1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Пок ва равшан тавҳид ақийдаси

16:00 / 30.06.2023 1535 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биринчи катта хизматлари – инсониятга пок ва равшан тавҳид ақийдасини армуғон қилганларидир. Бу ақийда инқилобий ва мўъжизавий бир ақийдадир. У қувват ва ҳаётийлик ила отилиб чиқади. У вазиятларни ўзгартириб юборади. У ботил олиҳаларни парчалайди. Инсоният унга ўхшаш нарсани кўрмаган ва қиёматгача кўрмайди ҳам.


Ўзича бўлмағур даъволарни кўтариб юрган, шеър, фалсафа, сиёсат ва жамиятшуносликдан иборат пуч гапларни опичлаб юрган инсон, халқлар ва юртларни қайта-қайта мустамлака қилган, тошлардан гул ясаган, тоғлардан анҳорлар чиқарган инсон, гоҳида худоликни даъво қилган инсон, ҳа, ўша инсон турли бўлмағур, зарар ҳам, фойда ҳам бермайдиган нарсаларга сажда қилар эди.


«Агар бир пашша улардан бирон нарсани тортиб олса, ундан ўшани ҳам қутқариб ололмаслар. Талаб қилувчи ҳам, талаб қилинган ҳам заиф бўлди» (Ҳаж сураси, 73-оят).


У ўзи ясаган нарсаларга таъзим қилар эди. Ундан қўрқар эди. Ундан яхшиликни умид қилар эди. У тоғлар, анҳорлар, дарахтлар, ҳайвонлар, руҳлар, шайтонлар ва бошқа табиий нарсаларга сажда қилибгина қолмасдан, балки ҳашарот ва қурт-қумурсқаларга ҳам сажда қилар эди. У ўз ҳаётини бор бўйича турли васвасалар, хаёллар, ваҳмлар, хомхаёллар ва алғов-далғов фикрлар билан ўтказар эди. Бунинг табиий натижаси ўлароқ, у қўрқоқ, заифҳол, фикран тутуриқсиз, нафсан изтиробли, ишончи ва истиқрори йўқ шахсга айланган эди.


Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундай аянчли ҳолга тушиб қолган инсониятга пок, дақиқ, содда ва осону равшан тавҳид ақийдасини армуғон этдилар. Бу ақийда ҳимматларни қўзғатди. У ҳаётнинг боисидир. У ила инсоният барча хавф ва қўрқинчлардан халос бўлди. Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмайдиган бўлди. Инсон Аллоҳнинг Ўзигина фойда ва зарар келтирувчи, берувчи ва олувчи эканига ҳамда У Зотнинг ягона Ўзигина башариятнинг ҳожатларини чиқарувчи эканига аниқ ишонди. Ушбу янги маърифат туфайли унинг назарида бутун олам ўзгача бўлди. У барча қуллик ва қарамликдан озод бўлди. У махлуқлардан умидвор бўлиш ёки қўрқиш ҳиссидан ҳам озод бўлди. Хаёлни учириб, фикрни чалғитадиган барча нарсалардан ҳам қутилди. У ўзининг Аллоҳнинг энг шарафли халқи, ер юзининг улуғи, Аллоҳнинг халифаси эканини англаб етди. У ўз Робби ва Холиқига итоат қилиб, Унинг амрларини бажаришга ўтди. У шу билан инсонийликнинг улуғ шарафини юзага чиқарди.


Ҳа, рисолаи Муҳаммадия инсониятга «тавҳид ақийдаси» номли улкан туҳфани армуғон этди. Бу ақийда авваллари бошқа ақийдалар олдида мажҳул ва мазлум эди. Энди унинг садоси бутун оламга тарқалди. Дунёдаги оламшумул фалсафалар ва даъватлар ундан таъсирландилар.


Баъзи ширк ва кўпхудолик асосида пайдо бўлган ва бу нарсалар қон-қонига сингиб кетган катта диёнатлар охири келиб, паст овоз билан бўлса ҳам, қулоққа шивирлаш ила бўлса ҳам, Аллоҳнинг бирлигини, Унинг шериги йўқлигини тан олишга мажбур бўлдилар. Улар ўзларининг ширкка оид эътиқодларини фалсафий таъвил қилиб, ширк ва бидъатлардан ўзларини олиб қоча бошладилар. Улар ўзларининг эътиқодларини Исломдаги тавҳид ақийдасига ўхшата бошладилар. Ўша диёнатларнинг бошлиқлари ширкни зикр қилишдан хижолат бўладиган бўлиб қолишди. Ушбу туҳфа рисолаи Муҳаммадия инсониятга ҳадя қилган туҳфаларнинг энг қимматлиси бўлди.


«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди

 

Ушбу мақола (видео материал) Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳарра воқеъаси ҳижрий 63йилда бўлиб ўтган. Ҳарра ndash Мадийнаи Мунавваранинг ташқарисидаги қора тошли жойнинг номидир. Ўша вақтдаги халийфа Язид ибн Муовия ўз давоми...

4613 05:00 / 06.01.2017
Раҳматнинг кўринишларидан энг улуғи ва олий чўққиси бир кишининг бутун бошли инсониятни ҳалокатдан сақлаб қолишидир. Ҳалокат билан ҳалокат, хатар билан хатар давоми...

1910 15:28 / 10.11.2022
Кириш.Мусулмон тарихчилар .Тарихни ўрганган кишининг умри узаяди,, дейишади. Ҳақиқатдан ҳам тарихни қунт билан ўрганган одам, гўё ўша ўзи ўрганган даврда яшайди. давоми...

28056 18:35 / 08.01.2019
Кўҳна тарих жуда кўп ҳукмдорлар, фотиҳлар ва саркардаларнинг турфа ишларига гувоҳ бўлган, уларнинг хизматлари ва қилмишларини ўз саҳифаларига абадий муҳрлаб давоми...

5178 15:00 / 18.12.2020
Аудиолар

213178 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132397 14:35 / 11.08.2021