаб-қувватлаши зарурлиги ҳақидаги бу фикрлар айтилган паллаларда, яъни 1991 йилнинг февраль ойида жаҳон иқтисодчилари орасида «бозорга ўтиш билан ҳамма масала ўз-ўзидан ҳал бўлиб кетаверади, у ўзини ўзи стихияли равишда бошқараверади, давлат унга мутлақо аралашмаслиги, қўллаб-қувватламаслиги керак», — деган ақидалар ҳукм сурар эди. Бунга ишониб, ўз иқтисодий сиёсатини ташкил этган давлатлар тезда оғир аҳволга тушиб қолганликлари ҳали эсимизда.


Ҳазрат қайд этган тенгламадаги учинчи омил деҳқончилик, чорвачилик, саноат, кончилик, денгизчилик, ҳунармандчилик каби турли моддий нарсалардан иборат.


Исломда деҳқончилик билан бир қаторда саноат ва ҳунармандчилик билан ҳам шуғулланиш зарурлиги уқтирилганлиги эътиборни тортади.


Тўртинчи ўринда қайд этилган вақт омилининг ҳам аҳамияти катта. Ислом ақидаси бўйича инсон умридаги вақтнинг ҳар бир дақиқаси учун Аллоҳнинг олдида жавоб беради. Шунинг учун уни доимо фойдали, самарали ишларга сарфлаш зарур.


Юқоридаги омилларнинг мавжудлиги ўз-ўзидан иқтисодий тараққиётга олиб келаверадими, деган савол туғилади. Ҳазрат бу саволга: «Йўқ! Бу омиллар илмий асосда, ўзаро тўғри алоқада ривож топмоғи ва рўёбга чиқмоғи зарур», —деб жавоб берадилар.


Шу ўринда яна мақоладан иқтибос келтиришни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман: «Мисол учун», дейилади мақолада, «тажрибали деҳқон, бўлиқ ер, уруғ ва асбоб-анжомлар мавжуд. Лекин ер нимаю, уруғ нималигини тузукроқ тушунмайдиган «раҳбар» юқоридан кўрсатмалар бериб турса, ҳеч нарса бўлмайди». Бундай салбий ҳолатларга йўл қўймаслик учун нима қилиш кераклигига ҳам Ҳазратнинг ўзлари жавоб берадилар: «Демак, деҳқонга эрк бериш керак, нимани қаерга, қачон, қандоқ экишни ва ишлов беришни ўзи билади».


Яқин ўтмишимизда бу фикрлардан бехабар айрим амалдорлар деҳқонларга нотўғри кўрсатмалар бериб, баъзи жойларда деҳқончиликка фойда эмас, зарар етказганликлари кўпчилигимиз учун сир эмас.


Мақолада инсон меҳнатидан самара кўриши кераклиги, бунинг учун маҳсулот яратувчига маҳсулотини эркин сотиш имконини бериш лозимлиги ҳам қайд этилади. Бу замонавий бозор иқтисодининг ўта муҳим қоидаларидан бири эканлигини бугун иқтисодчиликка ўқиётган толиблар ҳам билишади. Лекин бу 1991 йилнинг бошида бозор иқтисодиётига ўтишга тайёргарлик кўраётган давлатлар учун инқилобий аҳамиятга эга хулоса эди!


Шайх Ҳазратлари бозор иқтисодида ҳалоллик ўта зарур эканлигига жуда катта аҳамият берадилар: «Шу ўринда, бозор иқтисодидаги энг муҳим омил-лардан бири – савдода Ислом қаттиқ ман қилган ҳаром ишни эслатиб ўтиш зарур. У ҳам бўлса, «эҳтикор» – нархни сунъий кўтариш учун уринишдир. Бу ишнинг ҳар қандай кўриниши ҳаром, катта гуноҳ».


Жаҳоннинг аксарият давлатлари нархни сунъий равишда оширишларнинг олдини олиш учун махсус ташкилотлар тузганликлари ва мазкур идоралар бу борада жуда кўп тадбирлар ўтказаётганликлари Ҳазратнинг бозор иқтисоди назарий ва амалий асосларини жуда чуқур билишига яна бир яққол исботдир.


Жамиятда моддий неъматларнинг ҳар эҳтимолга қарши муайян дара-жадаги захиралари бўлиши зарурлиги ҳам мақолада ўз ифодасини топган: «Шу билан бирга, жамият фойдасини кўзлаб, келажакдаги қийинчиликлар юзага келишининг олдини олиш мақсадида режали равишда керакли маҳсулотларни сақлаб қўйиш нафақат мумкин, балки зарур».


СССРнинг охирги йилларидаги иқтисодий қийинчиликлар, бўм-бўш дўконлар, ўта юқори инфляция даражаси каби салбий ҳолатлар ҳали кўпчи-ликнинг эсидан чиқмаган бўлса керак, деб ўйлайман. Ана шундай оғир шароитда ҳукумат бу борада нима ишларга тайёр туриши кераклиги ҳам Ҳазратга маълум бўлган: «Ҳозирги ҳолатда ўзимизни ўзимиз керакли барча нарсалар билан таъминлаш чораларини кўришимиз шарт. Барча зарурий нарсаларни муҳайё этишни эса ўзимиздан бошқа ҳеч ким биз учун қилиб бермайди. Ҳатто Аллоҳ таоло ҳам ўз нафсини ўзи ўзгартирмаган қавмнинг ҳолини ўзгартирмаслиги «Қуръони Карим»да айтилган.


Шунинг учун ҳам аввало ички имкониятларни ишга солиш керак. Ерлардан тўлиқ фойдаланиб, буғдой, шоли, арпа каби экинларни кўпроқ экиш зарур».


Экин майдонларимизнинг асосий қисмига пахта экишга мажбур қилиб, эҳтиёжимиз учун зарур дон-дунни бошқа республикалардан жўнатиб турган шўролар тузуми 1991 йили барҳам топиши билан Ҳазратнинг ўзимизни ўзимиз таъминлашга тайёрланишимиз керак, деган башоратлари дарҳол исботланди!


Мақоланинг айрим жойларини ўқиганда, кишида Шайх Ҳазратлари 1991 йилнинг бошидаёқ яқинда мустақилликка эришишимизни ҳис қилганликлари ва иқтисодимизда биринчи галда қандай ўзгаришлар қилишимиз керак, деган саволларга жавоблар берганликлари ҳақида тасаввур пайдо бўлади. Масалан, мақолада ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишнинг савдо, ҳунармандчилик, кичик корхоналар, транспорт каби қатор турлари хусусий бўлиши кераклиги ҳақида фикрлар бор. Чорвачиликни жадал ривожлантириш, айниқса, уни озуқа базаси билан мутаносиб равишда таъминлаш, халқ ҳунармандчилигига алоҳида эътибор бериш, турли-туман тақиқларни камайтириш, халқаро иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, жамиятнинг муҳтож табақаларига ёрдам бериш, тежамкор бўлиш, исрофгарчиликларга йўл қўймаслик ва халқни бозор иқтисодига тайёрлаш зарурлиги бўйича ҳам тавсиялар берганлар.


Хуллас, ҳажми унчалик катта бўлмаган мазкур мақоланинг аҳамияти жуда улкан. Унинг ҳар бир сатри чуқур ва пухта ўйланган фикрлардан иборат.


Ҳазратнинг бу мақолаларини ўқиганимдан кейин узоқ вақт унинг таъсири остида юрдим. Буюк уламонинг буюклиги иқтисодий тафаккурларида ҳам яққол кўриниб турганлигига иймон келтирдим.


Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ҳазрат қолдирган улкан мерос ичида иқтисодиётга дахлдор фикрлар ҳам мавжуд. Бундан ташқари, у кишининг «Бозор ва унга боғлиқ масалалар» номли алоҳида рисолалари ҳам бор. Мазкур китобда тижорат, унинг одоблари, савдо илми, эҳтикор (монополия), нархни кўп оширмаслик, харидор билан гўзал муомалада бўлиш, қалбаки пулни ишлатмаслик, тармоқли савдо, шартнома, келишув, ширкатлар, пул бирликларини бир-бирига сотиш, қийматни олдиндан бериш савдоси каби бозор иқтисодиётининг ўта муҳим ва долзарб масалалари ҳақида атрофлича фикр юритилади.


Хуллас, буюк уламонинг иқтисодий тафаккурини чуқур ўрганиш ва ундан унумли фойдаланиш Янги Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий масалаларини ҳал этишда муҳим восита бўлиб хизмат қила олади.


Одил Олимжонов,


Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, и.ф.д., профессор
«Иқтисодий шарҳ» журнали №4/2023

Манба: reviewuznews

Мавзуга оид мақолалар
Шайх Муқрий Маҳмуд Фатҳий Али Мусо 1982 йилда таваллуд топган. Ёшлигиданоқ Азҳари Шариф жомеасига боғланган. Бошланғич таълимни Азҳарда давом эттириб, шу ерда давоми...

1367 14:31 / 19.08.2022
Имом, ҳофиз, фақиҳ, муҳаддис Яҳё ибн Шарофиддин ибн Муррий ибн Ҳасан алҲизомий алҲувроний анНававий ашШофеъий Ислом оламининг мўътабар олимларидан давоми...

7854 22:01 / 27.04.2017
Ушбу мақолада 20 асрда яшаб, фаолият юритган, қорилар султони халқ орасида .қўнғироқ қори,, .булбул қори, дея машҳур бўлган зот, ҳофизи Каломуллоҳ Муҳаммад Шариф қори давоми...

2941 14:00 / 22.05.2022
Шайх, аллома Солим Шотрий раҳимаҳуллоҳ деди .Шайх, аллома Алавий ибн Аббос Моликий раҳимаҳуллоҳ шундай дегандилар .Кўпчилик инсонлар бирон ҳадис агар Бухорий ёки давоми...

1649 09:00 / 28.12.2021
Аудиолар

135321 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7490 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55571 14:35 / 11.08.2021