1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Буюк алломаларимиз биз учун ҳидоят маёғидир

15:07 / 24.12.2022 1479 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси юртимиз ҳаётида тобора алоҳида аҳамият касб этиб бораётган муҳим воқеа ҳисобланади. 2017 йилдан буён анъанага айланган бу ижобий тадбирда тугаётган йилдаги асосий кўрсаткичлар, янги йилга мўлжалланган мақсад ва вазифалар эълон қилинади. Янги марралар белгиланади. Кўзланган мақсадлар мазмунидан келиб чиқиб, бошланажак йил номи таклиф этилади. 
2022 йил 20 декабрь куни бўлиб ўтган навбатдаги мана шундай тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ташкилотлари раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари қатори камина ҳам иштирок этдим.
Ушбу мурожаатномада юртимиз тараққиётининг янги босқичини ўз ичига олган режалар тақдим этилишини миллионлаб мўмин-мусулмонларимиз катта қизиқиш билан кузатди. Аҳамиятлиси шуки, ана шу теран мулоҳаза ила узоқни кўзлаб қилинган чиқишнинг ҳар бир жиҳати жуда ҳам кенг масалаларни ўз ичига қамраб олган.
Давлатимиз раҳбари келгуси йилга мўлжалланган устувор йўналишлар ҳақида нутқ сўзлар экан, Янги Ўзбекистон стратегиясининг давомийлигини таъминлаш мақсадида 2023 йилнинг “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йили деб эълон қилиниши бошланган эзгу ишларнинг узвий давоми бўлди.
Азим пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида бўлиб ўтган бу галги нуфузли анжуманда давлатимиз Раҳбари ҳозирги ғоят мураккаб даврда тинчлик-осойишталикни асраб-авайлаш нечоғли муҳим экани ҳақида сўз юритиб, қуйидаги ўта муҳим жиҳатларга алоҳида тўхталдилар:
– Бутун дунёда кучайиб бораётган радикализм, экстремизм, терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик каби хатарлар, афсуски, бизни ҳам четлаб ўтмаяпти.
Лекин такрор айтаман, мусулмон умматига сабоқ берган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби буюк уламолар етишиб чиққан бизнинг диёримизда бу борада адашганлар, радикализм ва экстремизм ғояларига берилганлар бўлиши мумкинми?  
Биз жамиятимизда ҳар қандай радикаллашувга, ёшларимиз онгини бузғунчи ёт ғоялар билан заҳарлашга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга, маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўймаймиз.
Шубҳасиз, ҳозирги кунда юртимизда тинчлик-осойишталикни таъминлаш, миллатлараро ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш йўналишидаги ишларни изчил давом эттириш долзарб вазифадир. Зеро, тинчлик ва хотиржамлик – Аллоҳ таолонинг буюк неъмати. Барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикда бўлади. Бу  неъмат бебаҳо экани тўғрисида Ислом дини манбаларида ҳам такрор-такрор айтилган. 
Қуръони каримнинг юздан ортиқ оятларида тинчлик, эзгулик ва бағрикенгликка чақирилган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“Аллоҳ ризосини топишга интилганларни Қуръон билан тинчлик ва саломатлик йўлларига йўллаб, Ўз изни билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва тўғри йўлга ҳидоят қилур” (“Моида” сураси 16-ояти).
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг улуғ неъмат эканини таъкидлаб, шундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. Улар тинчлик-хотиржамлик ва сиҳат-саломатликдир” (Имом Бухорий ривояти).
Ҳаётнинг бир маромда давом этиши, Ҳақ таоло буюрган вазифаларни мукаммал ва хотиржам адо этиш ҳамда олдимизга қўйган эзгу мақсадларга эришиш учун, албатта, тинчлик-осойишталик зарур. Яратган Парвардигор ана шу тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, шайтоний йўлларга эргашмасликка амр этган: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (“Бақара” сураси 208-оят).
Демак, тинчлик қарор топган юртдагина осудалик ҳукм суради, фарзанду набиралар эмин-эркин камолга эришади, мўмин-мусулмонларимиз ибодатларини хотиржам адо этадилар. Буларнинг барчаси тинчлигимиз шарофатидандир. 
Мурожаатномада давлатимиз Раҳбари бугунги кунда тинчликдек улуғ неъматдан ҳамма ҳам баробар баҳраманд эмаслигини алоҳида қайд этдилар. Чунки дунёнинг турли бурчакларида, айниқса, мусулмон ўлкаларда террорчилар томонидан қўпорувчиликлар, ноҳақ қон тўкишлар содир этилмоқда. Бундай мудҳиш воқеалар дунёнинг тинчликсевар халқлари қатори биз мўмин-мусулмонларнинг ҳам қалбини ларзага солмоқда.
Президентимиз сўзлаган нутқларида: “Маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўймаймиз”, – дея алоҳида таъкидладилар. Бунинг замиридаги ҳикмат шундаки, қуролга қурол билан жавоб берилса, шу ҳолат давом этаверади, уруш-низолар барҳам топмайди. Лекин уларга ИЛМУ ИРФОН, МАЪРИФАТ билан жавоб берилса, қилаётган ишлари хато экани ТУШУНТИРИЛСА, уларнинг муносабати ижобий томонга албатта ўзгаради.
Шунингдек, давлатимиз Раҳбари ўз нутқларида муборак Ислом динимизнинг асл инсонпарварлик моҳиятини кенг жамоатчиликка, хусусан, ёшларга етказиш муҳим вазифа эканини алоҳида қайд этдилар. 
Аллоҳ таоло диёримизга Ўзининг азиз неъмати – тинчлик, осойишталикни берди, қут-барака, фаровонликни ато этди. Атрофга назар солсак, бизларни ўраб турган сонсиз, саноқсиз неъматлар қуршовида яшаётганимизга амин бўламиз. Қуръони каримда Раббимиз шундай марҳамат қилади: “Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингизни ато этди. Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз”. 
Биз қанча шукр қилсак, шунча оз. Ушбу сурурли дамлар бардавом бўлмоғи учун тинчлик неъматининг шукронасини қилиб, уни кўз қорачиғидек асрамоғимиз даркор. Чунки неъматлар шукри билан давомли ва зиёда бўлади. Зеро, муқаддас Каломда: 
“Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукурлик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”, деб марҳамат қилинган (“Иброҳим” сураси 8-оят). Ҳар бир инсон бахтли, фаровон, тўкинчиликда яшашни истайди. Бунинг учун эса, Яратганнинг берган неъматларига шукр вожиб бўлар экан.
Бугунги кунда Ўзбекистонимиз тараққиётнинг янги босқичига дадил одимлаётгани ва барча соҳаларда катта ютуқларни қўлга киритаётгани Парвардигорнинг чексиз марҳаматидир. 
Аллоҳга шукрки, сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янгидан очилаётган масжид-мадрасалар, қайта чирой очаётган қадамжолар мўмин-мусулмонларни чексиз мамнун этмоқда.
Юртимиз бўйлаб қад ростлаган, муҳташам қиёфа касб этган масжидлар сони 2100 дан ошди. Сўнгги 5-6 йилнинг ўзида 70 дан зиёд янги масжид oчилди, 200 дан зиёди қайта бунёд этилди. Бундай ишлар жадал давом этмоқда.
Охирги йилларда 3 та диний таълим муассасаси – Бухорода Мир Араб олий мадрасаси, Самарқандда Ҳадис илми олий мактаби ва Сурхондарёда Имом Термизий мадрасаси таъсис этилди, қабул квоталари бир неча баробар оширилди. Шунингдек, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилиши диний соҳа ривожланишида муҳим босқич бўлди.
Ҳаж сафари квотаси жорий йилда 12 минг нафарга етди, 70 минг нафарга яқин юртдошимиз умра зиёратини амалга ошириш бахтига эришди.
Бугун динимиз таълимотларини илмий ўрганиш ва кенг тарғиб этишга ҳар қачонгидан кенг эътибор қаратилмоқда. Бу борада Марказий Осиёда ягона бўлган Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази барпо этилмоқда. 
Самарқандда Имом Бухорий, Сурхондарёда Имом Термизий, Тошкентда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолият юритмоқда. Шунингдек, турли ҳудудларда Ҳадис, Калом, Ақида, Тасаввуф, Фиқҳ илмий мактаблари иш олиб бормоқда.
Албатта, мана шундай улкан неъматларнинг бардавом бўлиши Яратган Парвардигорнинг улуғ инояти ва ҳукм сураётган тинчлик-хотиржамликнинг маҳсулидир. 

Унутмаслик керакки, тинчлик учун, уни асраб-авайлаш учун БАРЧА МАСЪУЛ!
Бу, ўз навбатида, доимий ва қатъий ҳаракатларни талаб этади. Ҳушёрлик, огоҳ бўлиб яшаш – бу бир кунлик ёки бир ойлик мавсумий масала эмас, балки кундалик иш, кундалик амалий ҳаракат бўлиши лозим. 
Шу ўринда биз дин пешволари, уламолар ва имом-хатиблар ўз олдимизга қатъий мақсадларни қўйган ҳолда, тинчликни таъминлашга дахлдорлик ҳиссини чуқур англашимиз зарур.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳобаи киромлар: “Ё Расулуллоҳ, биз Аллоҳ таолога дуо қилганимизда кўпроқ нимани сўрайлик?” – деб сўрашганда, Пайғамбар алайҳиссалом: “Аллоҳ таолодан офият (тинчлик, хотиржамлик) сўранглар”, деганлар. Шу нуқтаи назардан, қайси хонадонга кирманг, қандай йиғин ёки маърака бўлмасин, фотиҳага қўл очилганда, ёшу қари, эркагу аёл – барчамиз Яратгандан тинчлик ва осойишталикни сўраб дуо қиламиз.
Тинчлик – улуғ неъмат, инсон ҳаётининг бирламчи шарти. Чунки яхши турмуш, фаровонлик, эзгу мақсадларнинг рўёби, энг аввало, шу неъматга боғлиқ. Шунинг учун ҳам қадимдан барча халқлар тинчликни асраш учун молию жони билан курашган.
Бироқ давлатимиз Раҳбари ҳақли таъкидлаганларидек, бугунги кунда экстремистик ва террорчилик ташкилотлари диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга уриниб, ёшларни зўравонликка, маданий-маърифий ва оилавий қадриятларни йўқотишга ундаш йўли билан жамиятда радикал қарашларни тарқатаётгани ташвишли ҳолатдир. Биз бунга мутлақо йўқ қўймаслигимиз керак!
Республикамизда сўнгги йилларда жаҳолатга қарши маърифат билан курашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йўлда аҳолининг диний-маърифий саводхонлигини ошириш, экстремистик оқимлар сафига адашиб кириб қолган ва қилган ишидан чин дилдан пушаймон бўлганларга нисбатан кечиримлилик сиёсатини олиб бориш, ёш авлоднинг турли бузғунчи оқимлар сафига кириб қолишининг олдини олиш бўйича мунтазам тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, диний соҳада диний ва дунёвий билимларни эгаллаган, фуқаролар орасида диний асосдаги экстремизм мафкурасига қарши иммунитетни шакллантира оладиган юқори малакали кадрларни тайёрлаш ва оммавий ахборот воситаларини бузғунчи ғояларга қарши кураш ишларига фаол жалб этишга катта эътибор қаратилмоқда.
Кўп йиллик тажрибалар шуни кўрсатмоқдаки, ёшлар етарли билим-тушунчага эга бўлмагани, ўта таъсирчанлиги туфайли экстремизм ва радикализм мафкураси олдида энг заиф қатлам бўлиб қоляпти. Бугунги кунда ақидапараст оқимлар ёш авлодни сафларига жалб қилишда Интернет тармоғидан кенг фойдаланмоқда, унинг ёрдамида вайронкор мафкураларни уларнинг онгига фаол сингдиришга ҳаракатлар бўлмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва диний соҳа ходимлари томонидан жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, аҳоли орасида турли экстремистик оқим вакиллари томонидан бузғунчи ғоялар тарқатилишининг олдини олиш, фуқаролар, айниқса, ёшларда маънавий иммунитет шакллантириш юзасидан жойларда аҳоли билан диний-маърифий суҳбатлар, вақтли намозларда тушунтириш ишлари, ОАВ, Интернет, ижтимоий тармоқлар орқали доимий чиқишлар қилиш ҳамда Ислом маърифатига оид нашр маҳсулотлари тарқатиш каби кенг фаолиятлар амалга оширилмоқда. Бундай маърифий тарғибот ишларини янада жадал давом эттириш даврнинг ўткир талабидир.
Мана шундай тарғибот ишларида диний соҳа ходимлари Ислом дини радикализм, экстремизм, терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик каби ижтимоий иллатларни бутунлай қоралашини таъкидлашмоқда. Зеро, Аллоҳ таоло Ер юзида бузғунчилик қилмасликни буюриб: “Аллоҳ эса, фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди” (“Бақара” сураси 205-оят), шу суранинг 60-оятида эса: “Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз!” деб огоҳлантирган. Расул алайҳиссалом ҳадиси шарифларида: “Ҳақиқий мусулмон унинг қўлидан ва тилидан бошқа мусулмонга озор етмайдиган кишидир” (Имом Бухорий ривояти), дейилган.
Ушбу фаолиятда Туркистон миллий мустақиллиги ғояси бирлаштирган ҳур фикрли ва тараққийпарвар аждодларимиз бўлган жадидларнинг миллий онгни юксалтириш, аҳоли ичида маърифат тарқатиш, таълимни ривожлантириш, озод ва фаровон, демократик жамият қуриш каби ғоялари илгари сурилган илмий меросидан кенг фойдаланиш тарихий зарурат ҳисобланади.
Шундай экан, атрофга бир назар ташлайлик, юртимизда бўлаётган бунёдкорлик, ободончилик ва кундан кунга гўзаллашиб бораётган гўшаларни кўриб, кишининг кўзи қувнайди, дили яйрайди. 
Шуларни ҳис этарканмиз, муҳтарам азизлар, фарзандларимиз, набираларимиз бахти учун яшайлик, уларнинг ёшлик йиллари саодатли замонга тўғри келганини уларга англатайлик, буларнинг барчасига шукр қилиш керак. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси муборакларида: “Ким оиласи тинч, жасади саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолатда тонг оттирса, унга дунё тўлиғича берилибди”, - деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Инсон – азизу мукаррам зот
Давлатимиз раҳбари томонидан 2023 йилни “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йили деб номлаш таклифи илгари сурилгани кўпчиликни қувонтирди. Сабаби, Мурожаатномада баён этилган режа ва лойиҳалар, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиз тараққиётини, халқимиз фаровонлигини янада оширишга хизмат қилади. Бундай хайрли ишлар юртимизда инсон қадри ҳамма нарсадан устун бўлиши керак, деган тамойилнинг мантиқий давомидир.
Ислом инсон қадрини ниҳоятда юқори даражага кўтаради. Динимизда инсоннинг қадр-қиммати қалби поклиги, мақсади эзгулиги, ундаги имон-ихлос ва қилган яхши амал¬лари билан ўлчанади. Инсон қадрини ўлчашнинг ана шу илоҳий мезонлари ишга солингандагина одамлар ҳақиқий қадрини топади. Зотан, Ислом дини нозил қилинишининг бош сабаби ҳам, бу муқаддас диннинг асл моҳияти ҳам инсон қадрини улуғлашдир. Дунёдаги барча нарсалар инсонга беминнат хизмат қилиш учун яратилгандир.
Қуръони каримнинг бир неча оятида бу умуминсоний юксак қадрият алоҳида таъкидланган. Жумладан, “Исро” сурасининг 70-оятида: “Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (уловла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик”, дейилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида: “Мўмин киши Аллоҳ таоло наздида фаришталардан ҳам мукаррам ва афзалдир”, деган эканлар.
Янги Ўзбекистонда ҳам барча ислоҳотлар мана шундай инсон фаровон ҳаёт кечиришига қаратилган. 
Инчунин, бугун инсон қадри-қиммати ва унинг қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар янада янги поғонага кўтарилмоқда.
Инсондаги азизлик ва мукаррамлик шарафи кишига фахру ифтихор бағишлаши баробарида, халқ манфаати, дин ривожи ва мамлакат ободлиги йўлида ўз ҳиссасини қўшишга ундайди.
Сўзимни мурожаатномада келтирилган Имом Мотуридий бобомизнинг: “Элу юрт билан ҳамдард бўлиб яшагин, токи халқ ҳамиша сен билан бирга бўлгай”, деган ҳикмати ҳар бир мутасаддининг ҳаётий шиори бўлишига даъват этиш билан якунлайман.

Нуриддин домла Холиқназаров,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси фахрий доктори

Мавзуга оид мақолалар
.Панчбоул, масжиди Австралиянинг Сидней шаҳри ҳудудида барпо этилган йирик меъморий обида ҳисобланади. Масжид замонавий дизайни ва меъморчилиги билан бутунлай давоми...

2346 16:15 / 11.06.2019
quotБуюк Британия пойтахти аҳолисининг аксари мусулмон бўлган кўпгина мамлакатларнинг пойтахтидан Исломийроқдирquot, дейди Мавлоно Саид Ризо Ризви. Бу ҳақда Saudi Gazette давоми...

4110 15:00 / 10.10.2018
Россияда ислом молия маҳсулотларига бўлган талабни инобатга олган ҳолда ислом банкчилигини татбиқ қилиш бошланган. Бу ҳақда forbes.ru манбаси хабар берди. .Сбербанк, давоми...

1484 15:55 / 26.10.2023
Бруней давлатининг Дин ишлари бўйича вазирлиги томонидан ҳар йили Қуръони карим мусобақаси ўтказиб келинади. Куни кеча Беракс шаҳридаги Халқаро мулоқотлар давоми...

1797 15:40 / 09.01.2019
Видеолар
Аудиолар

137626 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57692 14:35 / 11.08.2021