1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Унутилаётган суннатни тирилтирайлик

16:00 / 11.12.2022 1980 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кўпчиликнинг ҳаётида кузатиладиган ҳодиса: кўчада кетаётганингизда нотаниш инсон сизга илиқ салом берса, унга тараддудланиб алик қайтарасизда, кейин «қизиқ уни қаерда учратган эканман?! Нега менга бошқача салом берди?» деб ўйлаб қоласиз.

Чунки бизнинг онгимизда салом фақат танишга берилади, деган фикр шаклланиб қолган. Шунинг учун, бирор нотаниш одам бизга салом берса, алик олишдан аввал унинг кимлигини таҳлил қиламиз.

Аслида қандай бўлиши керак?

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, иймон келтирмагунингизча, жаннатга кирмассиз. Бир-бирингизни яхши кўрмагунча, мўмин бўлмассиз. Сизни агар (амал) қилсангиз, бир-бирингизни яхши кўргизадиган ишга далолат қилайми? Орангизда саломни кенг ёйинг», дедилар».

Имом Муслим ривоятлари.

Уламоларимиз ушбу ҳадисдаги «Орангизда саломни кенг ёйинг» жумласини «таниш-нотаниш барча - мусулмонларга салом беринг», деб шарҳлашган.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан энг афзал амал ҳақида сўралганда, у зот: «Таниган ва танимаган одамингга таом ва салом бермоғинг», деб марҳамат қилганлар.

Таассуфки, кўпчилигимиз фақатгина ошна-оғайни, қариндош-уруғ, қўни-қўшни ва ҳоказо таниш-билишларгагина салом берамиз. Нотаниш мусулмонни учратганда, унга салом бериш суннати аллақачон муомаламиздан чиқиб кетган.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ўзлари бозорга боришни ёқтирмаган бўлсаларда, бозорда одам кўплиги боис у ерга борар ва ҳеч нарса харид қилмасдан, фақатгина ўтган-кетганга салом бериб қайтардилар.

Биз-чи?! Салом берган нотаниш инсонларга қўрқув, шубҳа, гумон, ҳайрат назари билан жавоб қайтарсак қайтарамиз, бўлмаса, йўқ. Ваҳоланки, саломга алик қайтариш фарз ҳисобланади.

Яна салом бериш суннат бўлган тўрт ҳолат борки, уларни ҳам кўпчилигимиз унутиб қўйганмиз:

1. Кичик болаларга салом бериш.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши ёш болалар ёнидан ўтаётиб, уларга салом берди ва: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар эдилар», деди».

Имом Бухорий «Адабул муфрад»да ривоят қилганлар.

2. Хайрлашаётганда салом бериб хайрлашиш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингиз бирор мажлисга борса, салом берсин. Агар (мажлисдан) туришни ирода қилса ҳам салом берсин. Биринчи (салом) охиргисидан ҳақлироқ эмас», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

3. Бир киши билан унинг биродари орасини дарахт, девор, тош каби тўсиқ бир муддатга айириб қўйса ва улар яна қайта кўришишса, иккинчи марта салом бериш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизларнинг бирингиз биродарига йўлиқса, унга салом берсин. Агар улар орасини дарахт ё девор ёки тош тўсиб қўйса, сўнгра унга яна йўлиқса, яна салом берсин», дедилар».

Абу Довуд ривояти.

4. Жамоат билан кўришганда саломни уч марта такрорлаш.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор гап айтсалар, эшитувчи уни англагунича уч марта қайтарардилар. Агар бирор жамоага бориб салом берсалар, уч марта салом берардилар».

Бухорий ривояти.

Ҳозирда биз орамиздан меҳр-оқибат, ўзаро ишонч ва ҳурмат йўқолиб кетаётганидан, ғарбга тақлид кучайиб бораётганидан, тарбиялар бузилаётганидан, ҳаё пардалари йиртилаётганидан, мусулмонлар ўртасидаги ихтилофдан, тафриқадан, бирдамсизликдан шикоят қилмоқдамиз.

Агар буларнинг бари орамизда Исломий муҳаббатнинг етишмаслигидан бўлса, унда ишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек салом ёйишдан бошлашимиз лозим.

Унутманг! Ўлган (муомаладан чиққан) суннатни қайта тирилтирган (муомалага киритган) инсонга, ўша суннатга амал қилганларнинг савобича ажр бор.

Шамсиддин Садриддин

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кўпчилик одамлар, ишим юришмаяптиrdquo, қарзим кўпrdquo, омадим келмаяптиrdquo, касаллик аримаяптиrdquo, муаммодан бошим чиқмаяптиrdquo деб нолийди.Ваҳоланки, шариатда бу давоми...

3306 10:50 / 18.01.2022
Суфёни Саврий раҳимаҳуллоҳ деди .Кам сўзлашни лозим тут, қалбинг мулойимлашади, юмшайди. Кўпроқ сукутни лозим тут, тақвога эга бўласан. Дунёга ҳарис бўлмагин. давоми...

3053 14:00 / 11.08.2022
Осонлаштирувчи омиллар ишга солинмаса, .қиёмул лайл, жуда ҳам қийин ишдир. Мазкур омилларнинг зоҳирийси ва ботинийси бор.Зоҳирий омиллар қуйидагиларndash Кўп давоми...

3999 09:00 / 15.09.2021
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган .Инсонга отаонаси ҳақида тавсия қилдик онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди уни сутдан давоми...

5241 19:00 / 01.07.2021