1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Биз ҳаммани бирдан ёқасидан тутмаслигимиз лозим

14:00 / 18.12.2021 2213 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Салама розияллоҳу анҳу Мадинага ҳижрат қилишга аҳд қилди. Хотини Умму Салама билан ўғли Саламани битта туяга, ўзи битта туяга миниб йўлга чиқди. Маккадан энди чиққан пайтида Умму Саламанинг қавми Бани Махзумдан кишилар келиб: «Ўзинг кетавер, аммо хотинингни кетгани қўймаймиз», деб хотини билан боласини олиб кетишди. Абу Салама розияллоҳу анҳу ноилож ўзи Мадинага кетди. Устига-устак Абу Саламанинг қавми хотинининг уруғи бўлмиш Бани Махзум қабиласига келиб: «Салама бизнинг фарзандимиз», деб Умму Саламадан болани тортиб олиб ўзлари билан олиб кетишди. Онаизор ҳам эридан, ҳам боласидан ажралиб бўзлаб қолди. Бир йил ана шундай ҳолда ўтди.

Умму Салама розияллоҳу анҳо ҳар куни Макка атрофига чиқиб эри ва ўғлидан ажралганига чидай олмасдан йиғлаб ўтирар эди.

Бир куни Макканинг чеккароғига бориб йиғлаб ўтирганида қариндошларидан бири кўриб қолиб унга раҳми келди. Қавми ҳузурига бориб шундай деди:

- Сизга нима бўлган. Бу бечора аёлни эри ва ўғлидан ажратдингиз?!

Қавми раҳми келиб Умму Саламага кетиши мумкинлигини айтди. Хотин Абу Саламанинг қавмидан бориб ўғлини олди ва Мадина томон йўлга чиқди. Маккадан ташқаридаги Танъим деган жойга етиб борганида унга Усмон ибн Талҳа учраб қолди. У ҳали исломга кирмаган эди. Усмон Умму Саламадан сўради:

- Қаерга кетаяпсан?

- Мадинага, эримнинг олдига.

-Сен билан бирор киши борми?

- Йўқ. Аллоҳ ва мана бу боламдан бошқа ҳеч ким йўқ!

- Сени шундай ташлаб кетмайман. Мадинага етказиб қўяман!

Усмон Умму Саламанинг туясини жиловидан тутиб Мадина сари йўл олди. Умму Салама розияллоҳу анҳо дам олмоқчи бўлса туяни чўктирар, сўнг тушиб олиши учун ўзи улардан узоқроққа бориб турар эди. Йўлга чиқмоқчи бўлишса яна туяни чўктирар, ўзи узоқроққа бориб турар, Умму Салама туяга миниб олганидан сўнг келиб туянинг жиловидан ушлаб йўлга тушар эди. Ана шу ҳолатда Усмон ибн Талҳа уларни Мадина атрофларигача олиб келди. Уларга Мадинани кўрсатиб деди:

- Эринг мана шу қишлоқда. Аллоҳнинг баракаси билан боринглар унинг олдига!

Сўнгра ўзи Маккага қайтди.

Биз ҳаммани бирдан ёқасидан тутмаслигимиз лозим. «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган барча мусулмон бир хил бўлмаганидек, мушриклар ҳам бир хил эмас эди. Умму Салама розияллоҳу анҳони ҳижратдан қайтарганлар мушриклар эди. У кишига раҳми келиб қавмидан уни ўз ҳолига қўйишини сўраган ҳам мушрик. У кишини Мадинага етказиб қўйган ҳам мушрик. Улар ширкда бир хил бўлишсада ахлоқда фарқли эдилар.

Мамлакатингизни тортиб оладиганлар кофирлар ҳам бор, сизга азият бермайдиганлар кофирлар ҳам бор. Буларнинг орасини фарқлаб олишингиз лозим. Шунга кўра муомала қилишингиз керак. Ҳамма инсонларни душман тутиш аҳмоқлик, тадбирсизлик ва воқеликни ўқий олмасликдир.

Мусулмонлар ерини босиб олган мустамлакачи қонхўр давлат бошқа, мусулмонлар билан тинчлик сулҳи тузиб омонликда яшайдиган давлат бошқа. Барчасини тарозунинг бир палласига қўйиш нотўғри!

Абдулқодир Полвонов 

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саид ибн Омир розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолат уммонларидан файз олиб ўсган ва ўша тенги йўқ зотнинг ҳидоят нурларидан давоми...

1759 14:02 / 29.10.2023
Саъд ибн Абу Ваққос Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида асосан шуро мажлиси аъзоси сифатида сиёсий раҳбарлик ишларида қатнашдилар. У киши давоми...

1354 13:34 / 22 май
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳалар ҚУРЪОННИНГ ЖАМЛАНИШИ 21қисмМуртадларга, сохта пайғамбарларга қарши давоми...

4864 16:51 / 20.04.2017
Холид ибн Зайд ибн Кулайб Ҳазражий Ансорий розияллоҳу анҳу Абу Айюб Ансорий номи билан машҳур бўлган мадиналик таниқли саҳобийлардан. Мадинанинг Ҳазраж давоми...

2322 09:00 / 27.11.2021