1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Жаннатга киритадиган амаллар

16:00 / 15.05.2023 1998 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Аббосдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг ичида яхшиликда энг сахий инсон эдилар. Ул зотнинг яна ҳам сахий бўлган пайтлари Рамазон ойига, Жаброил алайҳиссалом келган вақтга тўғри келарди. Рамазоннинг ҳар кечасида у зотга Жаброил алайҳиссалом келиб учрашар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан Қуръонни ўтказиб олар эдилар. Жаброил учрашган кезлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда эсган шамолдан ҳам сахий бўлиб кетардилар».


Ушбу ҳадисдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал хулқларини, хусусан, саховатларини ўрганишимиз, уларга амал қилишимиз лозим бўлади.


Айниқса Рамазон ойида янада сахийроқ бўлишимиз, Қуръони Каримни тўлиқ ўқиб, ўтказишимиз ниҳоятда маҳбуб амаллардан бўлар экан.


Шунинг учун ҳар бир ҳадисни ўрганганда, унинг чуқур маъноларини билиб олиб, улардан ибрат олишга уринишимиз керак бўлади.


Ушбу ҳадисдан ҳам бир қанча муҳим маъноларни оламиз:
1. Ҳар Рамазон ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Жаброил алайҳиссаломнинг келишлари биз учун жуда катта маълумот.
2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг сахий инсон бўлганликлари яна бир маълумот.
3. Сахийликлари Рамазон ойида янада кучайиб, юқори чўққисига чиқиши ҳам катта фойда.
4. Жаброил алайҳиссаломга Қуръонни ўтказишлари ҳам катта фойда.
5. Жаброил алайҳиссалом келган пайтларида, Қуръон ўқиб турган пайтларида сахийликлари шамол каби бўлиб кетиши ҳам биз учун ушбу ҳадисдан олинадиган катта фойда, дарсдир.


Абу Масъуд Ансорийдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
«Сизлардан аввал ўтганлардан бир одам ҳисоб-китоб қилинди. Унинг ҳеч яхшилиги топилмади. Лекин у кўпчиликка аралашиб юрадиган одам бўлган экан. Ўзи бой экан. Ходимларига ночор кишидан кечиб юборишни тайинлар экан.


Аллоҳ азза ва жалла: «Бундай бўлишга ундан кўра Биз ҳақлироқмиз, унинг гуноҳидан кечиб юборинглар», деди».


Ислом умматидан аввал ўтган умматлардан бир кишининг охиратда амаллари ҳисоб-китоб қилинди. Қаралса, ҳалиги одамнинг арзигулик яхши амали йўқ. Энди ҳолига вой бўлиши турган гап. Наҳотки, дунё ҳаёти давомида охиратда кор қиладиган бирор иш қилмаган бўлса?! Нима қилиш керак?


Хайрият! Битта яхшилиги чиқиб қолди!


«Лекин у кўпчиликка аралашиб юрадиган одам бўлган экан. Ўзи бой экан. Ходимларига ночор кишидан кечиб юборишни тайинлар экан».


Битта бўлса ҳам ҳусни хулқи бор экан. Камбағалларга нисбатан раҳмдил ва саховатли экан. Унинг бу хислати Аллоҳ таолога хуш келди ва


«Аллоҳ азза ва жалла: «Бундай бўлишга ундан кўра Биз ҳақлироқмиз, унинг гуноҳидан кечиб юборинглар», деди».


Демак, ушбу ҳадисдан бу дунёда камбағал, бечораларга енгиллик бериш, уларнинг қарзларидан кечиб юборишнинг фазли қандай катталигини ўрганиб оламиз.


Ночор одамлар қарзга ботиб, оғир ҳолатга тушиб қолса, ўзига тўқ, бой-бадавлат одамлар уларга раҳм-шафқат қилиб, уларнинг қарзларидан ёки қарзларининг бир қисмидан кечиб юборсалар, бунинг мукофотини охиратда албатта олишар, бунинг яхшилигини кўришар экан.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Жаннатга кўп киритадиган нарса нима?» деб сўрашди.
«Аллоҳга тақво қилиш ва ҳусни хулқ», дедилар.
«Дўзахга кўп киритадиган нарса нима?» дейишди.
«Икки тешик нарса: оғиз ва фарж», дедилар».
Демак, жаннатга киришга кўпроқ сабаб бўладиган амаллардан бири Аллоҳ таолога тақво қилиш, Аллоҳ таолонинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб юриш экан.


Қоронғи жойга кириб олиб, тасбеҳ ўгириб ўтириш шарт эмас. Тақво – гуноҳ ишлардан сақланиш, Аллоҳ азза ва жалладан қўрқиш ва парҳезкорликдир. Арабча «иттақо» сўзининг маъноси «сақланиш»¬дир. Демак, тақво – Аллоҳ таолонинг азобидан сақланиш учун ҳаракат қилишдир. Бунинг учун ёмонликлардан сақланиш, яхши амалларни кўпроқ қилиш лозим.


Иккинчи амал эса ҳусни хулқ – гўзал ахлоқли, чиройли хулқли бўлиб юришдир.


Дўзахга кўпроқ киритадиган нарса ҳам иккита экан: бири оғиз, бири фарж. Фарж – жинсий аъзо. Унга боғлиқ гуноҳ – зино. Куфр сўзларни айтиш, ёлғон сўзлаш, чақимчилик, бўҳтон, сўкиш – оғиз билан қилиниб, дўзахга киритадиган амаллардир. Кўп одамларнинг дўзахга тушишига шу икки нарса сабаб бўлар экан.


Демак, дўзахга тушмайин, деган мўмин банда тилига эҳтиёт бўлиши, оғзини тийиши керак. Фақат яхшиликни сўзлаши, Қуръон қироат қилиши, Аллоҳ таолони кўп зикр этиши, шу каби савоб ҳосил қиладиган сўзларни сўзлаши лозим. Фаржини эса Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсалардан, зинодан сақлаши шарт.


«Одоблар хазинаси» китоби асосида тайёрланди

 

Ушбу мақола (видео материал) Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. ,.100. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим.Аллоҳ азза ва жалла раҳматни юз давоми...

2249 09:05 / 06.08.2019
Амр ибн Динордан ривоят қилинади .Ибн Аббос .Улар билан машварат қил,, .баъзи ишларда,, деб қироат қилди,. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

1697 09:00 / 17.03.2023
намоз ибодатларнинг онасидир18. Абу Дардодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга тўққиз нарсани васият қилдилар.Аллоҳга ширк келтирма, давоми...

2459 12:16 / 06.11.2018
Бир мамлакат подшоҳи аскарларига юртдаги кексаларни ўлдиришга амр қилди. Бир йигит отасини жуда яхши кўрар эди. Подшоҳнинг буйруғини эшитгач отасини уйнинг давоми...

2999 13:26 / 09.06.2022