1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Ёмонликдан қайтариш услуби

16:53 / 28.01.2022 2765 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ижтимоий тармоқларда бирорта ўзбек сериали ёки киносидаги беҳаё саҳнадан кесиб олинган лавҳа «Ўзбек сериалининг аҳволи», «Маънавиятчилар қаёққа қараяпти?!» каби гапларни ёзиб пост қилиб жойлаштириш ҳолати бор.

Ёмонликдан қайтариш учун ўша ёмонликнинг манзилини айтиш, уни кўрсатиш шарт эмас!

Ўша беҳаёлик кўрсатилган саҳнани охиригача кўриб бўлиб, кейин «Вой дод, киночиларга нима бўлди?!» деб пост қўйиш нима дегани?!

Масалан, «Фалон.ру деган сайтга кирманглар, унда беҳаёлик тарғиб қилинади» ёки «Фалон канални кўрманглар, у ерда кечаси соат 12 дан кейин ёмон кино кўрсатилади» каби услубда эмас, балки, «Хоҳ интернетда бўлсин, хоҳ телевизорда бўлсин, хоҳ ҳаётда бўлсин, беҳаё нарсаларни кўрманглар» деб айтилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Буни айтишимизга сабаб шуки, баъзи бир кишилар «Таниқли хонанда фалон қўшиққа рақсга тушибди. Ахир бу уят-ку!» ёки «Шулар ҳам ўзбек қизларими? Нималар бўляпти ўзи? Ахир бу миллатимиз номига иснод-ку!» деб ёзиб, ўша рақслар саҳнаси акс этган видеоларни, расмларни саҳифаларига, гуруҳларга жойлашди ва яна жойлашяпти. У видеоларни қанча одам кўради. Ўша видео ва расмлар танқид этилаётган, уларни кўришдан қайтарилаётган бўлса-да, постни ўқиётган киши бир марта кириб кўради. Натижада пост эгаси нечта одамнинг гуноҳга ботишига сабаб бўлиб қолади.

Аллоҳ таоло фаҳш тарқалишини яхши кўрадиган бузғунчиларни қоралаб, шундай хитоб қилади:

إِنَّ الَّذِينَ يُحِبُّونَ أَن تَشِيعَ الْفَاحِشَةُ فِي الَّذِينَ آمَنُوا لَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ ۚ وَاللَّهُ يَعْلَمُ وَأَنتُمْ لَا تَعْلَمُونَ

«Албатта, иймон келтирганлар ичида фоҳиша тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ биладир, сизлар билмассизлар» (Нур сураси, 19-оят).

Мана шундай беҳаё саҳналарни ташкил қилиш фикрини илгари сурадиган, уни ташкил қиладиган, маблағ ажратадиган, хайрихоҳ бўладиган, уятсизлик аралашган кино, сериалнинг ишлаб чиқарилишини, экранларда намойиш этилишини, ижтимоий тармоқларда кўп айланишини истайдиган ва уни ўзи томоша  қилиб, бошқаларга ҳам улашадиганлар фоҳиша ишлар тарқалишини яхши кўрадиганлардир. Беҳаёликка қаршилигимни изҳор қиламан деб, беҳаё саҳнани постга жойлаб, бошқаларнинг кўришига сабабчи бўлиб, шу оятда қораланаётганлар қаторига кириб қолмайлик.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин киши таҳқирлайдиган, лаънатлайдиган, ахлоқсиз, беномус бўлмайди», деганлар.

Ушбу ҳадиси шарифда оламларга раҳмат қилиб юборилган зот соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмин кишининг оғзидан, қўлидан сўкиш, ахлоқсизлик, ҳақорат каби нарсалар содир бўлмаслигини, у қилаётган ҳар бир ишини шариат тарозусига солиб, кейин амалга оширишини таъкидламоқдалар.

Ёмон видеолар ва ёмон гапларга қаршилигимизни билдираётганимизда, ўша видео ва гапни ёки уларнинг ҳаволасини постга жойлаб, бошқаларнинг гуноҳга ботишига сабабчи бўлмайлик! Балки беҳаёликка умумий маънода қарши эканимизни эълон қилайлик! Қаршилик ва нафратни изҳор қилишда беҳаё расмдан фойдаланиш шартмас! Одамларнинг кўзи, қулоғи бузуқликка ўрганиб қолмасин тағин. Ўзимиз сезмаган ҳолда жамиятда беҳаёлик ва жирканч сўзлар тарқалишига ҳисса қўшиб қўймайлик!

Аллоҳ таоло бизни нопокликлардан асраб, яхшиликка чорлаш ва ёмонликдан қайтаришни тўғри услубда амалга оширишимизни насиб этсин!

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар бир инсоний алоқада ўзига яраша ҳақҳуқуқ ва мажбурият бўлганидек, дўстликнинг ҳам ўзига яраша ҳуқуқлари ва масъулиятлари бор. Руҳий тарбия бўйича мутахассис давоми...

6261 23:10 / 17.05.2017
Сир омонатдорлари, мол омонатдорларидан камроқдир, демишлар қадимда. Агар бу сўзни молингизга омонатдорлар ҳам ниҳоят даражада ноёб бўлиб қолган бугунги давоми...

1136 09:52 / 12 август
Эътиборингизга бир неча хорижий нашрларнинг Ўзбекистон ҳақида ёзган мақолаларининг жамланмасини ҳавола этамиз.НьюЙоркда Сайфулло Соипов номли террорчи давоми...

8289 19:41 / 15.11.2017
Шаъбон ойи ndash ҳижрийқамарий тақвимнинг саккизинчи ойи бўлиб, Ражаб ва Рамазон ойлари ўртасида жойлашган. Бу ой тўғрисида келган маълумотларни ўрганиб кўрсак, давоми...

2449 13:35 / 19.02.2024
Аудиолар

210850 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130114 14:35 / 11.08.2021