2022 йил 23 июнь куни Ўзбекистон миллий матбуот марказида 4-жилдли янги «Ал Қомус: Арабча-ўзбекча қомусий луғати» китобининг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Учинчи Ренессанснинг илмий пойдевори бўлган ушбу луғат араб тилининг классик давридан то бугунги кун жонли шаклигача, аниқ, табиий ва инсоний илмлардан тортиб диний манбаларгача, адабий тил билан бир қаторда турли шеваларгача, матбуотдан оғзаки мулоқотгача, бир сўз билан айтганда барча сўз бойлигини ўзида мужассам этган. Унда тил жозибасининг ойнаси бўлган турғун иборалар, мақол маталлар, назму наср намуналари, Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифлардан кўплаб мисоллар келтирилган.
«Ал Қомус: Арабча-ўзбекча қомусий луғати» китоби академик, Қоҳира Араб тили академияси ҳақиқий аъзоси, филология фанлари доктори Неъматулло Иброҳимов бошчилигида тузилиб, шарқшунос-филолог, исломшунос Акмалжон Икромжонов, шарқшунос, исломшунос Акмалжон Орипов ва Абдулҳамид Зайриевлар муаллифлигида тайёрланган.
Китобнинг таништирув тақдимотида устозлар, профессорлар, академиклар, олимлар ва оммавий ахборот воситалари иштирок этдилар. Жумладан, «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жомеъ масжиди имом ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид ҳам тақдимотда қатнашиб, луғатнинг аҳамияти, таржима қилиш жараёнига оид муҳим бўлган маълумотларни айтиб, ушбу қомус луғати араб тилига оид бошқа луғатлардан ўқувчини беҳожат қилишини таъкидладилар. Шу аснода китоб муаллифларига ҳам ташаккурлар билдириб, қилинган меҳнатлар садақаи жория бўлишини тилаб қолдилар.
Юртимиздан етишиб чиққан буюк алломаларнинг бугунга қадар илм аҳлининг мўътабар манбаси бўлиб келаётган қай бир асарини олманг, араб тилида битилганини ёки унда араб тилига катта урғу берилганини гувоҳи бўласиз.
Она тилимизнинг катта қисми араб тилидан ўзлашгани барчага маълум. Демак, биз учун араб тилини нечоғли ўрганишимиз, билишимиз муҳим аҳамият касб этади. Ушбу луғатнинг биз учун долзарблиги ҳам шундаки, у ўзбек халқининг шонли ўтмиши, илм-фандан маданиятгача, адабиётдан санъатгача, тилию сўз бойлиги бевосита боғлиқ бўлган илму маърифат тили бўлмиш араб тилидан ўзбек тилига таржима луғатидир. Бугун дунёга ўзбек ҳалқини ҳеч бир изоҳсиз танитишга қодир бўлган буюк аждодларимизнинг барчалари араб тилида ижод қилиб, асарлар битганлар, жаҳон тамаддуни ривожида ўчмас из қолдирганлар. Хусусан, Хоразмийнинг «Ал-Жабр вал-муобала», Берунийнинг «Осори боқия», Ибн Синонинг «Қонун», Мирзо Улуғбекнинг «Зижи Кўрагоний», Замахшарийнинг «Кашшоф», Юсуф Саккокийнинг «Мифтоҳ ал-улум» ҳамда Навоийнинг ижод дурдоналарини қайд этиш шулар жумласидандир.
Янги 4-жилдли «Ал Қомус: Арабча-ўзбекча қомусий луғати» 100 мингдан ортиқ сўз ва ибораларни ўз ичига олган. Ушбу луғат юртимиз, халқимиз тарихи, илм-фани, маданияти, адабиёти, санъати ва тилини янада яқинроқ таниш, теранроқ билиш йўлида кўприк вазифасини ўтайди, иншааллоҳ.