Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (176-дарс). Бундан ортиқ яна қандай мўъжиза керак?!

18:30 / 28.03.2022 4447 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Мўъжиза» сўзи луғатда «ожиз қолдирувчи» деган маънони англатади. Яъни, мўъжиза нарсани бошқалар қилишдан ожиз қоладилар. Истилоҳда эса Аллоҳнинг изни ила пайғамбарларга уларнинг пайғамбарлигини тасдиқлаш учун берилган одатдан ташқари, бошқаларнинг қўлидан келмайдиган иш мўъжизадир.

Кофирлар, одатда пайғамбарларни инкор қилиш билан бирга, ўз номаъқулчиликларини хаспўшлаш мақсадида доимо турли баҳона, таклифлар қилиб, мўъжиза кўрсатишни талаб этиб туришади. Аввалги ўтган барча пайғамбарларга кофирлар худди шундай таклифлар қилганлар. Аллоҳ Ўз пайғамбарларининг ҳақлигини тасдиқлаш, кофирларни ожиз қолдириш, мўминларнинг иймонини мустаҳкамлаш учун пайғамбарларга ўз замонаси ва қавмига мос мўъжизаларни берган.

Мисол учун, сеҳргарлик авж олган бир замонда юборилган Мусо алайҳиссаломга Аллоҳ таоло уларнинг сеҳридан бир неча марта устун турувчи мўъжизаларни берган.

Моддапарастлик авж олиб, ҳар бир нарса моддий асосга эга, деган эътиқодда бўлган қавмга юборилган Ийсо алайҳиссаломга Аллоҳ таоло турли тузалмайдиган беморликларни тузатиш, ўликни тирилтириш каби мўъжизаларни берган.

Ўтган пайғамбарлар ўзларига берилган мазкур моддий мўъжизаларни ўз ўрнида ишлатганлар. Лекин уларнинг вафотлари билан барча мўъжизалар ҳам амалдан қолган. Чунки уларнинг пайғамбарликлари маълум бир қавмга, маълум бир маконга ва маълум бир замонга боғлиқ бўлган.

Муҳаммад алайҳиссаломга эса абадий ва улкан мўъжиза қилиб Қуръони Карим берилган. Чунки у зотнинг пайғамбарликлари қиёмат қоим бўлгунча барча халқлар, маконлар ва замонлар учун бардавомдир. Шунинг учун у зотга моддий эмас, маънавий ва боқий мўъжиза – Қуръони Карим асосий мўъжиза қилиб берилгандир.

Ул зоти бобаракот ўтганларидан сўнг ҳам мўъжизалари бўлмиш Қуръон то қиёматгача барҳаётдир. Шунинг учун ҳам қачон мушрик ва кофирлар у кишидан пайғамбарликларини тасдиқловчи мўъжиза талаб қилишса, Қуръони Каримни рўкач қилганлар.

Бошқа пайғамбарларга улкан мўъжиза бўлиб хизмат қилган нарсалар Муҳаммад алайҳиссалом учун оддий бир иш эди. Деярли ҳамма пайғамбарларга берилган мўъжизаларга ўхшаш ишлар Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаётларида ҳам бўлиб ўтган. Бу ҳақдаги хабарлар ҳадис китобларида бор. Лекин бу нарсалар такрорланавериб, оддий бир ҳолатга айланиб қолганидан, катта шов-шув қилинмасди.

Ўзини билган одамлар учун ҳатто Исро ва Меърож каби катта ҳодисалар ҳам оддий бир иш бўлган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Исро ва Меърож қилганликлари ҳақида одамларга хабар берганларида, ҳар ким ўзини турлича тутди ва ҳар хил гап айтди.

Бир гуруҳ одамлар ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдиларига югуриб боришди. У киши хабарни эшитгандан сўнг: «Ул зот шу гапларни айтдиларми?» деб сўради.

«Ҳа», дедилар. У киши:

«Агар у зот айтган бўлсалар, тўғри айтибдилар, мен бунга шоҳидлик бераман», деди. Улар:

«Шомга бир кечада бориб, яна Маккага тонг отмай туриб қайтиб келишига ишонасанми?!» дейишди. Абу Бакр:

«Мен у кишининг бундан ғариброқ нарсасини ҳам тасдиқлайман. Осмондан хабар айтишларини ҳам тасдиқлайман», деди.

Ҳа, осмоннинг хабари бўлмиш ваҳийни қабул қилиб олиш, Аллоҳнинг каломи Қуръонни қабул қилиб олиб, кишиларга етказиш ва уни татбиқ қилиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг бош мўъжизалари эди.

Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг бошқа мўъжизалари у зотнинг пайғамбарликларининг тасдиғи сифатида ҳужжат қилинмас эди. Одамлар мўъжиза кўрсатишни талаб қилган пайтда ҳам уларга Қуръони Карим мўъжиза сифатида рўкач қилинар эди. Бунга Анкабут сурасидаги ушбу икки ояти каримани мисол қилиб келтиришимиз мумкин:

وَقَالُوا لَوْلَا أُنزِلَ عَلَيْهِ آيَاتٌ مِّن رَّبِّهِ قُلْ إِنَّمَا الْآيَاتُ عِندَ اللَّهِ وَإِنَّمَا أَنَا نَذِيرٌ مُّبِينٌأَوَلَمْ يَكْفِهِمْ أَنَّا أَنزَلْنَا عَلَيْكَ الْكِتَابَ يُتْلَى عَلَيْهِمْ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَرَحْمَةً وَذِكْرَى لِقَوْمٍ يُؤْمِنُونَ


«Унга Роббидан мўъжизалар нозил қилинса эди»,  дедилар. «Мўъжизалар ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Мен эса фақат очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман, холос»,  дегин. Уларга Бизнинг сенга ўзлари учун тиловат қилинаётган ушбу Китобни нозил этганимиз кифоя қилмасми?! Албатта, бунда иймон келтирадиган қавмлар учун раҳмат ва эслатма бордир» (50-51-оятлар).

Кофирлар хаёлига нима келса, гапираверади. Улар «Муҳаммадга Роббидан мўъжизалар тушса эди», дедилар. Ҳа,

«Унга Роббидан мўъжизалар нозил қилинса эди», дедилар».

Эй Пайғамбар!

«Мўъжизалар ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Мен эса фақат очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман, холос», дегин.

Ҳа, мўъжизалар фақат Аллоҳ таолонинг ҳузуридан келади. Уларнинг тасарруфини ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзи қилади. Қачон керак бўлса, ўшанда туширади. Кимга керак бўлса, ўшанга туширади. Қанча керак бўлса, шунча туширади. Пайғамбар эса очиқ-ойдин огоҳлантирувчи, холос. Унга Робби кишиларни огоҳлантиришни топширган, у шу топшириқни бажаради, холос. Аслида уларга мўъжизалар нозил қилинишининг ҳожати ҳам йўқ.

Нима учун улар мўъжиза тушишини талаб қилишади? Ҳолбуки, қаршиларида мўъжизаларнинг мўъжизаси, абадий боқий мўъжиза – Қуръон турибди-ку! Бундан ортиқ яна қандай мўъжиза керак?!

«Уларга Бизнинг сенга ўзлари учун тиловат қилинаётган ушбу Китобни нозил этганимиз кифоя қилмасми?!»

Кифоя қилиши керак. Ахир Қуръоннинг ҳар бир ояти ўзига хос мўъжиза-ку. Қуръон туфайли улар Аллоҳ таоло билан бевосита алоқада бўладилар-ку!

«Албатта, бунда иймон келтирадиган қавмлар учун раҳмат ва эслатма бордир».

Ҳа, Қуръони Каримдаги раҳматдан баҳраманд бўлиш учун кишида иймон бўлиши керак.

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу мавзу қазои қадар ва банданинг амали мавзусига узвий боғлиқдир. Қадария ва мўътазилаларга ўхшаб .Банда ўз амалини ўзи халқ қилади, Аллоҳ таолонинг бу ишга давоми...

4555 18:00 / 13.09.2021
. .Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу деди.Илонларнинг ҳаммасини, худди кумуш таёққа ўхшаш оқ илондан бошқасини ўлдиринглар,.Абу Довуд ва Термизий ривоят давоми...

2474 19:00 / 12.12.2022
Бу буюк имомнинг асл исмларини кўпчилик билмайди ҳам. Аммо ҳамма Имоми Аъзам, яъни .улуғ имом,, .катта имом, деб номлайди. Ҳақиқатан ҳам, у киши бунга сазовор зот давоми...

5380 15:00 / 10.07.2019
1. Мўътазилийлар Аллоҳ таолонинг.У Зот .Мени ҳеч кўра олмассан,, деди, Аъроф сураси, 143оят оятини далил қилиб, .Аллоҳ Мусо алайҳиссаломга .ҳеч, деган сўзни ишлатиб, давоми...

3800 14:00 / 08.06.2020