Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 2 рабиъус сони | 2024 йил 05 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия 182-дарс. Аллоҳ бахилларни ва бахилликка буюрадиганларни хуш кўрмайди

19:00 / 23.04.2022 3288 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Муҳаммад сурасида марҳамат қилади:

إِن يَسْأَلْكُمُوهَا فَيُحْفِكُمْ تَبْخَلُوا وَيُخْرِجْ أَضْغَانَكُمْ

«Агар сиздан уларни сўраса, қийнаса, бахиллик қиласизлар ва кекларингизни чиқарур» (37-оят).

Аллоҳ таоло Ўзи яратган бандаларининг сир-асрорларидан, камчилик ва табиатларидан хабардордир. У Зот ҳамма нарсани билади. Шунинг учун ҳам аввалги оятнинг охирида «...ва мол-дунёларингизни сўрамас», деган бўлса ҳам, ушбу оятнинг бошида «Агар сўраб қолса, нима бўлар эди?» деган саволга Ўзи жавоб бериб:

«Агар сиздан уларни сўраса...»

Яъни мол-дунёларингизни беришингизни сўраса, сизга оғир туюлади, мол-дунёларингизни сарфлашга тегишли бўлган амр ҳақида ўйлаб қоласизлар. Ҳа, Аллоҳ сиздан молларингизни сарф қилишни сўраса,

«...қийнаса, бахиллик қиласизлар…»

Яъни «Молларингизни Аллоҳнинг йўлида сарф қилмайсизлар», – демоқда.

Аллоҳ хоҳласа, ана шундай қилиб,

«…кекларингизни чиқарур».

«Сиз ўзингиз сезмаган ҳолда айбларингизни ошкор қилиб қўясиз».

Кейинги оятда эса дин йўлида мол сарфлашда содир бўладиган бахиллик каби қийинчилик қуръоний услубда муолажа қилинади.

هَاأَنتُمْ هَؤُلَاء تُدْعَوْنَ لِتُنفِقُوا فِي سَبِيلِ اللَّهِ فَمِنكُم مَّن يَبْخَلُ وَمَن يَبْخَلْ فَإِنَّمَا يَبْخَلُ عَن نَّفْسِهِ وَاللَّهُ الْغَنِيُّ وَأَنتُمُ الْفُقَرَاء وَإِن تَتَوَلَّوْا يَسْتَبْدِلْ قَوْمًا غَيْرَكُمْ ثُمَّ لَا يَكُونُوا أَمْثَالَكُمْ

«Ҳой, сиз, анавилар! Аллоҳнинг йўлида нафақа қилишга чақирилмоқдасиз. Бас, баъзиларингиз бахиллик қилурсизлар. Ва ким бахиллик қилса, албатта, ўз зиёнига бахиллик қилур. Ва, ҳолбуки, Аллоҳ беҳожат, сизлар муҳтожсизлар. Ва агар юз ўгириб кетсангиз, ўрнингизга сиздан бошқа қавмни келтирур, улар эса сизларга ўхшаган бўлмаслар» («Муҳаммад» сураси, 38-оят).

Ояти каримада Аллоҳ таоло инсон табиатининг қанчалик дақиқ билишини таъкидламоқда ҳамда воқелик ҳақида хабардор қилмоқда. Ҳақиқатан ҳам, ушбу ояти карималар нозил бўлиб турган вақтда сахийлик, Аллоҳнинг йўлида холис мол сарфлаш каби фазилатлар кўпчилик мусулмонларга хос бўлиб, уларнинг бу борадаги ишлари мўъжиза даражасига бориб етгани олтин саҳифаларга айланиб, инсоният тарихида боқий қолган. Шу билан бирга, баъзи бахиллар ҳам бўлганки, бу ҳам воқеликдир. Қуръони Карим ушбу оятда шу бахилликни муолажа қилмоқда. Содир этилган бахиллик муолажа қилинаётгани учун нидо ҳам ўшанга яраша бўлмоқда:

«Ҳой, сиз, анавилар!»

Нима учун молларингизни ортиқча яхши кўрасиз?

«Аллоҳнинг йўлида нафақа қилишга чақирилмоқдасиз. Бас, баъзиларингиз бахиллик қилурсизлар».

Бу жуда ҳам нотўғри иш. Бу мўмин-мусулмон инсонга мутлақо тўғри келмайдиган иш. Наҳотки, молу дунёни ризқ қилиб берган Зот Ўзининг йўлида ўша молу дунёнинг баъзисини нафақа қилишга чақирганда бахиллик қилинса?!

«Ва ким бахиллик қилса, албатта, ўз зиёнига бахиллик қилур».

Ким хайр-эҳсон қилса, Аллоҳнинг йўлида сарф-ҳаражат қилса, ўзига заҳира тўплаган бўлади. Охиратда қачон хоҳласа, ундан олаверади. Ҳа, бу дунёда қилинган нафақа қиёмат куни учун тўплаб қўйилган эҳтиёт жамғарма ҳисобланади. Кимки бу дунёда Аллоҳнинг йўлида, дин йўлида сарф қилишдан қочса, бахиллик қилса, демак, ўзининг охиратдаги жамғармасининг кўпайишига қарши ҳаракат қилган бўлади. Сиртдан мол-пулни тежаб қолиб, ўзига, оиласига, бола-чақасига ишлатганга ўхшайди-ю, лекин аслини олганда, уларнинг барчасини охират савобидан маҳрум қилган бўлади. Чунки нафақа қилса, ўзига қилган бўлади. Аллоҳ эса ҳеч кимнинг нафақасига муҳтож эмас:

«Ва, ҳолбуки, Аллоҳ беҳожат, сизлар муҳтожсизлар».

«Қўлларингиздаги мол-дунёни вақтинчалик, сизларни синаш учун Аллоҳнинг Ўзи берган-ку! Ўзи берган ўша молдан нафақа қилсангиз, уни сақлаб, кўпайтириб, қайтарадиган ҳам Ўзи-ку! Қайси тарафдан қаралганда ҳам, камбағал – сизлар. Ҳожатманд – сизлар», – дейилмоқда. Қўлингиздаги молни Аллоҳ берган бўлса, улардан савоб ҳосил бўлса, савобни берувчи ҳам Аллоҳнинг Ўзи бўлса, унда, нима учун Аллоҳнинг дини йўлида бахиллик қиласиз?!

Исломга даъват, динга хизмат қилиш Аллоҳнинг бандасига берган улуғ неъмати ва эъзозидир. Ушбу улуғ ишончга муносиб бўлмай, қўрқоқлик, дангасалик ва бахиллик қилсалар, Аллоҳ берганини қайтариб олиб, Ўз улуғ неъматининг қадрини биладиган бандаларига бериши ҳеч гап эмас.

«Ва агар юз ўгириб кетсангиз, ўрнингизга сиздан бошқа қавмни келтирур...»

Албатта, янги қавм аввалгисига ўхшаб, қўрқоқ, дангаса ва бахил бўлмайди.

 «...улар эса сизларга ўхшаган бўлмаслар».

Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:

الَّذِينَ يَبْخَلُونَ وَيَأْمُرُونَ النَّاسَ بِالْبُخْلِ وَيَكْتُمُونَ مَا آتَاهُمُ اللّهُ مِن فَضْلِهِ وَأَعْتَدْنَا لِلْكَافِرِينَ عَذَابًا مُّهِينًا

«Улар бахиллик қиладиган, одамларни бахилликка буюрадиган ва Аллоҳ уларга Ўз фазлидан берган нарсаларни беркитадиганлардир. Ва кофирларга хорловчи азобни тайёрлаб қўйганмиз» (37-оят).

Аллоҳ бахилларни, бахилликка буюрадиганларни ва Аллоҳ таоло уларга Ўз фазлидан берган нарсаларни беркитадиганларни хуш кўрмайди. Бахил одам ўз қўлидаги неъматни ўзи яратгани йўқ, балки бу неъматни унга Аллоҳ таоло берган. Аммо бу инсон шу нарсани ўзига ўхшаган, аммо ҳозирда оғир аҳволга тушиб қолган бошқа бир инсонга беришдан қизғанади.

Бахиллик жамият аъзолари ичида бир-бирини кўра олмасликка, турли фитналар келиб чиқишига сабаб бўлади.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: خَطَبَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم فَقَالَ: «إِيَّاكُمْ وَالشُّحَّ، فإِنَّمَا هَلَكَ مَنْ كَانَ قَبْلَكُم بِالشُّحِّ، أَمَرَهُمْ بِالْبُخْلِ فَبَخِلُوا، وَأَمَرَهُمْ بِالْقَطِيعَةِ فَقَطَعُوا، وَأَمَرَهُمْ بِالْفُجُورِ فَفَجَرُوا». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилдилар ва:

«Бахилликдан сақланинглар. Чунки у сиздан олдингиларни ҳалок қилган. Уларни бахилликка амр қилди, бахиллик қилдилар. Уларни алоқаларни узишга буюрди, уздилар. Фужурга буюрди, фужур қилдилар», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Мазкур номаъқул инсонлар ўзлари бахиллик қилганлари етмагандек, бошқаларни ҳам бахилликка буюрадилар. Шу билан бирга, Аллоҳ таоло томонидан берилган неъматларни беркитадилар. Одамларга кўрсатишдан қочадилар. Одамлар билиб қолмасин деб, ўзлари ҳам емай-ичмай, киймай кун кечирадилар.

«Руҳий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўзини юқори олган одам кибр аҳлидан бўлади. Камолот сифатларининг соҳиби бўлган одам ўзини бошқалардан юқори олмайди. Камолот сифатлари эса диний ва дунёвий давоми...

3977 20:00 / 26.02.2022
Аллоҳнинг муҳаббатига эришиш учун қуйидаги ишларга жиддий эътибор беришимиз лозим1. Қуръонни тадаббур ила, маъноларини яхши тушуниб ўқиш. 2. Фарз ибодатлар билан давоми...

3250 05:00 / 01.03.2017
Ҳижрий еттинчи асрда мўғул лашкарлари бутун дунёни забт этиш учун ўзларининг машҳур юришларини бошладилар. Мўғулларга қаршилик кўрсатганлар асосан мусулмонлар давоми...

5539 19:30 / 26.10.2019
Аллоҳга ҳамдлар, Аллоҳнинг расулига, у зотнинг оли асҳобларига ҳамда у зотнинг йўлларидан юрганларга салоту саломлар бўлсин. Ва баъдҚалбларнинг тўғрилиги барча давоми...

3759 05:00 / 01.03.2017
Аудиолар

131072 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51597 14:35 / 11.08.2021