Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис 194-дарс. Иймонингизни қадр-қиммати қанчалик эканлигини билмоқчимисиз?

19:00 / 10.08.2022 3227 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(иккинчи мақола)

8. «Барча одамлар ҳаракат қилиб, ўз жонини савдога қўювчидир. Бас, улар уни озод қилувчи ёки уни ҳалок қилувчилардир».

Яъни, бу дунёда ҳар бир инсон саъй-ҳаракат қилиб ўтади. У ўша саъй-ҳаракати ила худди ўз жонини савдога қўювчи кишига ўхшайди. Савдоси эса бу дунёда қилган амалидир. Агар банда яхши амал қилган бўлса, эвазига яхшилик олади. Ундай одам ўз жонини дўзахдан озод қилувчидир. Агар банда ёмон амал қилган бўлса, эвазига ёмонлик олади. Ундай одам ўз жонини ҳалок қилувчидир. Яъни, ҳар ким қилса, ўзига қилади.

Биз ҳам бу дунёда ўшандай ҳаракат қилувчи, жонимизни савдога қўювчи бандалармиз. Ҳар биримиз иложи борича кўпроқ яхши амал қилиб, ўз жонимизни улар эвазига сотиб олиб, дўзахдан озод этишга ҳаракат қилайлик. Ғафлат уйқусида савдони нотўғри қилиб, ёмон ишлар билан жонимизни ҳалок қилувчи, дўзахга туширувчи бўлмайлик!

Бу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдаларни ва унинг ҳикматини алоҳида такрор қилиб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Жиддий тафаккур қилувчи киши учун ҳамма нарса яққол аён бўлиб турибди.

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким таҳорат қилса-ю, таҳоратини чиройлик қилса, унинг хатолари жасадидан, ҳаттоки тирноқлари остидан ҳам чиқиб кетади», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни яхши биламиз ва таниймиз. У кишидан ривоят қилинган бу ҳадисда таҳоратнинг фазли ҳақида сўз бормоқда. Шу билан бирга, таҳоратни яхшилаб қилиш зарурлиги таъкидланмоқда. Инсон таҳоратни яхшилаб қилса, ҳатто тирноқлари остидаги гуноҳлари ҳам тўкилиши баён қилинмоқда.

Аввал айтганимиздек, таҳорат ҳам ўзига яраша ибодат. Уни эътиборсизлик, шошма-шошарлик билан, турли гап-сўз, ҳаракат ва ишларни аралаштириб эмас, фарз, суннат ва одобларини ўрнига қўйиб, мукаммал қилиш лозим. Ана ўшанда таҳорат ҳақиқий бўлади ва ундан кўзланган натижаларга эришилади.

Таҳорат қилганда тўкиладиган гуноҳлар Аллоҳнинг ҳаққига тааллуқли кичик гуноҳлар эканлигини унутмайлик.

Таҳоратни доим яхшилаб қилайлик, токи кичик гуноҳларимиз тирноқларимиз остида ҳам қолмай, тўкилсин, таҳоратдан ҳосил бўладиган савоблардан баҳраманд бўлайлик!

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар сизлардан бирортангиз таҳорат қилса-ю, таҳоратини яхшилаб қилса, сўнгра таҳоратидан фориғ бўлишида: «Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу. Ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Росулуҳу», деб айт­са, албатта, унга жаннатнинг саккиз эшиги очилур ва у хоҳлаганидан кирур», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Термизий эса:

«Аллоҳумма ижъалний минат-таввабийна ва ижъалний минал мутатоҳҳирийн»ни зиёда қилган.

Шарҳ: Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинаётган бу ҳадиси шарифда ҳам таҳоратни тугатгандан сўнг ўқиладиган дуо эслатилмоқда. Охирида эса мазкур икки амалга бериладиган мукофот – жаннатнинг саккиз эшиги очилиши-ю, таҳоратни яхшилаб қилиб, ҳадисда келган дуони ўқиган одамнинг ўзи хоҳлаган эшикдан жаннатга кириши айтилмоқда. Бу ҳам таҳоратни яхшилаб қилиш ва шаҳодат калимасини ихлос билан айтишнинг қанчалар фазийлатли эканлигини яна бир бор кўрсатиб турибди.

Уламоларимизнинг айтишларича, таҳорат қилиб, аъзоларни турли кир ва ифлосликлардан поклаб бўлгандан кейин шаҳодат калималарини айтиш Аллоҳга ихлос ила амал қилганликка ва қалбнинг риё ва ширклардан пок бўлганига ишорадир.

Имом Термизий ушбу ҳадисни ривоят қилганларида шаҳодат калималаридан кейин:

«Аллоҳумма ижъалнии минат таввабийн ва ижъалнии минал мутатоҳҳирийн» деган дуони ҳам ўқиган эканлар. Бу дуонинг мазмуни «Аллоҳим! Мени кўп тавба қилувчилардан ва покланувчилардан қилгин»дир.

Бу билан киши таҳорат қилиб, баданини сув билан поклагач, Аллоҳ таолодан тавба қилинмаса, кечирилмайдиган гуноҳлари учун ўша дуо билан тавбага муяссар этишини сўрайди. Аллоҳ таолонинг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шу тоифа кишиларга жаннатнинг саккиз эшиги очилиб, хоҳлаганидан киришлари мумкинлигини башорат этмоқдалар.

Шундай экан, доимо таҳоратимизни маромига етказиб, мукаммал қилайлик, сўнгра ихлос билан калимаи шаҳодатни ва ушбу ҳадисда келган дуони ўқишга одатланайлик.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Суннат, ҳадислар санади бўйича, яъни ривоят қилган кишилар эътиборидан Ҳанафий мазҳаби уламолари наздида учга бўлинади 1. .Мутавотир, ndash бу истилоҳ луғавий давоми...

5968 15:05 / 19.11.2018
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Умматимнинг барчаси жаннатга кирар, лекин бош давоми...

3519 14:00 / 07.04.2021
. . . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Яҳудийлар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага давоми...

4435 14:00 / 05.05.2021
. . Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларининг миқдори ёзда уч қадамдан беш қадамгача, давоми...

1341 19:00 / 24 апрель