Сурхондарё вилоятининг Денов шаҳридаги Саид оталиқ мадрасаси XVI асрга оид ноёб тарихий ёдгорлик бўлиб, бу иншоот ўз даврида Хўжа Алауддин Аттор Валийга атаб, ул зотнинг ўғиллари ва неваралари томонидан 26 йил мобайнида бунёд эттирилган.
Воҳа тарихининг илмий, маърифий, маданий, меъморий жиҳатдан муҳим ёдгорликларидан бири бўлган мадраса ўтган асрдаги мустабид тузум даврида ташландиқ ҳолга келиб қолган. Президентимизнинг 2021 йил 1-2 июнь кунлари вилоятга ташрифи чоғида берилган топшириқларига мувофиқ, 13 миллиард сўм маблағ ажратилиб, Саид Оталиқ мадрасасини қайта реставрация қилишга киришилди.
Ҳазрат Хожа Алоуддин Аттор нақшбандия тариқатининг улуғ пири, авлиё, “Силсилаи шариф” дa ўн еттинчи ҳалқадаги муршид, аллома бўлган. “Аттор” дейилишларига сабаб ул зоти шарифдан ҳамиша хушбуй ҳид анқиб турган, суҳбатлари ҳам ёқимли бўлган.
– Асл исмлари Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Бухорий бўлган Алауддин Аттор Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбандийнинг шогирди ва куёви бўлиб, устози вафотидан сўнг тариқат таълимотини кенг ёйиш учун Деновга кўчиб келган,– дейди вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, илмий тадқиқотчи Зебунисо Алимардонова. – Халқ орасида Шайх Аттори Валий номи билан ҳам танилган. Илми, одоби, тарбияси, хулқи билан устозининг дуосини олган Аттор Денов шаҳридаги бир хонақоҳда муридларига таълим-тарбия бериш билан машғул бўлган. “Тухфаа аз-зоирийн” китобида ул зотнинг насаби Ҳазрати Али розияллоҳу анхугача етиб боргани ёзилган. Милодий 1400 йилда вафот этгач, ўғиллари Хожа Ҳасан Аттор тариқатни давом эттирган. Тумандаги Сармозор ота қабристонига дафн этилган.
Буни қарангки, Ҳазрат Алоуддиннинг оталари вафот этгач, мерос икки акаси билан ул зотнинг ўртасида уч ўғилга бўлинади. Лекин Аттор мерос олмай, Бухородаги мадрасага ўқишга киради. Илм ўрганади. Акалари савдогар, дўкондор, давлатманд кишилар бўлиб кетади. Алоуддинни Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд ўз қарамоғларига олиб, таълим беради. Нақшбандия тариқатининг улуғ пири, авлиё бўлиб, камолга етади.
Ҳазрат Баҳоуддин шогирди Алоуддинни ўзига жуда яқин олган. Ул буюк зот Атторни ҳамиша сулук бошида ўзларига яқин жойда ўтиришини буюрган. Муридлар бунинг сабабини сўраганларида: “Уни бўри еб қўймасин деб, шундай қиламан. Бўри яъни, нафс доимо пойлаб туради. Шунинг учун ҳам ундан хабар олиб тураман, токи у бўрига ем бўлмасин”, дея жавоб берган.
Яна манбаларда қайд этилишича, кунлардан бир кун Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд Алоуддин Аттор ҳужраларига келиб, у киши билан суҳбатлашади ва гап орасида: “Эй фарзанд, менинг қизим балоғатга етган, ўшани никоҳингизга олинг”, дейди. Ҳазрат Алоуддин эса: “Устоз менинг тўшагим бўйра бўлса, ёстиғим ғишт бўлса, бор давлатим мана шу синган кўза бўлса, мен оилани қандай боқаман? Сизнинг бу сўзларингиз мен учун катта бахтдир, лекин аҳволим ўзингизга аён, пирим!”, дея жавоб беради. Ҳазрат Баҳоуддин: “Ризқни бергувчи Аллоҳдир. Сизга ҳам, қизимга ҳам Аллоҳ ризқ берур. Менинг бу тарафдан ташвишим йўқ”, дейди қатьий ишонч билан. Шу суҳбат сабаб бўлиб, Алоуддин Аттор устозларининг қизини ўз никоҳига олади.
Денов шаҳрида улуғ аждодимизга атаб ўзига хос ноёб лойиҳа ва услубда бунёд этилган мазкур мадраса Қуръони Карим сураларига монанд 114 ҳужрадан иборат қилиб қурилган. Икки қаватли ёдгорликнинг тўлиқ реставрация қилингани юртимизда муқаддас қадамжолар ва тарихий обидаларни қайта тиклаб, зиёрат туризмини ривожлантиришга, ўтмишда яшаб ўтган буюк алломаларимизни дунёга кенг тараннум этишга қаратилаётган юксак эьтибор ифодасидир.
ЎзА хабарига кўра, муаззам зиё масканни қайта реставрация қилиш жараёнида мадрасани пештан таъмирлаш ва тиклаш ҳамда ганч безакларини таъмирлаш ва тиклаш ишлари бажарилди. Ҳужралар ўз даврига хос сувоқ қилиниб, оқланди. Биринчи қават ер қисмига қиш масуми учун иситиш мосламалари тўшалиб, ғиштли плиткалар ётқизилди. Иккинчи қаватдаги хоналар ерига ҳам ғиштли плиткалар қопланди.
– Ўтган асрларда мадрасанинг 3 та гулдастасига дарз кетиб, ёрилган экан, – дейди Зебунисо Алимардонова. – Реставрация чоғида қайта таъмирланиб, тикланди. Ташки ва ички ғиштлари ораси тозаланиб, қайта тўлдирилди. Устки қисми ёғингарчиликдан ҳимоя қилиш учун тўлиқ ёпилди. 160 дан ортиқ қадимий услубдаги эшик ва ром ясалиб, ўрнатилди. Мадрасанинг асосий кириш қисмидаги дарвоза янгиланди. Атрофида йирик ҳажмдаги ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Эндиликда қайта тикланган маҳобатли ёдгорликнинг биринчи қаватида йўқолиб бораётган ҳунармандчилик турларини тиклаш, ҳунармандчилик маркази ташкил этиб, ҳунармандлар учун қулай шароитлар яратиш мўлжалланмоқда. Иккинчи қаватини музейга айлантириб, қадимий ва ҳамиша навқирон Денов тумани тарихи асосида турли даврларни намойиш этувчи экспозициялар яратиш, ҳудудда асрлар давомида шаклланиб келган бой моддий-маданий ва маънавий меросни тиклаш режалаштирилаётир. Буларнинг барчаси Янги Ўзбекистонда ёдгорликларга янгича муносабатда бўлинаётгани, узоқ ўмишдан сўйлайдиган обидаларимизнинг нафақат меъморий бичимини, балки тарихий аҳамиятини тиклашга ҳам алоҳида эътибор берилаётганининг амалдаги самарасидир.