1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон

Рамазон тавсияси

09:00 / 10.03.2024 7863 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рамазоннинг Қуръон ойи ва бу ойда ўқилган ҳар бир ҳарф учун беҳисоб ажр-савоблар берилиши ҳақида ўқиган киши ундан бенасиб қолмасликка ҳаракат қилиши табиий, албатта. Лекин ҳамма ҳам Аллоҳнинг каломини ўқишни билмайди. Хўш, унда нима қилиш керак? Бу борадаги баъзи тавсиялар сизга фойдали бўлади деган умиддамиз.

                                                

Илк қадам

Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда устозларимизнинг Қуръон илмига оид кўплаб саҳифалари, каналлари бор. Уларга қўлингиздаги телефон орқали ҳам аъзо бўлиш имконияти бор. Бу каналларда Қуръонга оид ҳар қандай маълумотни – ҳарфларнинг махражларидан тортиб тажвид қоидаларигача топиш мумкин. Бу дарсларни ўзлаштирганингиздан сўнг Қуръон ўқишни яхши биладиган бирор устозга мурожаат қилиб, текширтириб оласиз. Имконим йўқ деманг, интилганга Аллоҳ ёр!

Бошловчилар диққатига!

Рамазон ойида Қуръони Каримни хатм қилишни астойдил мақсад қилинг. Аввал хатм қилмаган бўлсангиз, юртимиздаги ва бошқа таниқли қориларнинг қироатлари ёзилган диск ёки бошқа форматдаги қироатларини бир бошидан эшитишга киришинг! Қори ўқиётган оятни сиз китобдан кузатиб турасиз. Оят тугагач, тўхтатиб, ўзингиз мустақил ўқиб кўрасиз. Ундан ташқари, ҳозирги кунда кенг оммалашган қаламли Қуръон ҳам бу борада сизга ёрдамчи бўлади.

Астойдил бўлсангиз, кунига бир порадан, яъни 20 саҳифадан эшитиб, Роббимизнинг Каломини бир ойда камида бир маротаба хатм қилиш бахтига мушарраф бўласиз. Агар ғайрат қилиб, кунига 2 пора – 40 саҳифа ўқисангиз, бир ойда 2 маротаба хатм қиласиз. Ҳиммати баланд кишилар вақтдан унумли фойдаланишса, кунига 3 пора, яъни 60 саҳифадан ўқиб, бир ойда Қуръони Каримни 3 маротаба тугатишга муваффақ бўлишади.

Муҳим эслатма

Мен ўқишда қийналаман, хатога йўл қўяман, бу Аллоҳ таолонинг Каломига нисбатан одобсизлик бўлади деб кўнглингиз хижил бўлмасин. Қуръон ўқишдан мақсад уни бузиб ўқишми? Йўқ, албатта. Шундай экан, хато қилишдан қўрқманг!

Хатога йўл қўймаслик учун Қуръони Каримни қайта-қайта ўқиш керак! Бардавомлик билан ўқиш, аудиолардан фойдаланиб, диққат билан кузатиш, эшитиш натижасида илк ўқишда йўл қўйилган хатолар камайиб боради. Қанча кўп ўқиб, хатм қилсангиз шунча малакангиз ошаверади. Хато қилиб қўяман, ўқий олармиканман деб иккилансангиз, йиллар ўтиб кетади. Шундай экан, ҳозироқ ўқишга киришинг!

Тавсия

Катта устозларимиз Қуръони Каримни эшитиб, кузатиб боришда шайх Муҳаммад Сиддиқ Миншавий, шайх Абдулбосит Абдуссомад, шайх Халил Хусорий роҳимаҳумуллоҳдек зотларнинг тиловатларидан фойдаланишни тавсия қилишади.

Унутманг! Қуръондан бир саҳифа ўқисангиз, ўрта ҳисобда, 5000 ҳасанот ёзилади. Агар бир пора ўқисангиз, 100 000 ҳасанот. Қуръонни тўлиқ хатм қилган кишига 3 миллион ҳасанот нақд дегани. Ихлосингизга қараб у зиёда бўлаверади. Бу ҳисоб Рамазон ойида 70 баробаргача кўпайтириб берилиши эътиборга олинса, ҳар қандай киши бундай имкониятни қўлдан чиқариб юбормасликка ҳаракат қилади

Қадрдоним, дангасаликни бир четга суриб, бундай имкониятдан фойдаланиб қолинг!

 

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ
«Ҳилол» журналининг 3(36) сонидан

Муаллиф
islom.uz
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Отлар мусобақада маррага яқинлашганда ғолиб бўлиш учун бор кучи билан чопади. Биз инсонлар отлардан кўра зийрак бўлишимиз керак. Чунки биз абадий саодат учун давоми...

2699 17:00 / 29.04.2022
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан Рамазон ойида соғлом овқатланиш бўйича эълон қилинган тавсиялардан httpst.messvuz12568 ифторлик дастурхонига доир маслаҳатлар давоми...

2432 18:02 / 03.04.2023
Азизлар сиз билан башариятнинг, хусусан, мўминмусулмонларнинг ашаддий душмани бўлмиш шайтон ҳақидаги фикрлар дунёсига сайр қилиб кўрамиз Қуръони Каримда шайтон давоми...

1787 14:26 / 28.03.2025
Мусулмон халқлари ҳаётида ҳар йили Рамазон ойи ўзгача шукуҳ ва кўтаринки кайфият касб этиб келган.Аждодларимиз ижтимоий турмуш тарзи ҳақида сақланиб қолган давоми...

2830 14:06 / 28.04.2021
Аудиолар

230335 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148903 14:35 / 11.08.2021