1446 йил 27 шаввол | 2025 йил 25 апрель, жума
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Маслаҳат сўралган омонат топширилган кабидир

17:00 / 07.09.2022 2040 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Ҳайсамга:

«Хизматчинг борми?» дедилар.

«Йўқ», деди у.

«Бўлмаса, бизга асир келтирилганда олдимизга кел», дедилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бор-йўғи иккита асир келтирилди. Абу Ҳайсам у зотнинг олдиларига келди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Икковидан бирини танла», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули! Ўзингиз танлаб беринг», деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Маслаҳат сўралган одам омонат топширилган одам каби бўлади. Манавинисини ол. Мен унинг намоз ўқиётганини кўрдим. Унга яхшилик қил», дедилар.

Хотини:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳақида айтган нарсага етишишинг учун уни озод қилмасанг бўлмайди», деди.

«Бўпти! У озод!» деди.

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ қай бир набийни ёки халифани юборган бўлса, уларнинг икки хил яқинлари бўлади. Бирлари унга яхшиликни буюради, ёмонликдан қайтаради. Иккинчилари унинг ишини бузишдан бошқа нарса қилмайди. Ким ёмон яқинлардан сақланса, ёмонликдан сақланган бўлади», дедилар».

Эътибор беринг, бу ҳадиси шарифда одамларнинг яхшисини танлашда асосий сифат намоз бўлмоқда. Намоз ўқиган одам яхши бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг гавдаси, қомати ёки бошқа сифатларини эмас, балки намоз ўқиганини кўрганларини айтяптилар.

Абу Ҳайсам хизматчини уйига олиб бориб, бўлган воқеани аёлига батафсил айтиб берди. Шунда хотини: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган нарсага етишишинг учун шу қулни озод қилмасанг бўлмайди», деди.

Аёлнинг оқилалигини қаранг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Ҳайсамга: «Унга яхшилик қил», деган эдилар. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларини қиламан десанг, уни озод қиласан», деяпти мўмина аёл.

Шунда Абу Ҳайсам розияллоҳу анҳу: «Бўпти, уни Аллоҳнинг йўлида озод қилдим», деди.

Бу ҳадиснинг давомида айтилган набий ва халифаларга яқин бўлган кишилар ҳақидаги гаплар Абу Ҳайсам розияллоҳу анҳунинг аёлларига тааллуқли мақтовдир.

Абу Ҳайсам ана шундай яхши маслаҳатчининг маслаҳати туфайли улкан ажрга эришди.

Демак, биров маслаҳат сўраса, маслаҳат сўралган одам ўзининг катта бир масъулият остида қолганини ҳис қилиши керак. Чунки маслаҳат сўраган одам ўзининг манфаатига оид бўлган ишни унга топширади. Энди бу маслаҳатни беришда хиёнат қилмаслик, албатта яхши маслаҳат бериш керак экан.

Бошқа ҳадисларда келишича, билиб туриб ёмонлик қилиш, ёмон маслаҳат бериш, яъни билиб туриб, қасддан ёмон маслаҳат бериш жуда катта гуноҳ бўлади.

Каттами, кичикми, муҳимми, арзимас нарсами – ҳаммаси маслаҳат сўралган одам учун улкан масъулият, омонат бўлади, унга зинҳор хиёнат қилмаслик керак экан.

«Одоблар хазинаси» китоби асосида тайёрланди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Рамазон тугади. Лекин бандалик тугамади. Рамазондаги Роббимиз бошқа ойларда ҳам Роббимиздир. Рамазондаги ҳаром ишлар бошқа ойда ҳам ҳаром.Рамазондаги савобли давоми...

1913 14:37 / 22.04.2023
. , . Муставрид алҚураший розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Амр ибн Оснинг олдида .Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг .Қиёмат давоми...

3776 13:34 / 12.08.2024
Дейдиларки, олим илми билан, зангин моли билан, фақир эса жони билан имтиҳон қилинади. Олимга илми борасида синовлар, имтиҳонлар берилади. Фитналарга тутилади. давоми...

3041 11:00 / 15.07.2023
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу чап қўлида овқат еяётган кишини кўриб .Ўнг қўлингда егин,, деди.У киши .Униси машғул, банд,, деди.Умар розияллоҳу анҳу .Уни нима давоми...

2243 11:00 / 01.05.2023