1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Томошабинларни сеҳрлаган манзара

15:49 / 13.01.2023 3122 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Милодий олтинчи асрда оламда инсоният ўзини ўзи ўлдиришга рози бўлибгина қолмай, балки бу ишга ошиқар эди. Гўёки у бу ишни қилиш учун назр атаган ёки қасам ичган-у, атаган назрию ичган қасамини амалга оширишга тиришаётганга ўхшар эди.

Қуръони Карим ушбу манзарани ҳеч бир рассом, адиб, ривоятчи ёки тарихчи тасвирлай олмайдиган даражада аниқ тасвирлаб берган:

«Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди» (Оли Имрон сураси, 103-оят).

Тарихчиларни Аллоҳ раҳмат айласин. Улар бизга рисолаи Муҳаммадия воқеаларини тасвирлаб бераётганларида жоҳилиятни тўғри ва дақиқ тасвирлаб бермаганлар. Улар маъзурлар, ажру савоб эгасидирлар. Уларга ташаккур, чунки адабиёт ва луғат захираси уларга ёрдам бера олмаган. Аслида бу нарса ниҳоятда баҳайбат, улкан, аммо дақиқ ва мавҳум бир нарсадир. Уни қалам билан, луғавий қудрат билан ва баёний салоҳият билан васф қилиб бўлмайди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар этиб юборилган аср ижтимоий ва ахлоқий тушкунлик муаммоси асри эдими? Ёки бутпарастлик муаммоси асри эдими? Ёки у ароқхўрлик, қиморбозлик, бемаънилик, зулму истибдод муаммоси асри эдими? Ёки золимона иқтисодий қонунлар ва ситамкор ҳокимлар муаммоси асри эдими? Ёки қизларни тириклай кўмиш муаммоси асри эдими? Йўқ! У аср бутун бошли инсониятни тириклай кўмиш муаммоси асри эди!

Бу босқич тугаб битди. У авлод инқирозга учради. Мазкур хунук кўриниш кишилар тасаввуридан ғойиб бўлди. Энди уни қандай тасаввур қила оламиз? Қандай қилиб уни кўз билан кўриб, қўл билан ушлайдиган қиламиз? Бу ҳақда «Ўша жоҳилият асрида бўлиб, уни тўла тушуниш учун унда яшаш ва унинг ўтида куйиш керак», дея оламиз, холос.
Агар бирор суратчи ўша пайт инсонини тасвирламоқчи бўлса, ғоятда чиройли, саломат, хушбичим ва сарвиқомат бир одам суратини чизар эди. Инсон ҳамма нарсани яхшилаб яратувчи Аллоҳнинг санъати намунасидир. Унга фаришталар ҳам ҳавас қилганлар. Аллоҳ уни Ўзининг халифаси қилган. У бутун мавжудотнинг зийнатидир. У ҳақиқат ва ирфоннинг мағзидир. Унинг сабабидан ушбу ер харобадан ободга айлангандир. Ҳалиги суратда ана ўша инсон ўзини ичида олов ловуллаб турган катта хандаққа ташламоқчи бўлиб тургани тасвирланган бўларди. У ўзининг бор кучини йиғиб, кийимларини йиғиштириб, бир оёғини хандақ томон кўтариб турибди. Бир неча лаҳзадан сўнг ўлим зулматига ўзини уради. Ушбу тасвир Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар этиб юборилган пайтдаги инсониятнинг ҳолини бир оз тасвирлаган бўлади. Қуръон бу ҳолатга ишора қилиб: «Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди», дейди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳолатни тасвирлаб, шундай деганлар: «Мен ва менинг умматим худди олов ёқиб ўтирган одам ҳамда унга келиб тушаётган ҳашарот ва капалакларга ўхшаймиз. Мен сизнинг белбоғингиздан тутиб турибман, сизлар эса ўзингизни оловга урасиз».

Ушбу қиссадаги катта муаммо инсоният кемаси Аллоҳнинг ҳифзу ҳимоясида нажот қирғоғига соғ-саломат чиқиб олмоғи эди, чунки инсон рисоладагидек бўлиб, унинг табиати мўътадил, ҳаёти мувозанатли бўлганда унинг барча бунёдкорлик ва тараққиётга оид режалари, адабий ва илмий режалари амалга ошади.

Шундан келиб чиқиб, «Бутун инсоният анбиё алайҳиссаломлар олдида қарздордир», деймиз, чунки улар инсониятни бўйнида қиличдек осилиб турган турли хатарлардан қутқарганлар. Барча илмий режалар, ижтимоий лойиҳалар, фикрий ёки фалсафий мактаблар уларнинг фазлидан холи эмас. Шунингдек, ҳозирги олам ҳам уларнинг олдида ўзининг боқий қолгани, бардавом бўлгани ва ҳаёт ҳаққига эришгани учун қарздордир.

Чунки инсоният тили билан эътироф қилмаса ҳам, ҳоли билан кўп марта бу ҳақиқатни эътироф қилгандир. У кўп марта ўзида ҳаёт ҳаққи қолмаганини, раҳм-шафқат қолмаганини, файзу барака, яхшилик қолмаганини тан олган.
Инсоният илоҳий маҳкамада бир неча бор ўзига қарши ўзи даъво очган ва ўзига қарши гувоҳлик ҳам берган. Унинг иши бўйича тўлган дафтарлар охирги ва одил ҳукм чиқиши учун тайёр ҳам бўлган эди. Инсон ўзини тасаввур қилиш мумкин бўлган энг катта уқубатга тутган эди. Балки ўлим ҳукмига сазовор бўлган эди. Бунинг ажабланадиган жойи ҳам йўқ. Маданият ўзининг табиий чегарасидан, ўз қобиғидан чиққанда, ахлоқий қадриятларни бутунлай унутганда ёки уларга очиқ-ойдин куфр келтирганда ва инсон барча гўзал ғоялардан, шарафли мақсадлардан ғофил бўлганда, моддий манфаатлардан бошқа ҳамма манфаатларни ёддан чиқарганда, унинг қалби бўрининг, қоплоннинг ёки йўлбарснинг қалбига айланиб қолади. Ана ўшанда унинг жисмида бир хаёлий ёки сунъий қорин пайдо бўлади. Уни ёмонликка амр қиладиган нафс пайдо бўлади. У беқарор бўлиб қолади. Ҳеч бир нарса унинг йўлини тўсмай қўяди. Инсониятни жунуннинг шиддатли хуружи тутганда, Аллоҳ унга бир гуруҳ жарроҳларни ёки бир тўп қонхўрларни юборади. Пичоқлар ишга тушиб, шиш ва яраларни кесиб тозалай бошлайди.

Албатта, маданиятнинг бузилиши, унинг қутуриши ва жинни бўлиши подшоҳлик ва диктатуранинг жиннилигидан кўра ашаддийроқ, ёмонлиги ундан кўра хунукроқдир, чунки бир кишининг жинни бўлиши бир маҳалланинг тинчини бузиши мумкин. Аммо инсониятнинг барчаси жинни бўлганда, маданият ифлосланганда, инсоний табиат бузилганда нима бўлишини тасаввур қилиб кўринг-а! Унинг давоси бўлиши мумкинми?

Жоҳилият даврида маданият бузилибгина қолмай, балки унинг бутун вужуди сасиб кетган эди. Инсон ўз биродари – инсонни овлар, уни ўлдиришдан, ўлими олдидаги қийналишидан ҳузурланар эди. Бу худди бизлардан бирортамизнинг боғу роғларни, гулзорларни кўриб, ҳузурланганимиз каби эди. Ўша давр инсони азобланаётган инсоннинг инграшидан, дод-войидан ва зорланишидан ёқимли шароб, лаззатли таом ёки гўзал манзарадан ҳузурлангандек ҳузурланар эди.

Оврупо қаҳрамонликлари, улуғворлиги, қонунлари ва маданиятини қўшиқ қилиб куйлайдиган Рим тарихига назар солиб кўринг. Унда инсон бемеҳрлигининг жонли мисолини кўрасиз.
Ликий «Оврупо ахлоқи тарихи» номли китобида инсоннинг нодир ваҳшийлигидан бир кўринишни қуйидагича тасвирлайди:

«Рим аҳлини сеҳрлаган манзаралардан энг олийси, улар учун энг яхши ва ҳузурбахш нарсаларнинг бири ўз жинсидан бирининг гладиаторлар олишувида қонга беланиб, йиқилиши эди. Ана ўшанда одамлар ўзларини тута олмай қолар эдилар. Мазкур ваҳшиёна манзарани яқинроқдан кўриш учун ёшу қари, эркагу аёл, ҳатто болалар ҳам бир-бирини туртиб, олдинга ташланишар эди. Улар ўз қавмидан, юртидан бўлган бир кишининг қийналиб ўлишини шунчалик шодлик билан олқишлар эдилар. Унинг ўлими олдидаги инграши улар учун ҳар қандай мусиқа, қўшиқ ва қушларнинг сайрашидан кўра ёқимлироқ эди. Тартибни сақлашлари лозим бўлган миршаблар ҳам бундай тўполоннинг олдида қўлларидан бир нарса келмай, лол қолар эдилар».

Ўша пайтда жоҳилиятнинг пойдевори ўз ўрнидан кўчган эди. Балки у парчаланиб кетган ва уни ислоҳ қилишдан умид йўқ эди. Инсоният илоҳий маҳкама қаршисида туриб, ўзининг охирги ҳукмини кутар эди. Ана шундай бир пайтда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам юборилдилар ва осмондан у зотга: «Биз сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик», деб нидо қилинди.

«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳижрий тўққизинчи йил .элчилар йили, номини олган, чунки асосан шу йили турли қабилаларнинг элчилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, давоми...

1712 17:00 / 02.08.2022
Ҳозирги кунимизда фавқулодда ҳолатга дучор бўлганларга ёрдам бериш энг мақталган ишлардан бирига айланиб қолган. Аммо бундай ишларга ким асос солганини билиб давоми...

1786 12:13 / 29 июнь
Кейинги асрларда нашр этилган деярли барча тарих китобларида Муқаннани ўзбек халқининг қаҳрамони, миллийозодлик ҳаракати йўлбошчиси сифатида талқин этиб давоми...

8457 17:00 / 12.12.2020
Нуҳ алайҳиссаломнинг даъватлариНуҳ алайҳиссалом амри илоҳийни бажаришга, ўз қавмларини Аллоҳ таолонинг динига даъват қилишга киришдилар. У зот қавмларини давоми...

5730 11:20 / 27.01.2019
Аудиолар

137641 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57707 14:35 / 11.08.2021