Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (186-дарс). «Уммати даъват» ва «Уммати ижобат»

19:06 / 20.06.2022 3229 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот билан қасамки, ушбу умматдан бирортаси: яҳудийсими, насронийсими, менинг ҳақимда эшитса-ю, сўнгра менга юборилган нарсага иймон келтирмай ўлиб кетса, албатта, дўзах эгаларидан бўлади», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисни «Муҳаммаднинг жони Унинг қўлида бўлган Зот билан қасамки», деб Аллоҳ таоло билан қасам ичиб бошламоқдалар. Шунинг ўзи ҳадисда келадиган гап ўта аҳамиятли эканини кўрсатади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам оддий нарсаларга Аллоҳ билан қасам ичмайдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «ушбу умматдан» деган ибораларини тушунишимиз учун бир оз изоҳ лозим бўлади.

«Уммат» Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан иккига бўлинади.

Биринчиси – умумий маънодаги уммат.

Уни «Уммати даъват» дейилади. Яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари қаратилган уммат.

Бу уммат ер юзининг барча аҳолисидир. Чунки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари ер юзининг барча аҳолисига қаратилган.

Иккинчиси – хос маънодаги уммат. Уни «Уммати ижобат» дейилади, яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватларига ижобат қилган, динларини қабул қилган уммат, дегани. Булар барча мусулмонлардир.

Ушбу ҳадиси шарифда гап «Уммати даъват» – бутун ер юзи аҳолиси ҳақида бормоқда. Демак, ер юзида ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида, у кишининг динлари ҳақида эшитса, ўша одам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириб, Ислом динига кириши лозим бўлади. Агар кирмаса, кофир бўлади, дўзахга тушади. Ҳадисда «яҳудийсими, насронийсими», деб икки динга мансуб бўлган қавмлар алоҳида зикр қилинишининг сабаби бор. Яҳудий ва насроний динлари ушбу ҳадис айтилган пайтда ер юзидаги илоҳий таълимот асосидаги динлар эди. Уларга Аллоҳ таоло Мусо ва Ийсо алайҳиссаломларни пайғамбар қилиб юборган ва Тавроту Инжил китобларини нозил қилган эди. Булар «аҳли китоб» деб аталади. Уларга алоҳида муносабатда бўлинади. Чунки ер юзидаги бошқа динлардан буларнинг фарқи бор. Бошқа динлар илоҳий-самовий дин экани маълум эмас. Уларга Аллоҳ пайғамбар юборгани, китоб туширгани ҳам аниқ эмас. Демак, яҳудий ва насроний бўлган одамлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида эшитганларида иймон келтиришлари лозим бўлганидан кейин, динларининг самовий экани маълум бўлмаган, умуман, дини йўқ ёки сохта динларга эътиқод қилиб юрганлар иймон келтириши лозимлиги турган гап.

Яҳудий дини самовий дин бўлган. Аллоҳ Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломларни бу диннинг пайғамбарлари қилиб юборган. Тавротни ўша диннинг муқаддас китоби қилиб нозил қилган. Шу билан бирга, бу дин вақтинчалик эканини, кейин яна дин келишини айтган. Охири Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ислом дини билан келишларини ҳам башорат берган.

Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломни пайғамбар  қилиб юбориб, у зотга Инжилни тушириши билан яҳудий дини ва Таврот китоби амалдан қолди. Аммо бу диндан фойда олиб турган бошлиқлар бу ҳақиқатни эътироф қилмадилар. Ийсо алайҳиссаломга иймон келтириш ўрнига у кишига душманлик қилдилар, «Тавротда башорати берилган пайғамбар бошқа, бу эмас», дедилар.

Ийсо алайҳиссаломга иймон келтириб, масийҳий – насроний бўлганлар у кишининг шариатларига, Инжилга амал қилиб юрдилар. Вақт ўтиши билан динни ва Инжилни бузсалар ҳам, барибир ўзларини «насроний» деб, «аҳли Инжил», деб юрдилар. Уларга ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ислом дини билан келишлари ҳақида Аллоҳ башорат берган эди. Бу ҳақда алоҳида китоблар ҳам ёзилган. Кези келганда, Аллоҳ хоҳласа, бу тўғрида батафсил гапирамиз ҳам.

Аллоҳ таоло вақти-соати келганда, Ўз ваъдасига вафо қилиб, Ўзи башорат берган сўнгги пайғамбари – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни охирги ва мукаммал дин – Ислом дини ила барча одамларга юборди. Насроний дини ва Инжил ҳам амалдан қолди. Ўзини билган яҳудий ва нас-ронийлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хабарларини эшитишлари билан у зотга иймон келтириб, мусулмон бўлдилар. Кўпчилик эса яна нотўғри таъвилга ўтиб, Таврот ва Инжилда башорати берилган пайғамбар бошқа, деб иймон келтирмади.

Демак, Исломнинг оламийлиги ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ер юзининг барча аҳолисига пайғамбарликларининг маъноси шу. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда:

«Ушбу умматдан бирортаси: яҳудийсими, насронийсими, менинг ҳақимда эшитса-ю, сўнгра менга юборилган нарсага иймон келтирмай ўлиб кетса, албатта, дўзах эгаларидан бўлади», дедилар.

Шунга биноан, ер юзи аҳолисидан кимга Ислом даъвати етса, мусулмон бўлмоғи лозим. Исломни қабул қилмаса, кофир бўлади ва дўзахга тушади.

Ислом даъвати етмаган кишилар эса «аҳли фитрат» дейилади. Даъват етмагани учун уларни «кофир», деб ҳукм чиқарилмайди. Дўзахга тушишлари ҳақида ҳам ҳукм қилинмайди. Улар «аҳли фитрат» деб номланадилар ва қиёматда бошқа жонзотлар қатори тупроққа қоришиб кетадилар.

Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинким, бизларни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уммати ижобатидан бўлишга муяссар қилди. Юртларимизни қадимдан Ислом нури ила мунаввар айлади. Халқларимизни чин мухлис мусулмонлардан қилиб, Ислом учун хизмат қилган машҳур халқлардан қилди. Халқларимиздан чиққан уламоларни Ислом оламининг пешқадам олимларидан қилди.

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фиқҳул акбарБизни соф ақидага йўллаган Аллоҳ таолога битмастуганмас ҳамду санолар бўлсин Бизга энг мукаммал ақидани баён қилиб берган Пайғамбаримизга саловоту давоми...

12342 17:16 / 01.12.2016
.АрРофеъ, исми .кўтарувчи, маъносини англатади. Мисол учун, У Зот мўмин ва тақводорларни азизу мукаррам қилиб, уларнинг мартабасини кўтаради. Бирор жисмни давоми...

10115 14:50 / 13.03.2018
Аслида қадар ndash Аллоҳ таолонинг махлуқотлардаги сирридир. У нарсадан муқарраб фаришта ҳам, юборилган набий ҳам хабардор эмас. У нарсада чуқур кетиш, назар солиш давоми...

5141 14:05 / 24.02.2020
.Ақийда, сўзи .ақд,дан олинган бўлиб, бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш маъносини англатади. Жами кўплик шакли .ақоид, бўлади. Ундан мақсад эса мукаллаф ndash давоми...

1316 19:00 / 30 январь
Аудиолар

135060 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55338 14:35 / 11.08.2021