1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Қуръон ошиғи - Жамолхон қори бува

17:00 / 05.08.2022 2758 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жамолхон қори Камолхон ўғли 1941 йил Наманган вилояти Уйчи тумани Ёрқўрғон қишлоғи Хўжаобод маҳалласида таваллуд топганлар.

Оталари Камолхон бува деҳқончилик билан шуғулланган. Боболари Сирожиддин қори илмли киши бўлган. Жамолхон қори бува оилада беш ўғил уч қизнинг ичида тўнғич фарзанд бўлганлар.

Ўрта мактабни 11 синфда ўқиётган пайтлари 17-18 ёшларида бошлари қаттиқ оғрийди. Орадан бироз муддат ўтиб, кўзлари кўрмай қолади. Оталари Намангандаги бир неча шифокорларга кўрсатадилар. Шифокорлар текширувдан кейин Тошкентга бориб, у ерда тажрибалироқ соҳа мутахассислар борлиги, уларга қайта текширтириш кераклигини тавсия қилишади.

Ота-бола пойтахтга бориб, профессор-доктор топиб, ҳолатни баён қилишади. У кўрикдан ўтказилиб: «Ўғлингизни бош миясида жарроҳлик амалиёти ўтказишимиз керак. Шундан кейин кўриш қобилияти тикланиши мумкин. Унинг учун сиз рухсат беришингиз ва жавобгарликни ўз зиммангизга олишингиз керак» дейди шифокор.

Оталари: «Агар ўғлимни кўзи кўрмасада, жарроҳлик амалиёти қилинмаса ҳам шу ҳолда соғлом юриши мумкинми?» деб сўраганда доктор: «Ҳа, кўзи кўрмайди, лекин жисмонан соғлом юраверади», деб жавоб беради.

Оталари: «Ундай бўлса, фарзандимни тиғ остига олиб кирмайман, унда жарроҳлик амалиёти ўтказилмайди. Менга шундай юриши ҳам етарли» деб ортга қайтишади.

Қуръон таълими ва унга хизмат

Жамолхон қори бува Тошкентдан уйга қайтишгач, оталари уни қўшни Муҳаммаджон қорига Қуръон ёдлаш учун шогирдликка беради. У киши устознинг уйларига ҳар куни чиқиб, Қуръонни эшитиб ёдлар эдилар. Дастлаб фотиҳа сурасидан бошлаб, оз-оздан вазифа оладилар. Бироз вақт ўтиб бир бетдан дарс топшириб, уч йилда Қуръонни тўлиқ ёдлаб ўтказадилар. Устозлари Муҳаммаджон қори ака 1966 йили вафот этадилар.

Шундан сўнг, Машад қишлоғидаги Фатҳиддин қори бува уйларига қатнаб, Қуръон такрорини давом эттирганлар. Кўп ўтмай бу устозлари ҳам вафот этадилар. Қуръонга муҳаббатли Жамолхон қори бува такрорни Наманганнинг забардаст уламоларидан Шамсиддин қори бува ҳузурларида мукаммал якунлайдилар. Барча устозлардан Қуръонни ёддан эшитиб, сабоқ олганлар.

Жамолхон қори бува тариқат йўлини тутиб, Ҳисорлик тариқат пешволаридан бўлмиш домла Шариф, юртимизнинг етук уламоларидан бўлмиш Домла Ҳиндистоний раҳматуллоҳи алайҳ ва Туркистонлик Насриддин эшон ҳузурларига бир неча марта бориб, уларнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлганлар. Шунингдек, юртимизнинг етук уламолари, тариқат аҳллари Муҳсинхон қори бува, Олимхон домла, Довудхон домла раҳматуллоҳи алайҳлар ва устоз Умархон домла ҳафизаҳуллоҳ билан яқин муносабатда бўлганлар.

 Жамолхон қори бува Қуръон тиловати ва ибодат билан машғул бўлар эдилар. Кундузи пешиндан аввал бироз қайлула қилиб, кечаси ухламай, намоз ўқиб, Қуръон тиловат қилиб чиқардилар.

У киши 2010 ва 2015 йиллари умра сафарига бордилар. 2018 йили эса муборак ҳаж ибодатини адо қилдилар.

Ахлоқлари гўзал, камтар, оҳиста гапирар ва ортиқча сўз сўзламас эдилар. Олдиларига меҳмонлар зиёрат учун келсалар чиройли суҳбат қуриб, қайтаётганда  ташқаригача кузатиб қўярдилар.

Талабалар ва аҳли илмларни жуда ҳурмат қилиб, улар ҳақида кўп қайғурар эдилар. Биров ҳадя берса, қўлларига маблағ тушса, дарров талабалар, етим ёки эҳтиёжманд кишиларга улашардилар.

Шогирдлари билан бирга юртимиздаги ва қўшни мамлакатлардаги тариқат пешволари ва уламоларни кўп зиёрат қилар эдилар.

Жамолхон қори бува вақтларини кўп Қуръонга бағишлаб, юзлаб талабаларга дарс бериб, саводини чиқарганлар. У кишидан бир неча мураттаб қорилар Қуръонни ўтказган.

2019 йил Ёрқўрғон қишлоғидаги масжидда қайта қурилиш ишлари бошланди. Қори бува ушбу масжид қурилиши ташкилий ишларида катта жонбозлик кўрсатганлар ва битгунча у ерда бош-қош бўлдилар.

Жамолхон қори буванинг уч ўғил, уч қизлари бор. Биринчи турмуш ўртоқлари Фаридахон ая Нуриддин қори қизи 1993 йил вафот этган. Сўнг бошқа уйланганлар. Ушбу аёллари қори буванинг умрлари охиригача хизматларини қилдилар.

Жамолхон қори бува вафотларидан бир ҳафта олдин устоз Умархон домла олдиларига зиёратга бориб, «Вилоятимизда кўпчилик уламоларимиз ўтиб кетишди. Сиздан илтимосим, вафот этсам жанозамни ўзингиз ўқисангиз», дейдилар.

2020 йил, 8 октябрь куни юрак хуружи туфайли бемор бўлдилар. Эртаси куни яна қайта юраклари безовта қилади ва 9 октябрь бомдод намози пайтида вафот этадилар. Жанозаларини васиятларига мувофиқ Ёрқўрғон қишлоғидаги ўзлари обод қилган масжидда устоз Умархон домла ҳафизаҳуллоҳ ўқиганлар.

Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли тайёрлади.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўғиллари Абдурраҳим Шаъровий ҳикоя қилади.Отам шифохонада эдилар. Биз олдиларига кирдик. Бироз вақт ўтиб, отамнинг аҳволлари ўзгара бошлади. Кейин .Аллоҳ Аллоҳ, давоми...

2345 11:30 / 01.04.2021
Шайх, имом, аллома, ҳанафийларнинг улуғларидан, ифтихоруддин .дин фахри, Абу Ҳошим Абдулмутталиб ибн Фазл ибн Абдулмутталиб ибн Ҳусайн ибн Абдурраҳмон ибн давоми...

1609 18:30 / 18.04.2021
Яъқуб ибн Иброҳим ибн Ҳабиб алАнсорий 113mdash182 ҳ.й. Абу Ҳанифанинг атоқли шогирди, буюк фақиҳ ва мужтаҳид, Аббосийлар давлати Маҳдий, Ҳодий ва Рашид даврларининг давоми...

5252 22:15 / 27.04.2017
Шайхулолам, муҳаддис, садуқ, муснид Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ханб Бухорий Бағдодий. Лақаблари ndash .Деҳқон,.Бухорода истиқомат қилиб, у ернинг мусниди давоми...

1632 15:00 / 27.12.2020
Аудиолар

137631 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7543 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57696 14:35 / 11.08.2021