1447 йил 24 жумадис сони | 2025 йил 15 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Зуҳд ва парҳезкорлик

10:26 / 04.01.2023 1750 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абул Ҳасан Надавийнинг «Қисосун мин ат-тарихил исломий» номли китобида келади:

«Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ шогирдларидан бирининг уйи соясида ўтиришни одат қилган эди. Ўша шогирд имомдан қарз сўради. Қарз берганининг эртаси кунидан Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ унинг уйи соясида ўтирмайдиган бўлди.

Шогирди сўради:

- Нега уйимнинг соясида ўтирмаяпсиз?

Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ деди:

- Бу ишим рибо бўлиб қолишидан қўрқаман!

- Аммо менга қарз беришдан олдин ўтирар эдингиз-ку?!

- Унда сен менга соянг туфайли марҳамат кўрсатаётган эдинг. Энди эса мен сенга пул қарз бердим. Бу ҳолатда мен сенга марҳамат кўрсатяпман. Шунинг учун қўрқяпман!».

Бу ҳикоя фиқҳий бобларда эмас, парҳезкорлик ва зуҳд бобида келтирилади. Парҳезкорлик дегани ҳаромга тушиб қолишдан қўрқиб баъзи ҳалоллардан ҳам тийилиш деганидир!

Олдингилар парҳезкорлик ҳақида хаёлга сиғмайдиган ҳикояларни келтиришган.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга бир хушбўйлик келтирилди. Уни мусулмон аёлларга тақсимламоқчи бўлиб деди:

- Қани энди бирор аёл буни тақсимлаб берса эди!

Шунда хотини деди:

- Мен тақсимлаб бераман!

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу деди:

- Йўқ! Сен тақсимламайсан. Кийимингга унинг ҳидидан тегадими деб қўрқаман. Бу эса бизга ҳалол эмас!

Абдуллоҳ ибн Муборак роҳимаҳуллоҳ Шомда турганида бировдан бир қаламни омонатга олди. Марвга қайтганида қаламни қайтариш ёдидан кўтарилганини англади. Дарҳол Шомга қайтиб қаламни эгасига топширди ва яна Марвга қайтди!

Шом билан Марв ўртасидаги масофани тасаввур қиляпсизми?

Умар ибн Абдулазиз роҳимаҳуллоҳ одамларга олма тарқатаётган эди. Ўғилчаси келиб битта олма олди. Умар дарҳол ўғлининг қўлидан олмани тортиб олиб жойига қўйди.

Ўғли уйига йиғлаган ҳолда келди. Онаси унга икки дирҳамга бозордан олма сотиб олиб едирди. Умар келганида қолган олмадан унинг олдига қўйди. Умар сўради:

- Бу олма қаердан келди?

Хотини деди:

- Бозордан сотиб олдик!

Умар деди:

- Бугун роса олма ейишга ҳавас қилган эдим!

Эътибор беринг, мусулмонлар халифаси халққа олма тарқатиб, егиси келса-да, ўзи емабди!

Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ ўзининг «Ал-бидая ван-ниҳая» китобида келтиради:

«Бишр Ҳофийнинг синглиси имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳнинг олдига келиб сўради:

- Биз томда ипак йигирамиз. Гоҳида султоннинг аскарлари машъала кўтариб ўтиб қолади. Ўша машъаланинг нурида ипак йигиришимиз мумкинми?

Имом Аҳмад сўради:

- Аллоҳ сенга раҳм қилсин, кимсан?

- Мен Бишр Ҳофийнинг синглисиман!

Имом Аҳмад йиғлаб туриб деди:

- Зуҳд ва парҳезкорлик сизнинг уйингиздан балқиб чиқади. Машъала нурида ипак йигирма!

Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг бизнинг кунимизгача етиб келган ижтимоий аҳамиятга эга бир қанча сўзлари мавжуд, лекин биз бу ерда мавзуга оид давоми...

3141 14:54 / 03 январь
. ,. .Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир,, давоми...

2921 17:36 / 03.10.2019
Билол ибн Абу Рабоҳ билан Абу Зарр розияллоҳу анҳумо бир масалада тортишиб қолишди. Шунда Абу Зарр ҳазрати Билолдан ғазабланиб, .эй қора хотиннинг ўғли, деб юборди. давоми...

1476 09:01 / 11.10.2024
Аҳмад ибн Юсуф ўзининг .Мукофот ва гўзал оқибат, номли китобида шундай ёзади.Ҳорун ибн Маллул отасидан жуда катта молдавлатни мерос қилиб олди. У молни ҳисоб китоб давоми...

2401 11:58 / 15.12.2022