Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (230-дарс) Жаннатга ҳисобсиз кирадиганлар

19:00 / 14.05.2023 2263 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Тавба сурасида бундай деб марҳамат қилади:

ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ ﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ

«Сен: «Бизга Аллоҳ ёзиб қўйган нарсадан ўзгаси зинҳор етмайди. У бизнинг Хожамиздир. Мўминлар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар», деб айт» (51-оят).

Яъни, бизга нима етса ҳам, Аллоҳдан етади. Аллоҳ таоло бизга нимани битган бўлса, ўшани кўрамиз. Аммо оқибатимиз яхши бўлиши, Аллоҳ таоло бизга ғалабани ёзиб қўйгани ойдек равшан. Ўша ғалабага эришиш йўлида дуч келинадиган қийинчилик ва машаққатлар бир воситалардир, холос. Аллоҳ таоло бизни шу тарзда синаб кўради.

«У бизнинг Хожамиздир».

У бизга доимо ёрдам беради. У бизни доимо Ўзи сақлайди.

«Мўминлар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар».

Ҳа, улар фақатгина Аллоҳ таолонинг Ўзигагина суянсинлар. Аллоҳ азза ва жалланинг қазою қадарига ишониш ва Унга таваккул қилиш тайёргарлик ва ҳаракатга зид эмас. Балки Аллоҳ таолонинг амрини бажо келтиришдир. Аллоҳ таолонинг амрини бажармаган ва ҳаракат қилмаганлар ҳеч қачон таваккул қилмаган (суянмаган) бўладилар.

 Аллоҳ таоло Тағобун сурасида марҳамат қилади:

ﭱ ﭲ ﭳ ﭴﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ

«Аллоҳга итоат қилинг ва Расулга итоат қилинг. Агар юз ўгирсангиз, бас, Расулимизнинг зиммасида очиқ-ойдин етказиш, холос. Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқ. Бас, мўминлар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар» (12-13-оятлар).

Яъни, тирилтирувчи, ризқ берувчи, фойда улашувчи, сўнг ўлдирувчи ва яна қайта тирилтирувчи Аллоҳ таолодан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Инсон ушбу ҳақиқатни англаб етса, турли хурофотлардан ва ўзгаларга қул бўлишдан озод бўлади. Бу даражага етган инсон Аллоҳнинг Ўзигагина таваккул қилади, суянади. Аллоҳга таваккул қилган киши эса хотиржам бўлади, ҳеч нарсадан қўрқмайди.

Таваккул ҳақида келган ҳадиси шарифлардан намуналар:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: يَدْخُلُ الْجَنَّةَ مِنْ أُمَّتِي سَبْعُونَ أَلْفًا بِغَيْرِ حِسَابٍ، هُمِ الَّذِينَ لَا يَسْتَرْقُونَ، وَلَا يَتَطَيَّرُونَ، وَعَلَى رَبِّهِمْ يَتَوَكَّلُونَ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг умматимдан етмиш минги жаннатга ҳисобсиз кирурлар. Улар дам солишни талаб қилмайдиганлар, шумланмайдиганлар ва Роббларига таваккул қиладиганлар», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Демак, жаннатга ҳисобсиз кирадиганлардан бўлиш учун учта сифатга эга бўлиш керак экан:

а) «дам солишни талаб қилмайдиган»,

б) «шумланмайдиган»,

в) «Роббларига таваккул қиладиган» – ҳамма нарсада фақат Аллоҳ таологагина суянадиган.

Мана шу уч сифатни ўзида мужассам қилган киши жаннатга ҳисобсиз кирадиган етмиш минг киши ичида бўлар экан.

عَنْ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَوْ أَنَّكُمْ كُنْتُمْ تَوَكَّلُونَ عَلَى اللهِ حَقَّ تَوَكُّلِهِ لَرُزِقْتُمْ كَمَا يُرْزَقُ الطَّيْرُ تَغْدُو خِمَاصًا وَتَرُوحُ بِطَانًا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилганингизда, оч кетиб, тўқ қайтадиган қушдек ризқланган бўлур эдингиз», дедилар».

Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилишган.

Бу ҳадиси шарифда агар бандалар Аллоҳ таолога ҳақиқий таваккул қилсалар – суянсалар, уларга худди ҳеч қандай жамғармага эга бўлмаган қушларга керак бўлган пайтда керакли ризқ берилгани каби ризқ берилиши ҳақида сўз кетмоқда.

Ўйлаб кўрадиган бўлсак, эрталаб уйғонган қуш қорни ичига қапишган ҳолда бўлади. Шу билан бирга, унинг ҳеч қандай жамғармаси ҳам, кўзга олиб қўйган ризқ манбаи ҳам бўлмайди. Аммо у ризқ топиш мақсадида уясидан чиқади. Маълум вақт ўтгандан кейин қарасангиз, қорни қаппайиб қайтиб келаётган бўлади.

Агар бандалар Аллоҳ таолога ҳақиқий таваккул қилсалар, уларга ҳам Унинг Ўзи ғайбдан ризқ бериши турган гап. Фақат қуш уясидан чиқиб, ўз ризқини топишга ҳаракат қилганидек, бандалар ҳам керакли ҳаракатни қилишлари керак. Ҳатто қушлар ва қурт-қумурсқалар ҳам ўзлари ҳаракат қилмасалар, Аллоҳ таоло уларнинг ризқларини ётган жойларига олиб келиб бермайди.

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ : أَنَّ رَجُلًا قَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَعْقِلُهَا وَأَتَوَكَّلُ أَوْ أُطْلِقُهَا وَأَتَوَكَّلُ؟ قَالَ: اعْقِلْهَا وَتَوَكَّلْ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ فِي آخِرِ كِتَابِهِ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши:

«Эй Аллоҳнинг Расули, (уловимни) тушовлаб туриб таваккул қилайми ёки қўйвориб таваккул қилайми?» деди. Бас, у зот:

«Уни тушовлаб туриб, кейин таваккул қил», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифдан таваккул қилиш билан бирга, сабаб бўладиган ишларни ҳам пухта равишда олиб бориш лозимлиги келиб чиқади. Чунки таваккул қалб иши, бу нарса банданинг қалбига, нияти ва эътиқодига боғлиқ амал. Воқеликдаги ишларнинг юзага келиши эса Аллоҳ таоло томонидан жисмга ва унинг аъзоларининг амалига боғлиқ қилинган.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: كَانَ أَهْلُ الْيَمَنِ يَحُجُّونَ وَلَا يَتَزَوَّدُونَ وَيَقُولُونَ: نَحْنُ الْمُتَوَكِّلُونَ، فَإِذَا قَدِمُوا مَكَّةَ سَأَلُوا النَّاسَ، فَأَنْزَلَ اللهُ تَعَالَى: ﮋﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭﮊ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Яман аҳли ҳажга озуқа олмай келишар, «Биз таваккул қилувчилармиз», дейишар эди. Маккага келгандан сўнг одамлардан тиланчилик қилишга тушишарди. Бас, Аллоҳ таоло «Озуқа олинг, энг яхши озуқа тақводир»ни нозил қилди».

Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Бошқа бир ривоятда айтилишича, яманликлар: «Аллоҳнинг уйини ҳаж қиламиз-у, бизни оч қўярмиди», дейишар экан. Бу ҳол ҳар бир нарсага тайёргарлик кўриб юришга буюрадиган Ислом таълимотига хилофдир. Шу билан бирга, бу иш ҳаж амалини Аллоҳга миннат қилишга киради. Шунинг учун Аллоҳ таоло ҳам руҳий, ҳам моддий озуқа билан озуқаланиб олишга амр қилмоқда. Шу билан бирга, ҳақиқий озуқа маънавий озуқа бўлиб, бу тақво эканини яна бир бор эслатиб қўймоқда.

Таваккулнинг фойдаларидан:

1. Таваккул иймоннинг камолидандир.

2. Таваккул Исломнинг гўзаллигидир.

3. Таваккул шайтондан муҳофаза қилувчидир.

4. Таваккул ёмон одамлардан муҳофаза қилувчидир.

5. Таваккул шариат чегарасида туришдир.

6. Таваккул ҳаромга юрмасликдир.

7. Таваккул одамлар билан талашишни тарк қилишдир.

8. Таваккул одамлар қўлидаги нарсага тама қилишдан сақлайди.

9. Таваккул хотиржамликдир.

10. Таваккул барқарорликдир.

11. Таваккул Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилишни рўёбга чиқаради.

12. Таваккул Аллоҳ таолонинг ризосини юзага чиқаради.

13. Таваккул банданинг қийинчиликлардан чиқишига ёрдам беради.

14. Таваккул ёмонликларга каффоротдир.

15. Таваккул ўз эгасини жаннатда набийлар билан бирга бўлишга тайёрлайди.

16. Таваккул ризқ кенгчилиги сабабларидан биридир.

«Руҳий тарбия» китобининг 2-жузи асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Башорат берувчи, номи билан танилган бир қабила ҳақида ҳикоя қилинади. Бу қабила илммаърифат ва заковатда ажралиб турганидан уларга ушбу ном нисбат давоми...

10762 19:27 / 20.05.2017
Агар бир одам сиздан Нима учун денгизчи ўзининг кемасини сафарга чиқиш олдидан обдон кўздан кечиради rdquo, Нима учун ғаввос акулалар яшайдиган денгизга давоми...

6458 05:00 / 01.03.2017
ГУНОҲНИ КЕЧИШНИ СЎРАШ ВА УНИНГ ТАЪСИРИҲеч шубҳа йўқки, ҳамма ишларимни Аллоҳ кузатиб турибди, деб эътиқод қилгувчи мўмин кишининг хатолари кам бўлади. Лекин гоҳда давоми...

22386 05:00 / 28.02.2017
4623. Абу Барза алАсламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Эй тили билан иймон келтириб, қалбига иймон кирмаганлар жамоаси давоми...

7918 21:29 / 03.04.2017