1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Доғий домла

17:00 / 04.08.2022 2256 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мулла Йўлдошхўжа (Доғий) 1880 йил Наманган шаҳри, Чуқур кўча даҳаси, «Чинор» маҳaлласи (ҳозирги «Кўзагарлик» кўчаси)да Отахўжа эшон хонадонида таваллуд топди. Қиблагоҳи деҳқончилик билан шуғулланиб, оила тебратган, аҳли илм, аҳли фазлларни ўзига дўст тутган ибодатгўй, тақводор киши бўлган.

1890-1892 йиллари мавлоно Йўлдошхўжанинг ҳаётида оғир ва синовли кунлар бошланди. Аввалига волидаи муҳтарамасидан, сўнгра падари бузрукворидан айрилган ҳазрат мавлоно дастлаб, ўша пайтдаги йирик бойлардан Қодирхонбой эшигида хизмат қилди. Бой унга оталарча ғамхўрлик кўрсатиб, илм таҳсил қилмоғи учун имконият яратиб берди. Аввалига бошланғич эски тартибдаги мактабда, кейинроқ Наманган мадрасаларидан бирида таҳсил олди. Қуръони Каримни тўлиқ ёд олди. Фиқҳ, тафсир, ақоид фанларини мукаммал ўзлаштирди.

Мулла Йўлдошхўжанинг ўғиллари Ҳошимхўжа ака оталаридан эшитганларини шундай хотирлайдилар:

«Отам раҳматли эски мактабда ўқиб юрган кезлари атоқли шоир «Нодим Намангоний» ўғли Мусалламхон тўра билан бирга ўқиб, дўстлашади. Бу дўстлик умрларининг охиригача давом этади. Мусалламхон тўра кейинчалик «Унвон» тахаллуси билан ўзбек ва форс тилларида кўпгина шеърлар ёзганлар. У киши фасиҳ тилли, хушсуҳбат эди.

Қиблагоҳимиз ёш ўспиринлик  пайтларида Нодим хонадонига тез-тез бориб турар, унда бўладиган шеърий мунозара, мушоираларни диққат билан тинглар эдилар. Бир куни ўзлари машқ қилиб юрган бир-икки шеърни Нодимга ўқиб берадилар. Суҳбат асносида ҳозир бўлган шоир мулла Йўлдош Хилватий 15 ёшли отамизнинг шеърларига юксак баҳо бериб, истиқболларига яхши тилак билдиради ва у кишига «Доғий» деб тахаллус беришни тавсия қиладилар. Бу суҳбатдан сўнг менда шеъриятга бўлган муҳаббат янада ортди» дея кўп эслардилар».

Доғий домла кейинчалик, касбу камолот қилиш мақсадида тикувчига шогирд тушади. Бу касбни мукаммал эгаллагач, Ўш шаҳрида тикувчилик дўконини очиб, Ўш, Ўзганд, Жалолобод шаҳарларида ўн йил мобайнида тўн савдоси билан шуғулланади. Наманганга қайтгач, ўз ҳаётини шеъриятга бағишлайди. Тинимсиз мутолаа натижасида яхшигина шоир бўлиб етишади. Ҳофиз, Жомий, Навоий, Фузулий, Нодира, Муқимий, Убайдий, Риёзий, Зебо, Рожий сингари кўплаб шоирларнинг ғазалларига «Доғий» тахаллуси билан гўзал мухаммаслар басталади.

Шунингдек, замонасининг етук олимлари бўлган Ғозихон тўра, Яҳёхон тўра ва мулла Акбарали Охунд қори кабилардан тасаввуф сирларини ўрганган эди. Доғийнинг шеърияти билан танишар экансиз, унда сўфиёна соликларга хос тарзда ўзини маломат қилиш ва Яратган марҳаматидан умидвор бўлиш руҳи сингдирилганини кўрасиз. Қуйидаги байт фикримизнинг бир далилидир:

Кел, эй кўнгил, бу кун сен ҳиммат эт, мулки фанодин кеч,

Фано филлоҳ агар мақсад эса, сен мосиводин кеч.

Мулла Йўлдошхўжа қатағон даврида Давлат Сиёсий Бошқармаси (ГПУ) қамоқхонасида 39 кун ушлаб турилиб, турли сўров ва қийноқларга дучор бўлади ва айблов учун етарли далил-ашё йўқлиги сабабли кўп ўтмай озод қилинади.

1943 йилдан 1955 йилга қадар Наманган шаҳридаги «Жаз» ва «Шодибек» масжидларида имомлик қилади. Бу даврда унинг фиқҳ, тафсир ва араб тили борасидаги билимдонлиги бутун водий бўйлаб тарқалади. Замонасининг етук уламоларидан Мулла Абдулғофур домла, Мулла Иброҳим Махдум, Мулла Абдусаттор Охун ва Мулла Жўра охундлар билан ҳамкорликда ишлайди ва улар билан устоз-шогирд ришталарини боғлайди.

Хуллас, Мулла Йўлдошхўжа Доғий 1974 йил табаррук 96 ёшда вафот этади. У зот Наманган шаҳридаги «Мавлавий» қабристонига дафн этилган.

У кишидан бизга икки баёз ва мўъжазгина кутубхона қолган. Кутубхонада Фаридиддин Атторнинг «Тазкиратул-авлиё» ва «Мантиқут-тайр» асарлари, Саъдийниг «Гулистон» ва «Бўстон»и, Ҳофизнинг «Ғазалиёт»и, Жомийнинг «Куллиёт»и, Бедилнинг «Чор унсур»и, Навоийнинг «Хамса»си, Жалолиддин Румийнинг «Маснавий-маънавий»и, Ғаззолийнинг «Кимёи саодат»и, Фузулийнинг қўлёзма асарлари, «Анвори Сухайлий» ва бошқа кўплаб нодир китоблар сақланиб келинмоқда. Унинг шеърлари 2006 йили «Дилим изҳор айлайин дерман» номли тўпламда нашр этилди.

Эй, ўғил, айтай сенга, олсанг бу панд,

 Коминги қилгай ширин доим бу панд.

 

Бос қадам сен тўғри йўлга туну кун

 Сенга ҳам иқбол бўлгай раҳманун.

 

Ким ҳасад этса биров амволига,

Вой охир ул ҳусуд аҳволига.

Бурма ёлғон сўзга тилни зинҳор,

Бўлмагай ёлғончиларда эътибор.

 

Беадабдин, эй ўғил, қилма таниш,

Гар таниш қилган эсанг, лозим тониш.

Мулла Йўлдошхўжа Доғий Бадал эшон қизлари Шарофатхон ойим билан турмуш қуриб, улардан 3 қиз, 4 ўғил фарзанд кўради.

Фарзандлари Робияхон (1918-1953), Мелихон (1936-1939) ва Мунаввархон (Меҳрихон) (1939-2006) пошшалар ва Ҳомидхўжа (1921-1980), Қосимхўжа (1924-1943), Ҳошимхўжа (1929) ва Умархўжа (1932-1984) тақсирлардир.

Ҳозирги кунда ҳазрат Доғийнинг ўғиллари, невара-чеваралари зиёли, элу юрт ардоғидаги кишилар бўлиб, юртимиз, динимиз ривожига ўзларининг беназир ҳиссаларини қўшиб келишмоқда[1].

Аллоҳ таоло бу зотни ўз раҳмати ила сийласин!

Мустақил тадқиқотчи Акрам Шарипов

 


[1] Мулла Йўлдошхўжа Отахўжа ўғли Доғий. Дилим изҳор айлайин дерман.  — Т.: Мовароуннаҳр, 2006. Б.5-8.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Исломий даъват ишининг кўзга кўринган намояндаларидан, тарих саҳифаларига олтин ҳарфлар билан ёзиладиган уламолардан, хусусан, улуғ муфассирлардан бири, Қуръони давоми...

3496 19:00 / 21.11.2022
2021 йилнинг 18 май... Бу кун халқимиз яна бир оғир жудоликка учради. Ҳассос адибимиз, жонкуяр устозимиз ҳожи Аҳмад Муҳаммад Турсун етмиш беш ёшларида вафот этдилар. давоми...

1617 09:00 / 24.06.2021
Ислом мутафаккири ва буюк воиз, аҳли сунна валжамоанинг энг кўзга кўринган олимларидан бири, нуфузли 500 та уламолар рўйхатига киритилган аллома Баҳоуддин давоми...

140 16:14 / 09 октябрь
Ибн Ақийл шундай деган .Умримнинг бирор соатини зое қилиш мен учун ҳалол бўлмайди. Ҳатто қачон тилим музокара ё мунозарадан бўшаса, кўзларим мутолаадан чарчаса, давоми...

1804 19:00 / 29.11.2020
Аудиолар

135058 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7485 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55335 14:35 / 11.08.2021