1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон

Рамазон ойининг йигирма тўққиз ёки ўттиз кун бўлиши ҳилолни кўриш билан аниқланади

18:48 / 18.04.2023 2869 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рўзанинг бошланиши ва уни тугатиш ҳилолни кўриш билан амалга ошади. Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадислар ворид бўлган. 


Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳилолни кўрмагунингизча рўза тутманглар. Уни кўрмагунингизча оғиз очманглар. Агар сизлардан у булут билан тўсилиб қолса, ҳисобини қилинглар», дедилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.


Термизийнинг лафзида:
«Рамазондан олдин рўза тутманглар. У(ой)ни кўриб, рўза тутинглар ва уни кўриб, очинглар. Агар сизлардан булут-ла тўсилиб қолса, ўттиз кунни тамомланглар», дейилган.


Бухорийнинг лафзида эса: 
«Агар сизлардан булут-ла тўсилиб қолса, Шаъ¬бонни ўттиз (кун)ни тамомланглар», дейилган.
Бошқа бир ривоятда эса: 
«Агар сизлардан булут-ла тўсилиб қолса, ўттиз кун рўза тутинглар», дейилган.
Ушбу ривоятлардан Рамазон ойининг бошланиши ва тамом бўлиши Рамазон ва Шаввол ойи ҳилолларини кўриш билан собит бўлиши таъкидланмоқда.


Шунингдек, мабодо табиий шароитлар ноқулай келиб, янги ойни кўриш имкони бўлмай қолса, Рамазондан олдинги Шаъбон ойи тўлиқ ўттиз кунга етказилиб, кейинги кундан Рамазони шарифнинг биринчи куни бошланади. Худди шу каби, Рамазон ойининг йигирма тўққизинчи куни Шаввол ойи ҳилолини кўришга ҳаракат қилинади. Агар ҳилол кўринса, рўза тугагани ва эртасига ийд эканлиги эълон қилинади. Мабодо ҳилол кўринмаса, ўттизинчи кун ҳам рўза тутилиб, кейин ийд қилинади.


Айни шу хилда амал қилиш борлиқни яратган Аллоҳ таолонинг иродасига мувофиқ равишда ойни белгилашдир. Айни шу ишни мусулмонларгина амалга оширадилар. Улар йилнинг ўн икки ойини ҳисоблашни ҳам ҳилолни кўриб бошлайдилар, ҳилолни кўриб, унинг тамом бўлганини эътиборга оладилар. Ойнинг ер куррасига ва ундаги мавжудотларга, жумладан, инсонга ҳам ўз таъсирини ўтказиши ҳаммага маълум. Шундай экан, нима учун ойларни ҳисоблашда унинг таъсири бўлмаслиги керак?


Энди мусулмонлардан бошқаларнинг ой ҳисобида мантиқ бор ёки йўқ эканлигини бир ўйлаб кўрайлик. Бир йил, балки бир неча йил олдин қайси ойнинг қачон бошланишини белгилаб қўйиб, ўша кунни ойнинг охири, ўртаси ёки бошқа пайти бўлишига қарамай, «ой боши» деб аташлари мантиққа тўғри келадими? Албатта, тўғри келмайди.


Шунинг учун фақат мусулмонча ой ҳисобинигина тўғри ва табиий, дея оламиз. Вақт ҳисобига ойни ўлчов қилиб олишда кўплаб ҳикматлар бор.


Аввало, ой борлиқдаги энг катта аломатдан бири ҳисобланади. Ўшандай катта аломатни кўриб, рўза тутишни бошлаш ва тамомлаш бу муҳим ишда ҳамма нарса очиқ-ойдин бўлишини, ҳеч ким ва ҳеч қандай тараф унга ўзгартириш кирита олмаслигини таъминлайди. Ҳамма бандалар баробар бўлиб, улар Аллоҳнинг амри бўлмиш рўзани бошлаш ёки тамомлаш учун Аллоҳнинг ана шу буюк белгисига – ойга қараб турадилар.


Иккинчидан, ой йилида янги йил ўн икки кун олдинга сурилиб келади. Шунинг учун ҳам ҳар йилги Рамазон ойи аввалгисидан ўн икки кун олдин келади. Шу тариқа ўттиз уч йил давомида йилнинг ҳамма вақтида Рамазон рўзаси тутилади. Бу эса турли шароитда рўза тутишни таъминлайди. Бир минтақада доим қулай, бошқасида эса доимо ноқулай шароитга тўғри келиб қолмайди.


Учинчидан, ойни кўриб, рўза тутиш ва очиш барча мусулмонлар учун баробар ҳукм бўлиб, бу уларнинг бирликлари рамзи ҳамдир. Яна бошқа ҳикматлар ҳам кўп. Лекин ҳақиқий ҳикматларини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Албатта, биз уммий умматмиз, ёзмаймиз ҳам, ҳисобламаймиз ҳам. Ой мана бундай, мана бундай бўлур», дедилар.
Яъни бир марта йигирма тўққиз, бир марта ўттиз, (демоқчилар)». 
Учовлари ва Насаий ривоят қилганлар.


«Уммий» дегани «онадан туғилгандек, ўқиш-ёзишни ўрганмай юрган» деган маънони билдиради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «ёзмаймиз» деганлари ўша пайтдаги арабларнинг умумий ҳолини эътиборга олиб айтилгандир. Аслида эса араблар ичида ўша вақтда ҳам ўқиш-ёзишни биладиган кишилар бўлганлиги маълум ва машҳур. Ана шу оз сонли кишилардан баъзиларининг Қуръони Каримни Пай¬ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ёзиб борганликлари ҳам собит ҳақиқатдир.


Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «ҳисобламаймиз» деган сўзни мунажжимлик ҳисобларини эътиборга олган ҳолда айтганлар.


Шунингдек, бу ҳадиси шарифдан ой баъзида йигирма тўққиз кун, баъзида ўттиз кун бўлишини билиб оламиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буни икки қўлларининг бармоқлари билан ишора қилиб англатганлар. Бир марта ўнта бармоқларини уч марта қайта-қайта кўрсатиб, ўттиз кунни, иккинчи мартасида икки марта тўлиқ ва бир марта бир бармоқларини букиб, йигирма тўққизни ифода қилганлар.


Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ойга хотинларидан ийло қилдилар. Йигирма тўққиз кун ўтгандан сўнг эса эрталаб (ёки кечқурун) кирдилар. Шунда у зотга:
«Сиз бир ой кирмасликка қасам ичган эдингиз?» дейилди. У зот: 
«Ой йигирма тўққиз кун (ҳам) бўлади», дедилар». 
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Имом Муслим:
«Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қўлларини уч марта – икки мартасида ҳамма бармоқларини, учинчисида эса тўққиз бармоқни букиб кўрсатдилар», деган жумлани зиёда қилган.


«Ийло» сўзи шариатда эркак кишининг маълум вақт хотини олдига кирмаслик ва унга яқинлик қилмаслик ҳақида қасам ичишини англатади.


Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида оналаримиз розияллоҳу анҳоларнинг олдиларига бир ой давомида кирмасликка қасам ичганлар. Йигирма тўққиз кун улардан бирорталарининг ҳам олдиларига кирмаганлар.


Сўнгра эса мана шу ривоятда баён қилинганидек, кириб келганлар. Шунда «Бир ой ўттиз кун бўлади-ку. Нима учун бир ойга ийло қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у муддат тамом бўлмасдан, аёллари олдига кириб келдилар?» деган савол пайдо бўлган. Баъзи кишилар буни Пай-ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эслатганларида У зот ой гоҳида йигирма тўққиз кун бўлишини, ўша ой йигирма тўққиз кунлик бўлганлиги туфайли бир ойга қилган ийлолари бузилмаганини билдирганлар.


Демак, Рамазон ойи ҳам гоҳида йигирма тўққиз, гоҳида ўттиз кун бўлар экан. Буни эса ҳилолни кўриш билан аниқланади.


Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Икки ийд ойлари – Рамазон ва Зулҳижжа (биргаликда) нуқсонли бўлмас», дедилар». 
Тўртовлари ривоят қилганлар.


Уламоларимиз ушбу ҳадиси шарифнинг маъноси ҳақида бир неча хил таъвиллар айтганлар. Биз ўрганаётган ушбу бобга тегишли таъвилда эса икки ийд ойлари – Рамазон ва Зулҳижжа бир йилда баробарига нуқсонли, яъни йигирма тўққиз кунлик бўлмаслиги айтилган. Бири йигирма тўққиз кунлик бўлиши мумкин, лекин иккаласи ҳам баробар бўлмайди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
(Ҳадис ва ҳаёт китобидан)

 

Мавзуга оид мақолалар
Нима учун Рамазонда нафсларимиз роҳатланади Чунки бу ойда нима учун яратилган бўлсак, ўша ғоя узра машғул бўламиз. Баъзи рўзадорлар таровеҳ намозини ўқишмайди давоми...

738 14:08 / 06 апрель
Келишинг энтикиб кутганимиз фазилатли ой ҳам кўз очибюмгунча сафари қариб, жўнашга шайланиб турибди...Ҳаёт ҳам шундай....Соат қиёмат иши эса, кўз очибюмгандек ёки давоми...

1834 19:40 / 12.05.2021
Мусулмон халқлари ҳаётида ҳар йили Рамазон ойи ўзгача шукуҳ ва кўтаринки кайфият касб этиб келган.Аждодларимиз ижтимоий турмуш тарзи ҳақида сақланиб қолган давоми...

2159 14:06 / 28.04.2021
Эй Роббим Ҳолимизга раҳм қил Сен раҳм қилмасанг, кимга юзланамиз, қаердан нажот топамизЗотан, энг меҳрибон, раҳмшафқатли Зот ЎзингсанШу сабабли бизларни давоми...

3251 17:00 / 26.04.2022
Аудиолар

135351 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55600 14:35 / 11.08.2021