1446 йил 8 жумадул аввал | 2024 йил 10 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Сийрат тараннуми ва китоб тақдимоти

19:10 / 12.10.2022 2001 pdf Ўқиш режими + -

Бугун, 12 октябрь куни соат 10:00 да Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган Рабиъул аввал ойи муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Набий алайҳиссалом сийратларига бағишланган маърифий тадбир ва муфтий Нуриддин домла ҳазратларининг «Тасаддуқ, ё Расулуллоҳ!» номли янги китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.

Маълумки, ҳар бир мўмин-мусулмон киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини, хулқларини, суннатларини мунтазам равишда ўрганиб бориши керак. Зеро, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ва ҳусни хулқлари биз мўмин-мусулмонлар учун энг гўзал намунадир.

Севикли Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратларини, суннатларини, гўзал хулқларини ўрганиш, тараннум этиш Рабиъул аввал ойида янада авж олади.

Тадбирда Ўзбекистон Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров, диний идора раҳбар ва ходимлари, Ҳадис илми мактаби мударриси, Ал-Азҳар университети ҳанафий шайхи Жамолиддин Ҳошим ҳамда талабалар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Маросим ананага кўра Қуръони Карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди. Дастлаб "Тасаддуқ, ё Расулуллоҳ" китобининг мазмун-моҳиятига бағишланган видеолавҳа намойиш этилди. Сўнгра президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов сўзга чиқиб, муфтий ҳазратлари ва аҳли илмларни янги китоб нашр этилгани билан муборакбод этиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари тоғрисидаги китоб мўмин мусулмон халқимизга, хусусан диний соҳа вакилларига муносиб туҳфа бўлгани, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига оид мазкур асар тақдимоти Рабиъул аввал ойида ташкил этилгани айни муддао эканини алоҳида таъкидлади.

Тақдимотда Диний идора раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ҳам китоб ҳақидаги айрим мулоҳазаларни билдириб, ушбу асарни халқимизга етиб бориши учун кўпроқ нашр қилиш аҳамиятли экани ҳақида сўз юритди.

Муҳатарам устоз Муҳаммад Айюбхон домла Ҳомидов Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларига оид мазкур китобни мутолаа қилган ўқувчи ўзини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларига тушгандек ҳис қилиши, воқеалар кетма-кетлигига берилиб, китобни бир нафасда ўқиб чиқишини баён қилиб, китоб охиридаги муаллифнинг Пайғамбаримиз алайҳиссаломга бўлган изҳорини ўқиб берди.

Тадбир давомида Мисрнинг «Ал Азҳар» университети ҳанафий шайхи, Самарқанддаги ҳадис мактаби устози Жамолиддин Ҳошим Маҳмуд сўзга чиқиб мўмин мусулмонларнинг кутубхонаси Пайғамбаримиз соллалллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига оид яна бир китоб билан бойигани, миллионлаб ўзбек забон инсонларга етиб бориши ва уларнинг илм олишида муҳим манба бўлиб хизмат қилишини, бу китоб дунё ва охиратда мақбул китоблардан бўлишига умид қилинишини баён этди.

Шунингдек, тақдимотда Мадина шаҳридаги ватандошимиз Шайх Абу Ёсирнинг тақдимот иштирокчиларига видеомурожаати намойиш этилди.

Унда Шайх Абу Ёсир Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари масъулиятли вазифада бўлишларига қарамай "Тасаддуқ, ё Расулуллоҳ" китобини таълиф этганлари таҳсинга сазоворлиги, бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари изҳори экани, уларга ҳадя тариқасида юборилган ушбу китобдан Саудиядаги ватандошлар миннатдорлиги, бундай хайрли иш, хушхабарлар бардавом бўлиши учун доим дуода эканликларини билдирган.

Тадбир чоғида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимлари ушбу китоб асосида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларига оид парчаларни ўқиб беришди.

Шунингдек, Тошкент ислом институтининг иқтидорли талабалари орасида "Сийрат билимдони" мусобақаси ташкил этилиб, унда талабалар Расулуллоҳ алайҳиссалом сийратлари бўйича беллашдилар.

Маросим сўнгида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров сўзга чиқиб, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш, уларни фарзандларимизга ўргатиш ҳар биримизнинг бурч ва вазифамиз экани, мазкур талиф этилган китоб халқимиз, хусусан, ёшларни Аллоҳнинг фазли ила Расулимиз алайҳиссаломга янада муҳаббатли ва яқинроқ қилиш йўлидаги камтарона уриниш эканини баён этиб, китоб ҳақида билдирилган фикр-мулоҳазалар учун нотиқларга миннатдорчилик билдирдилар.

Ушбу маросимда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жоме масжиди имом хатиби Исмоил Муҳммад Содиқ ҳамда ушбу масжиднинг имом ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид иштирок этдилар.

Тақдимот якунида тадбир иштирокчиларига муфтий ҳазратнинг "Тасаддуқ, ё Расулуллоҳ!" китоби ва бошқа китоблари тақдим этилди.


Мавзуга оид мақолалар
2017 йилда Бельгияда дунёга келган чақалоқлар орасида энг оммавийлашган исм Муҳаммад бўлди. Бельгия Статистика институтининг маълумотларига қараганда, 2017 йилда давоми...

2185 11:19 / 06.10.2018
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда таълимтарбия, диниймаърифий йўналишлардаги ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бинобарин, давоми...

11941 16:13 / 03.04.2018
Биринчи марта ҳижобли муслима Буюк Британиядаги шаҳарлардан бирига ҳоким этиб тайинланди. Асли келиб чиқиши Сомалили бўлган Аркҳио Исмаил Ислингтон шаҳар давоми...

1559 15:50 / 31.05.2019
Мьянмадаги босимлар туфайли Бангладешга кўчиб ўтиб, муҳожиротда яшаётган араканли мусулмонларни ижтимоий ва гуманитар қўллабқуватлаш учун Жаҳон банки томнидан давоми...

1545 15:07 / 11.03.2019
Видеолар
Аудиолар

133966 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54296 14:35 / 11.08.2021