1446 йил 9 рабиъус сони | 2024 йил 12 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Ражъий талоқ ва боин талоқ

09:00 / 08.05.2023 3998 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Талоқ икки қисмга бўлинади: ражъий талоқ ва боин талоқ.
1. Ражъий талоқ.
Ҳақийқий духул – жинсий яқинликдан кейин, очиқ-ойдин лафз билан қилинган, турли сифатларни қўшмай, киноя лафзи билан қилинган ва ҳокимнинг ҳукми ила нафақа бермаслик ва ийло сабабидан қилинган бир ёки икки талоқ ражъий талоқ бўлади.


Бундай талоқдан кейин эр талоқ қилинган хотинини ўз никоҳига иддаси ичида, агар хотин рози бўлмаса ҳам, қайтариб олиш ҳаққига эга. Бунинг учун эр: «Хотинимни ўзимга қайтариб олдим», ёки «Хотинимни никоҳимда ушлаб қолдим», деса, кифоя қилади. Янгидан маҳр бериш, ақди никоҳ қилишнинг ҳожати йўқ.
Энг муҳим шарт шуки, қайтиш хотиннинг иддаси чиқмай туриб бўлиши керак. Агар идда чиққунча қайтмаса, талоқ боинга айланиб қолади. Унда янгидан ақди никоҳ қилиш зарур бўлади.


2. Боин талоқ.
Бу хилдаги талоқ иккига бўлинади:
а) Кичик боин.
б) Катта боин.


Кичик боин талоқ ақди никоҳдан кейин жинсий яқинлик қилмай туриб, киноя лафзларига шиддат, қаттиқ, катта каби сифатларни қўшиб қилинган, хотин томонидан берилган мол эвазига қилинган, қози томонидан ийло ва эрдаги нафақа бермасликдан бошқа айб, келишмовчилик каби сабабларга кўра қилинган бир ёки икки талоқдир. Шунингдек, идда чиққанидан кейин ражъий талоқ ҳам боин талоққа айланиб қолади.


Боин талоқдан кейин эр‑хотин ажрашган ҳисобланади. Шунинг учун боин талоқ қилган эр ўша хотин билан бирга турмаслиги, бегона каби муомала қилиши керак бўлади. Бу талоқ бир ёки икки дона бўлса, эрнинг уч талоқ ҳаққи бир ёки икки ададга қисқаради. Кичик боин талоқдан кейин эр ёки хотин вафот этса, бир-биридан мерос ололмайдилар. Чунки ораларидаги никоҳ узилган бўлади.


Катта боин талоқ уч талоқдир. Бу талоқдан кейин никоҳ мулки тугайди, хотин эрга муваққат ҳаром бўлади. Уларнинг орасида иддадан бошқа ҳеч нарса қолмайди. Хотин иддаси чиққанидан кейин бошқа эрга саҳиҳ никоҳ ила тегиб, улар тўлақонли эр‑хотин бўлиб яшаб, иккинчи эр вафот этиб ёки талоқ қилиб, аёлнинг иддаси чиққанидан сўнг яна биринчи эрга ҳалол бўлади. Яна бирга яшашни хоҳласалар, янгидан никоҳланишлари мумкин.


Биров ичида: «Хотинимни талоқ қилдим» деса, талоқ тушмайди. Аммо, овоз чиқариб айтса, талоқ бўлади. Бир киши ўз хотинига: «Сен талоқсан», деса, талоқ тушади. Ундан «Нимага, нима ниятда бу гапни айтдинг?» деб сўраб ўтирилмайди.


Шунингдек, гапира олмайдиган одам ишора билан талоқ қилса ҳам, талоғи тушади.
Хат ёзиш йўли билан талоқ қилса ҳам, тушади.
Бировни хабарчи қилиб юбориб, ўша орқали талоқ хабарини етказса ҳам, талоқ тушади.
Шунинг учун бу нарсада жуда ҳам эҳтиёт бўлиш керак.
Ораларида никоҳ тўғри бўладиган шахслар ҳазиллашиб, ақди никоҳ қилсалар, никоҳ собит бўлади. Худди шунингдек, ҳазиллашиб қилинган талоқ ҳам тушади.
Хотинини бир ёки икки ражъий талоқ қилиб юрган одам идда ичида: «Сени ўзимга қайтариб олдим», деса, ражъат – қайтиш ҳам собит бўлади. Чунки бу ҳолларда ўзи билиб туриб, қасд қилиб айтган бўлади.
Ислом ҳаётга, хусусан, оилавий ҳаётга ўта жиддият билан қарайди. Эр‑хотин орасидаги никоҳ алоқасини муқаддас алоқа сифатида кўради. Муқаддас нарсаларни ҳазил-ҳузулга айлантириш эса, мутлақо мумкин эмас. Ҳазил қиладиган бўлса, келиб-келиб энг муқаддас алоқаларнинг бири билан ҳазиллашадими? Бир аёлнинг бегона бир эркакка ҳалол бўлиши осон нарса эканми?


Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида талоқ ҳукмини баён қилувчи оятлардан бирида: «Аллоҳнинг оятларини ҳазил қилиб олманг», – деган.


Бундан никоҳ, талоқ масалалари Аллоҳ таолонинг ояти экани очиқ-ойдин кўриниб турибди. Ислом динида Аллоҳ таолонинг оятлари ҳазил, ўйин-кулги ҳолига тушиб қолишига мутлақо йўл қўйилмайди.


Мусулмон киши ҳаётга жиддий қарасин. Ўзининг оиласини ўзи ўйинчоқ қилиб қўймасин. Ўз хотини билан бўлган шаръий муносабатларини, икки бир-бирига ҳаром шахсни ҳалол қилган никоҳ алоқасини ўйинчоқ қилган одам ҳар қандай жазога лойиқ. Унинг ҳазиллашиб айтган сўзи ила талоқ тушиши ҳам жоиздир.


«Бахтиёр оила» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги
03-07/1465-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
islom.uz middot 68 ndash Фарзанд доимо отаонага ширин сўзларни айтиши вожибдир 619. Фарзанднинг отаонага яхшилик қилиши турларидан яна бири ndash уларнинг обрўсини ҳимоя қилиш давоми...

1815 13:30 / 15.09.2020
Исломда фарзандларнинг ҳуқуқлари қатъий риоя қилинган бўлиб, булар уларнинг отаоналари ёки яқин қариндошлари, яшаётган жамиятларига вазифа қилиб юклатилгандир. давоми...

17017 20:05 / 08.10.2019
Албатта, эрхотин орасидаги алоқа фақат жинсий алоқадан иборат эмас, балки кенг маънодаги инсоний алоқадир. Инсоний алоқалар ичида энг муқаддаси никоҳ алоқаси, давоми...

9206 18:40 / 27.04.2019
Совчилик отаоналар ёки ишбошилар томонидан амалга оширилиши ва уларга жавоб бериш ҳам шу тариқа бўлиши мусулмон халқларнинг оммавий одатларидан бўлиб қолган, давоми...

3644 12:00 / 17.12.2018
Аудиолар

131556 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

52030 14:35 / 11.08.2021