1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Катта ва кичик соябон

17:06 / 27.01.2022 1909 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Роббимиз Аллоҳ оламларнинг Роббидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом оламларга раҳматдир. Китобимиз Қуръон барча замонлар ва барча маконларнинг китобидир. Умматимиз то қиёматгача барча наслларнинг умматидир. Шариатимиз ҳаётнинг бутунича қамраб олган шариатдир.

Фиқҳ китобларимиз сув мавзусидан бошланиб, маййитнинг меросини тақсимлашни тушунтирадиган мавзу билан якунланади. Динимиз инсон ҳаётининг ҳар бир жабҳасини қамраб олади. Инсонлар, жинлар ва бошқа махлуқотлар билан яшашимиз учун яратилган бу коинотдаги барча эҳтиёжларимизга жавоб берадиган динимиз бор. Динимизнинг бу улкан қамровидан ғурурланамиз. Ислом мана шундай, унинг буюклиги ва абадийлигининг зоҳирий таъминотларидан бири ҳам шудир.

Ушбу тузилиши билан Ислом бутун инсониятга юборилган таклифдир. У очган соябон остида бутун инсоният учун жой бор. Аллоҳнинг бандаси бўлишни қабул қилган ҳар бир киши учун очиқ-ойдин изҳор этадиган ҳақиқат бу. Соябон катта, ҳар кимнинг соябон остида ўзига тегишли жойи бор. Шу даража каттаки, ҳатто қўли юз кишининг қони билан булғанган кишига ҳам у ерда жой топилади. Абу Жаҳлдек бир кишининг ўғли Раббига йўналишни билганидан кеийн унга ҳам бир жой топилди. Ким Аллоҳнинг мўмин бандаси бўлишни қабул қилолса, бу соябон остида унинг жойи бордир. Соябонимиз катта; бутун инсониятни сиғдирадиган ҳажмда катта.

Мусулмон кишининг тушунчаси ва ҳаёт тарзи ушбу соябоннинг кенглигига тўғри келганида, унда ўзига хос шахсиятга шаклланади ва бу шахсияти билан имон биродарлигини мустаҳкамлайди. Аллоҳ рози бўладиган ҳаётга янада яқин туради. Агар мусулмон одам кенг қамровли бу соябонни ўзининг тасаввури билан торайтирса ва ҳаётга ўзида кичкинагина соябон билан қараса, у қамраб олган чегара диннинг ўлчовларига терс тушади. Дин кенгайтирган масалани у торайтиради, чақириғини узоқлаштиради, ёқтирган нарсасига қарши чиқади. Бу эса мусулмонлик талабларига зид бўлгани сабабли, Аллоҳ рози бўлмайдиган ҳаётни У рози бўлади деган умид билан яшайди. Ҳатто яхши ниятда қилган амалнинг савобидан ҳам маҳрум бўлади.

Динимизнинг намозга берган шаклини бир пайтлар ўзгартириш талаби билан чиқилгани диндан адашиш экани қанчалар ҳақиқат бўлган эса, динимиз очган биродарлик соябони остида кичкинагина соябонлар билан диний ҳаёт кечиришга уриниш ҳам худди шундай ташқарига чиқиб қолишга олиб келади. Чунки намоз ва биродарлик битта китоб ва битта ҳадиснинг мавзусидир. Уни буюрувчилари битта. Турли этник шахсиятларимизни имон биродарлиги «қозони»да эритиб юбормас эканмиз, Раббимиз рози бўладиган ҳаёт ҳақидаги даъвони исботлай олмаймиз.

Ирқимизни йўқ деб қабул қилмаймизу, лекин уни катта соябон остида сақлаб, имон билан яшаймиз. Ҳатто Видолашув хутбасининг мавзуси бўлган «Арабнинг араб бўлмаганга, араб бўлмаганни арабга» нисбатан афзал эмас деган тамойилнинг акс-садосини бериб заминимизда янграган азон бизни намозга чорласа ҳам, аммо бандалик вазифамизни қулоғимизга сингдира олмайдиган даражада қолади. Азон таъкидлаган асл ҳақиқат қулоғимизга, у ердан қалбимизга сингмаса, ҳақиқий Ислом бизнинг тушунчамиздаги Ислом сифатида қолиши мумкин.

Мусулмонликдан ташқари барча васфларимиз, Ислом соябони берган руҳ тарбияимиз ҳам ўша соябон остида қолиши керак. Қабул қилиш қийин бўлиб туюлса ҳам, бундан бошқа муқобили йўқ ҳақиқат ўлароқ у қаршимизда туради.

Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  ва салламнинг Мадинага келишлари асносида муҳожир ва ансор ўртасида таъсис этганлари «биродарлик келишуви» тарихига мурожаат этишимиз мумкин. Ушбу келишув ҳижрат билан бир хил пайтга, яъни биринчи йилга тўғри келади. Бундан ташқари, динимизнинг энг асосий ибодатлари – рўза, закот, ҳаж ва ҳижоб каби ўнлаб амрлари кейинги йилларда буюрилди. Мадинадаги шаклланишни маданият ёки Ислом тамаддуни шаклланиши дейдиган бўлсак, у ҳолда ўзаро биродарлик рўзадан олдин келган деб бемалол айтишимиз мумкин. У закотдан ҳам олдин келди. У ҳижобдан олдин келди. У ҳаждан олдин келди.

Аввал имон келтириш буюрилди. Имон келтирган мўминлар ўртасидаги биродарликни Пайғамбар алайҳиссалом кафолатладилар. Ўша биродарлик муносабатлари тилларда достон бўлди. Мўминлар мол-мулк ва уйларининг эшигини биродарларига очишди. Мадинада кўзда ёш билан кўриш мумкин бўлган ҳолат юзага келди. Маданият аввал қалбларда тикланди. У қалблардан эса Ясриб нурланди ва у Мадинага айланди.

Бу ердаги қоида жуда аниқ:

Намозга буюрган Зот ўзаро биродарликни ҳам буюрган. Биродарликни жуда кўп амрларидан аввал жойлаштирган. Биродарликни мустаҳкамлаганларга эса энди маданиятга асос солинг, дейилган. Соябон мана шу кенгликдадир. Биз буни Арафатда кўришимиз мумкин. Байтуллоҳ атрофидаги тавофда кўришимиз мумкин. Жума намози пайтида кўришимиз мумкин. Аллоҳга иймон қаерда бўлса, ўша ерда кўриш мумкин.

Бугунги кунда соябонимиз қамраб олган чегарани яхши ниятдаги хатти-ҳаракатларимиз билан торайтирар эканмиз, аслида ўзимиз босаётган ерларимизни бой бераётганимизни тушуниб етишга мажбурмиз. Кичкина соябонни етарли деб ҳисоблаганлар бир киши учун мўлжалланган соябон остига икки киши кирганида ҳўл бўлинганидек, куйдирувчи ёмғир остида қолиб шалоббо бўлишади ва эриб кетишади. Ҳаммамиз биргаликда ўша катта соябон остига киришга мажбурмиз.

Нуриддин Йилдиз

Маҳмуд Маҳкам таржимаси

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тонг отди. Кечаги кун мушоҳадаси ила ҳаёт деб аталмиш катта карвонга қўшиламиз. Баъзан кўнгилга эрк бериб, унинг бесамар кўчаларида роса адашдик. Баъзида давоми...

1621 14:41 / 03.11.2023
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳ ўзининг .Аззуҳд, номли китобида Абил Жуъддан қуйидаги воқеани келтиради.Солиҳ алайҳиссаломнинг қавми ичида бир киши бор эди. У давоми...

2092 14:00 / 16.02.2023
Қуръонда келадиган суралардан бирининг номи Каҳф. Раббимиз бизга нозил этган Китобини охирги одамгача барча Аллоҳни танисин, динини тушунсин дея туширди. Бунга давоми...

1589 13:27 / 18.01.2022
Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳиймБолаларимиз биздан Фаластиннинг келажагига бефарқ эмаслигимиз ва Байтул Мақдисда содир бўлаётган воқеаларни мунтазам қизиқиш билан давоми...

16464 14:00 / 23.05.2021