1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Тавба

11:00 / 06.02.2023 4512 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибнул Жавзий ўзининг «Уйунул ҳикоёт» китобида келтиради:
«Бир қассоб қўшнисининг қизини севиб қолди. Бир куни қизнинг оиласи уни бошқа қишлоққа бир юмуш билан жўнатишди. Қассоб пайтни ғанимат билиб қизнинг изидан тушди. Унга етиб олиб уни севишини айтди. Қизнинг номусига тегмоқчи бўлди.

Аммо қиз деди:
- Мен ҳам сени яхши кўраман. Аммо мен гуноҳ қилишда Аллоҳдан қўрқаман!


Шунда қассоб пушаймон бўлиб деди:
- Сен Аллоҳдан қўрқсанг-у мен қўрқмасам. Бу қанақаси бўлди?!


Қассоб қилмишига тавба қилиб ортига қайтди. Йўлда чанқади. Ҳатто ўлар ҳолатга келди. Шунда Бани Исроил пайғамбарларидан бири унга йўлиқди ва сўради:
- Сенга нима бўлди?
- Чанқадим!
- Унда кел, дуо қиламиз. Булут бизга токи қишлоққа етиб боргунимизча соя солиб боради!


Қассоб деди:
- Менда дуо қилиш учун солиҳ амал йўқ!


Пайғамбар деди:
- Мен дуо қиламан, сен «омин» деб турасан!


Пайғамбар дуо қилди, қассоб «омин» деб турди. Улар токи қишлоққа киргунларича булут уларга соя солиб келди. Улар ажрашгач, булут қассобга соя солиб кета бошлади. Шунда пайғамбар деди:
- Булут мени тарк қилиб сенга эргашди-ку! Сен бўлсанг солиҳ амалим йўқ дейсан. Қанақа амалинг борлигини менга айтасан!


Қассоб пайғамбарга қиз билан ўртасида бўлиб ўтган воқеани айтиб берди. Шунда пайғамбар деди:
- Булутнинг сенга эргашгани сабаби мана шу. Аллоҳга тавба қилган киши Унга шу қадар яқин бўладики, бошқа ҳеч ким унчалик яқин бўла олмайди!».
Эҳтимол ғафлатдалик пайтингизда қилиб қўяётган, тарк қилиш қўлингиздан келмаётган гуноҳларингиз туфайли қалбингиз синиқдир.


Нафсингиз сиздан ғолиб келиб, шайтон васваса қилиб бу гуноҳни қилиб қўяётгандирсиз...
Гуноҳни қилиб бўлгандан сўнг надомат қилиб пушаймон бўлаётгандирсиз.
Шу гуноҳ туфайли қалбингизда тангликни ҳис қилаётгандирсиз.
Сизнинг қалбингизда демак ҳаё бор. Қилмишингиз туфайли Аллоҳдан ҳаё қиляпсиз. Аслида Унга осий бўлишни истамайсиз.


Аммо сиз ўзингиздаги заифликнинг сабабини билмаяпсиз. Бир неча бор тавба қилдингиз. Яна гуноҳ қилиб қўймоқдасиз.
Сиз мана шу аҳволдасиз. Тавба қиласиз, гуноҳ қиласиз, тавба қиласиз, гуноҳ қиласиз.
Эҳтимол сиз «менинг бундайлигимни қаердан билдинг, ёки ғайб эшиги очилдими», деб савол берарсиз менга.


Йўқ! Ғайб эшиги очилмади. Аллоҳ бир мўъминнинг айбини бошқасига очмайди. Аллоҳ таоло модомики, бандаси гуноҳ қилганида хижолат бўлиб қилар экан, унинг сирини очмайди. Унинг Саттор сифати бор. Тавба қилиши учун бандасига имкон беради.


Сабаби шуки, мен ҳам сиз каби бандаман. Мен ҳам бу ҳолатга тушиб тураман. Нафсим билан курашаман. Бир мен, бир нафсим ғолиб келади. Мен ҳам гуноҳ қиламан, хижолат бўламан. Маъсум эмасман. Мен сизга ҳам, ўзимга ҳам тасалли бераман. Мен сизга ҳам, ўзимга ҳам хитоб қилмоқдаман. 
Келинг руҳим руҳингизни қучоғига олсин. Бир-биримизга тасалли берайлик. Бир-биримизни юпатайлик, умид берайлик.


Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Ҳар бир банданинг одат қилган гуноҳи бўлади. Ёки дунёдан ўтгунича тарк қила олмайдиган гуноҳи бўлади. Мўъмин киши қизиқувчан қилиб, тавба қиладиган қилиб, унутувчан қилиб яратилган. Агар унга эслатилса эслайди!».


Қандай ажойиб ҳадис! Ҳар-бир кишининг гуноҳи бор. Биз инсонлардаги ожиз томонимиз мана шу. Вақти-вақти билан шунга одатланиб қоламиз. Бир гуноҳ қилсак, бир тавба қиламиз. Гоҳида эса бутун умр бир гуноҳни қилиб юрамиз. Уни тарк қилишда куч топа олмаймиз ўзимизда. Нафсимиз ва шайтонимиз билан даҳшатли жанг қиламиз. Аммо уруш бу ўзгарувчан бўлар экан. Гоҳида биз ғолиб бўлсак, гоҳо нафс ва шайтон ғолиб бўлади.


Аллоҳ таоло мўъминни қизиқувчан қилиб яратган. Уни имтиҳон қилиб туради. Аллоҳ таоло мўъминни тавба қилувчи қилиб яратган. У кўп тавба қилади. Аммо мўъминни унутувчан қилиб яратган. Тавбасини унутади. Бир заифлашса, бир кучаяди. Аммо шундай бўлса-да, унга эслатилса эслайди. У ҳаё қилади, сурбет бўлмайди. Ҳаққа бўйсунади, мутакаббир бўлмайди. Қилган гуноҳидан уялади, уни ошкор қилмайди!


Бу гаплар билан гуноҳ қилаверинг демоқчи эмасман. Ҳамманинг аҳволи шу, демоқчиман!
Шайтон ва нафсингиз билан курашда давом этинг. Бугун мағлуб бўлсангиз, эртанги ғалабангиз билан ундан интиқом олинг. Бугун гуноҳ қилиб қўйсангиз, дарров тавбага шошилинг. Агар маъсиятдан қутилишга кучингиз етмаса уни тоатлар билан сиқиб чиқаришга ҳаракат қилинг. 


Эҳтиёт бўлинг! Шайтон кўзингизга зинҳор гуноҳларингизни катта қилиб кўрсатмасин. Аллоҳнинг раҳматини кўра олиш учун дарча қолсин. Минг марта гуноҳ қилсангиз минг марта тавба қилинг. Сиз ва биз каби гуноҳкорларни кечиргани ва кечириши учун Аллоҳ таоло Ғаффор дейилади!
Аллоҳнинг изни билан жаннатда учрашгунимизча бир-биримизга тасалли берамиз, юпатамиз, осон йўлларни кўрсатамиз!


Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. , . , . , . . Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий алайҳиссалом Абу Бакр ва Умар билан бирга уни Мадина давоми...

2922 16:58 / 31.05.2024
. , . ,. . Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ алайҳиссалом .БайтулМақдиснинг обод бўлиши Ясрибнинг хароб давоми...

3115 11:31 / 29.07.2024
Муҳтожлик ва йўқсиллик кишини кўпинча инсон табиати оқламайдиган ишларга ундайди. Айниқса, атрофида бойбадавлат, камкўстсиз ҳаёт кечирадиганлар бўлса аҳвол яна давоми...

3391 18:00 / 17.06.2021
Бир киши Ҳотам Тойдан .Эй Ҳотам, бирор киши саховатда сиздан устун бўлганми,, деб сўради. У қуйидагича жавоб берди .Ҳа, Той қабиласидан бир етим бола. Бир куни унинг давоми...

1042 13:15 / 15 июль