Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 22 жумадул аввал | 2024 йил 24 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (222-дарс) Ҳар бир инсонга муҳим бўлган шахсий озодалик

19:00 / 15.03.2023 2686 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا،النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: عَشْرٌ مِنَ الْفِطْرَةِ: قَصُّ الشَّارِبِ، وَإِعْفَاءُ الِّحْيَةِ، وَالسِّوَاكُ، وَاسْتِنْشَاقُ الْمَاءِ، وَقَصُّ الْأَظْفَارِ، وَغَسْلُ الْبَرَاجِمِ، وَنَتْفُ الْإبْطِ، وَحَلْقُ الْعَانَةِ، وَانْتِقَاصُ الْمَاءِ أَيْ الاِسْتِنْجَاءُ. قَالَ مُصْعَبٌ: وَنَسِيتُ الْعَاشِرَةَ إِلَّا أَنْ تَكُونَ الْمَضْمَضَةَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ўн нарса фитратдан (соф табиатдан)дир: мўйлабни қисқартириш, соқолни ўстириш, мисвок, бурунга сув олиб тозалаш, тирноқларни олиш, бўғинларнинг бужмайган жойларини ювиш, қўлтиқ (туки)ни юлиш, қовуқ (туки)ни қириш, истинжо қилиш», дедилар. Мисъаб: «Ўнинчисини унутдим, оғизни чайиш бўлса керак», деди».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Оиша онамиздан ривоят қилинаётган бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини ҳар бир инсон учун ўта муҳим бўлган шахсий озодалик ишларига тарғиб қилмоқдалар.

Ўша ўн нарсанинг ичида мисвок қилиш ҳам бор бўлганлиги учун ҳадис ушбу бобда келтирилмоқда.

Энди мана шу ҳадис аввалида зикр қилинган «фитрат» сўзининг асл маъносига эътибор қилайлик.

«Фитрат» сўзи бизнинг тилимизда «соф табиат» маъносини англатади. Уламоларимиз таърифида эса:

«Анбиё ва Расуллар, мўминлар қадимдан амал қилиб келаётган, худди яратилишларига қўшиб қўйилганга ўхшаб кетган амалларга «фитрат» дейилади».

Ушбу ҳадисда ана шундай фитратда бор нарсалар ўнта эканлиги айтилмоқда. Улар билан танишиб чиқайлик:

1. «Мўйлабни қисқартириш».

Бу иш суннат эканлигига уламоларимиз иттифоқ қилишган. Мўйлабни ўша одамнинг ўзи қисқартирса ҳам бўлади, бошқа биров қисқартириб қўйса ҳам бўлади. Мўйлабни қисқартириш – лабнинг атрофини кўриниб турадиган қилиб қўйишдир. Ҳанафий уламолар мўйлабни бир йўла олишни тавсия қилганлар. Чунки мўйлаб оғизга тушиб турса, унга илашган чанг ва микроблар таом ва шаробга қўшилиб, ичкарига кириб кетса, зарар етказади.

2. «Соқолни ўстириш».

Буни баъзилар соқолга умуман тегмасдан, ўстириш, қандай бўлса, шундай қўйиб юбориш деб тушунадилар.

Кўпчилик уламолар эса «Бир қабзадан (тутамдан) ортиғини қисқартирса, томоқ остини олса бўлади. Чунки Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу шундай қилганлар», дейишади.

3. «Мисвок».

Мисвок қилиш фақат таҳорат вақтига боғлиқ эмас. Бошқа ҳадисларда намоз ўқишдан олдин, уйқудан тургандан кейин ва бошқа вақтларда ҳам мисвок қилингани айтилган. Шунингдек, таомдан кейин оғизни чайиш ҳам таъкидланган.

Уламоларимиз мисвокнинг фойдалари ҳақида ҳам батафсил гапирганлар. Жумладан, мисвок оғизни тозалаши, Роббни рози қиладиган амал эканлиги, тишни оқартиришидан ташқари, ҳидни яхшилаши, қоматни тўғрилаши, соч-соқолнинг оқаришини кечиктириши, зеҳнни ўткир қилиши, ахлоқни яхшилаши каби фойдаларини ҳам зикр қилганлар.

Ҳофиз ибн Ҳажар розияллоҳу анҳу мисвокнинг ўттиздан ортиқ фойдаларини келтириб ўтган эканлар.

Бугунги кунимиз табиблари эса мазкур фойдалар рўйхатига мисвокнинг асабга, кўзга, нафас олиш, ҳазм қилиш аъзоларига ва бошқа муҳим нарсаларга ҳам фойдаси борлигини қўшмоқдалар.

4. «Бурунга сув олиб тозалаш».

Буруннинг инсон ҳаётида тутган ўрнини гапириб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Шундай муҳим аъзони яхшилаб, озода ҳолда тутиш ҳар бир мусулмон учун дийний мажбуриятдир. Ҳар таҳоратда бурунга яхшилаб сув олиб, ичкарисига тортиб, сўнгра чиқариб ташлашни уч марта қилиш бор. Бу билан бурунга кириб қолган турли зарарли чанг-ғубор ва микроблар чиқариб юборилади ва инсон соғлиги учун муҳим иш амалга оширилади.

Яқинда олимлар бу борада илмий тажриба ўтказдилар. Бунинг учун бир гуруҳ намозхон ва бир гуруҳ бенамоз одамларни, яъни бурнини доимо тозалаб юрадиган ва тозаламайдиган одамларни тўпладилар ва уларнинг бурунлари ичини ўрганиб чиқдилар. Намозхонларнинг бурунлари тоза, ичида соғлиқлари учун зарарли нарсалар йўқлиги маълум бўлди. Бенамозларнинг бурунлари ичидан эса турли микроблар чиқди. Уларнинг исмлари ва миқдори рўйхатини туздилар. Сўнгра бурнини тозаламайдиганларда мавжуд беморликлар рўйхати тузилди ва бурнини тозалайдиганлар ушбу беморликлардан фориғ эканликлари аён бўлди. Агар гап чўзилиб кетиши истиҳоласини қилмаганимизда, илмий нашрлардан бирида чоп этилган мақолани тўла таржима қилиб, мазкур китобга киритган бўлардик.

Биргина шу мисолнинг ўзидан ҳам Ислом дийнимиз қанчалик улуғ дийн эканлигини англаб олиш мумкин, деб ўйлаймиз.

5. «Тирноқларни олиш».

Бу ҳам суннат амал. Тирноқни ўстириб юриш яхши эмас. Тирноқни олиш маданият одобининг зарурий шартларидан биридир. Уни ўстириб юриш жуда хунук иш бўлиши билан бирга, инсонга кўп жиҳатдан зарар келтиради. Буни ҳар бир одам жуда яхши билади.

6. «Бўғинларнинг бужмайган жойларини ювиш».

Яъни, ўша жойларга кир тўпланиб қолишига йўл қўймаслик. Бу эса бадан поклигига ғоятда катта эътибор беришнинг аломатидир. Демак, таҳорат ва ғусл қилганда, аъзоларни ювган вақтда эътибор билан, бадандаги ҳеч жойни қолдирмасдан, сув етказиб, тозалаб ювиш керак.

7. «Қўлтиқ (туки)ни юлиш».

Бу ҳам суннат амал эканлигига ҳамма уламолар иттифоқ қилганлар. Қўлтиқ тукини ўстириб юриш ёмон нарса. Чунки бунда у ерда кир тўпланиши, тер билан аралашиб, инсондан қўланса ҳид чиқиб турадиган бўлиб қолиши мумкин. Бу иш турли касалликларга, жумладан, тери касалликларга сабаб бўлиши аниқ.

8. «Қовуқ (туки)ни қириш».

Бу ҳам суннатдир. Эркак ва аёлнинг жинсий аъзоси атрофидаги мўйлар олиб турилмаса, кўпгина зарарлар келиб чиқишини тушунтириб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Мазкур жойдаги мўйни қириш, юлиб ташлаш ёки бошқа воситалар билан ҳам кетказиш мумкин. Мусулмон одам бу суннат амалига алоҳида эътибор ила қараши лозим.

9. «Истинжо қилиш».

Истинжонинг луғавий ва шаръий маъноларини, унга оид бошқа маълумотларни истинжога тегишли дарсларда батафсил ўргандик. Бу ерда эса истинжо қилмаслик турли касалликларга, ифлосликка, қўланса ҳид чиқиб туришига сабаб бўлишини айтиб ўтмоқчимиз.

10. Фитратда бор нарсаларнинг ўнинчисига келгач, ҳадиснинг ровийлардан бирлари – Мисъаб розияллоҳу анҳу аниқ эслаб қола олмаган эканлар. Шуни илмий омонат юзасидан, Аллоҳдан қўрқиб, очиғини айтибдилар. Уламоларимиз у киши қандай айтган бўлсалар, шундай нақл қилибдилар. Мисъаб розияллоҳу анҳу ўша ўнинчи нарса – оғизни чайиш эканлиги эҳтимоли кучлилигини ҳам айтибдилар. Дарҳақиқат, оғизни чайиш ҳам таҳоратнинг суннатларидандир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таомдан сўнг, айниқса гўштли ва ёғли таомлардан кейин оғизларини чайганлар. Оғизни доимо чайиб, тозалаб юриш қанчалик фойдали иш эканлиги ҳаммага маълум ва машҳур. Шунингдек, оғизни вақтида чаймаслик оқибатида келиб чиқадиган ноқулайлик ва зарарлар ҳам ҳаммага маълум.

Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинким, шариатимизда соғлигимиз, гўзаллигимиз, саришталигимиз учун зарур бўлган ишларни савоб ҳам оладиган ишга айлантириб қўйибди.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

 

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 18 февралдаги 03-07/1102-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Муаллиф Шайх Мансур Али Носиф раҳматуллоҳи алайҳи ўз китобларини .Бисмиллаҳ, билан бошладилар. Ҳар бир ишни .Бисмиллаҳ, билан бошлаш давоми...

5377 13:30 / 27.03.2019
. . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан у зотнинг завжаларидан бири эътикоф ўтирди. У аёл сарғиш ва давоми...

1613 19:00 / 08.11.2023
иккинчи мақолаУшбу мавзуга боғлиқ биринчи мақоламизнинг давоми ўлароқ кейинчалик мусулмонлар ичида ҳам бу ҳақда турли фикрларни айтган кишилар чиққан. давоми...

3916 15:30 / 22.04.2020
Садақанинг фазли 6тавсия Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар .Эй Каъб ибн Ужра Ҳаром мол билан давоми...

4554 17:00 / 08.04.2016