1447 йил 2 шаъбон | 2026 йил 21 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

100-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатида спорт мусобақалари ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди

16:20 / 26.12.2022 2292 pdf Ўқиш режими + -

Аллоҳ таолонинг ҳикматига кўра, инсонларга турли тақдирлар битилган. Кимдадир беморлик, кимдадир камбағаллик ва ҳоказо синовлар. Инсон ўша синовларни бардош билан енгиб ўтишда Аллоҳ берган тақдирга рози бўлса, хотиржамликка эришади ва улкан ажрлар қозонади, ин ша Аллоҳ.

Маълумки, пойтахтимизнинг Олмазор туманида жойлашган, таянч ҳаракат аъзоларида нуқсони бўлган болалар учун 100-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернати мавжуд. Ушбу мактабда таҳсил олаётган ўқувчилар жисмонан заиф бўлса-да, уларнинг ҳаётга интилиши, илм олишга рағбати, эзгу мақсадлари таҳсинга сазовор. Қолаверса, улар ўзларидаги имкониятлардан унумли фойдаланиб, республика ва халқаро мусобақаларда ҳам фахрли ўринларга сазовор бўлишмоқда.

Куни кеча мактаб интернатида «Shafii» лойиҳаси ташаббуси билан спорт мусобақалари ғолибларини тақдирлаш ва ўқувчиларга хурсандчилик улашиш мақсадида тадбир ташкил этилди. 

Тадбирда футбол, сузиш, эшкак эшиш, таэквондо, қўл жанги, бадминтон каби спорт турлари бўйича чемпионликни қўлга киритган ҳамда нуфузли ўринларни эгаллаган совриндорлар, эсдалик совғалар билан тақдирландилар.



Жумладан, Улуғбек Тошпулатов футбол бўйича жаҳон чемпионатида фахрли учинчи ўринни эгаллаган. Алижон Неков сузиш бўйича, Камол Чулиев таэквондо бўйича, Санжар Абдусаломов ва Отабек Рихсибоев қўл жанги бўйича, Муҳайё Абдусатторова эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон чемпионатида биринчи ўринни қўлга киритишган.

Қолаверса, Равшан Алишеров, Жасур Жахбаров, Нафиса Ҳимматова, Гулсевар Маҳкамова, Шинор Асатиллаева, Илҳом Ҳабибуллаевлар иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаб, совриндорлар қаторидан жой олишган. 

Тадбирда «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жомеъ масжиди имом ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид ҳам иштирок этиб, ўқувчиларнинг илм олиш, хорижий тилларни ўрганиш билан бирга, спорт мусобақаларида қатнашиб, нуфузли ўринларни олаётганидан мамнунлигини ва бу ютуқлар ўқувчиларга бахтиёрлик, юртимизга шараф бўлаётганини таъкидладилар. Улуғ алломаларнинг ҳаётларидан мисоллар келтириб, гарчи уларда жисмоний имкониятлар чекланган бўлса-да, улкан илм хазинасини қолдириб кетганликлари, хусусан, кўзлари ожиз бўлган имом Шотибийнинг асарларидан бугунги кунда ҳам кенг фойдаланилаётганини эслаб ўтдилар.

Тадбир давомида ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари, ташкилотчилар, мактаб маъмурияти ва барча хайрихоҳлар ҳақларига дуолар қилинди. 

Бу тадбир билан ўқувчиларнинг қалбига хурсандчилик кирганини юзларидан, кулгуларидан англаш қийин эмас. 

Ҳазрат Навоий раҳматуллоҳи алайҳ таъбири билан айтганда: 

Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай, 

Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай.

Қамариддин Бекмуҳаммад

 

Муаллиф
Қамариддин Бекмуҳаммад
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Хадичаи Кубро, аёлқизлар ўрта махсус таълим муассасасида китоб кўргазмаси ўтказилди .Hilol Nashr, нашриёти Тошкент шаҳридаги .Хадичаи Кубро, таълим муассасасида давоми...

932 16:18 / 12.10.2024
Бутун дунё мусулмонлари учун Рамазон нафақат рўза тутиш, балки муҳтожларга эҳсон қилиш ойидир. Бу ой давомида қилинган эҳсонларга бошқа ойларга нисбатан кўпроқ давоми...

1684 18:25 / 03.04.2023
ИЛМНИ ТАРТИБ БИЛАН ОЛИШ КЕРАКАллоҳ таолога ҳамду санолар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсинАллоҳ таоло борлиқни тартибинтизом давоми...

76056 02:45 / 01.07.2020
Ислом молияси бўйича халқаро сертификатлаш дастури билан 2 йил олдин шартнома имзолаганимизда .Ўзбекистонда бу соҳада ким ҳам имтиҳон топширарди,, деган шубҳа давоми...

1680 17:39 / 20.12.2024