1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Бу ҳам Қуръонми? (биринчи мақола)

13:00 / 16.11.2021 8423 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(Қуръони Каримни араб ҳарфлардан бошқа алифбода ёзиш ҳақида)

Яқин кишиларимиздан бири менга бир китобни узатар экан, «Бу ҳам Қуръонми?» деб сўраб қолди. Қарасам, китобда Қуръони Каримнинг арабий матни тўлиғича кирилл алифбоси воситасида ифодаланибди. Мен мазкур сўровчи кишига табиий бир ҳис турткиси билан ва шу пайтгача билган, эшитганларим асосида «Йўқ, бу Қуръон ҳисобланмайди», деб жавоб бердим.

У: «Бўлмаса нега уни чоп қилиб, тарқатишмоқда? Ахир буни кўпчилик Қуръонни ўрганаман, деган ниятда ўқимоқда­ку?», деб куюнди. Шунда мен бу борада бирор илмий жавоб тайёрлаш лозим бўлиб қолганини ҳис қилдим ва бунга хусусан, Қуръони Каримни ёд олган кишилар масъул эканини ўйладим. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Каримнинг биринчи оятлари нозил бўла бошлагандан то бугунги кунгача Қуръонни ёдлаш ва ёдлатишдан асосий мақсад ҳам Қуръони Каримни турли халаллардан сақлаш бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Ушбу мулоҳазалар билан Қуръон ҳофизларининг кичик бир вакили сифатида мазкур масъулиятнинг адоси йўлида ожизона ҳисса қўшиш ниятида «Қуръони Каримни араб ҳарфларидан бошқа алифбода ёзиш мумкинми?» деган савол остида ушбу соҳада мўътабар ҳисобланган манбаларга мурожаат қилдим ва бу баҳснинг хулосаларини қисқартириб, тартибга келтириб, илмий­оммабоп мақола шаклида омма эътиборига ҳавола этишни лозим деб топдим. Аллоҳ таолодан ушбу камтарона уринишни камчилик ва нуқсонларини кечириб, Ўз даргоҳида қабул қилишини сўрайман.

Мавзуни яхши англаш учун аввало Қуръони Карим тарихи ҳақида қисқача сўз юритишга тўғри келади. Чунки бугунги кунда айрим китобларда Ислом дини ва Қуръони Карим ҳақида асоссиз гаплар, ғаразли фикрлар, чалкашликлар ҳам кўзга ташланмоқда. Жумладан, ушбу мақоланинг ёзилишига туртки бўлган китобда ҳам бу борада бир қанча тушунмовчиликларга йўл қўйилган. Сиз билан бизнинг тушунчамиз, эътиқодимиз ва амалимиз тўғри бўлиши учун динимизни ва унинг тарихини соф ҳолида ўрганишимиз лозим.

Башарият тарихидан маълумки, Аллоҳ таоло инсонларни ер юзида Ўзининг халифаси ўлароқ яратиб, уларни Ўз кўрсатмалари асосида бахт-саодатли ҳаёт кечириб боришлари учун уларнинг ичидан Ўзи танлаб олган зотларга пайғамбарлик мақомини бериб, уларга Ўзининг кўрсатмаларини, таълимотларини ваҳий орқали етказиб турган. Бу билан Аллоҳ таоло инсониятни гўдак болани тарбия қилгандек аста секин тарбиялаб борган. Шу боис, мазкур таълимотларнинг ҳар бири ўз замони ва маконига мос бўлиб, гоҳо маълум ахлоқ ва аҳкомларни ёки саҳифаларни, гоҳида эса тўлиқ шариъат ва бутун бир китобни ташкил қилган. Улар кўпинча ўзидан олдинги шариатни тўлдирган ёки бекор қилган. Аммо бу саҳифа ва китоблар нозил бўлган вақтида ўз умматлари томонидан ёзиб олинмаган ҳам, тўлалигича ёд олинмаган ҳам. Шу боис, улар пайғамбарларининг вафотларидан сўнг ўзларининг муқаддас китоблари устида, хатто асл матн борасида ихтилофга тушганлар. Бу ҳам етмагандек, кейинчалик диний ҳукмларни ўз ҳоҳишларига кўра олиб бориш учун муқаддас китобларининг матнини ўзгартиришга ҳам журъат қилганлар. Оқибатда бу динлар яроқсиз ҳолга тушиб қолган. Зотан, Аллоҳ таоло мазкур китобларни сақлашни Ўз зиммасига олмаган эди. Чунки уларнинг шариатлари ўзи вақтинча эди.

Инсоният камолга етиб, самовий китобларнинг охиргиси ва энг мукаммалини қабул қилишга лаёқатли бўлганида Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги Китобини нозил қилишни ирода этди. Бу омонатни инсониятга етказиш учун уларнинг ичидан араб қавмини, араблар орасидан Одам болаларининг энг ишончлиси, кишилар ўртасида ростгўйлиги ва ўта омонатдорлиги билан машҳур бўлган зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни танлади ва у зотга Ўз Каломини фасиҳ араб тилида Ўзининг муқарраб фариштаси, ваҳий элчиси Жаброил алайҳиссалом воситасида бўлиб-бўлиб, оятма-оят нозил қилди. Ҳақ таоло Ўзининг ушбу сўнги Китобини сақлаш Ўз зиммасида эканини унинг дастлабки оятларини нозил қилган маҳалдаёқ баралла эълон қилди ва бунинг учун керакли омилларни Ўзининг илоҳий тадбири ила жорий қилди. Зотан, бу Китоб самовий китобларнинг охиргиси, мукаммали, ўзидан олдинги барча китобларни бекор қилиб, қиёматгача боқий қолувчиси ва барча замонлар ва маконлар учун салоҳиятлиси эди.

 

Аллоҳ таоло Ўзининг бу Каломини бир қанча номлар билан номлади ва бир нечта сифатлар ила сифатлади. Уларнинг ичида кўзга кўрингани ва энг кўп ишлатиладигани «Қуръон» ва «Китоб» номлари бўлди. Қуръони Каримнинг кўплаб оятлари ва ҳадиси шарифларнинг маънолари мана шунга далолат қилади. Қуръон ‒ «ўқиладиган», «қироат қилинадиган», Китоб ‒ «ёзиладиган», «қайд қилинадиган» деган маъноларни англатади. Зотан, Аллоҳ Ўзинниг сўнги Китобини ушбу икки йўл билан муҳофаза қилишни ирода қилган эди.

 

 

Қуръони Каримнинг дастлабки оятлари нозил бўлганидан бошлаб Пайғамбар алайҳиссалом бошлиқ мусулмонлар оятларни ёдлаб бордилар. Аллоҳ таоло Ўз Каломини Расулининг қалбида жамланишини ва тилида тиловат қилинишини Ўз зиммасига олди ҳамда бу ҳақиқатни Қуръони Каримда очиқ баён қилди. Набий алайҳиссалом ўз навбатида нозил бўлган оятларни саҳобаи киромларга ҳарфма-ҳарф таълим бердилар ва бу соҳага айрим нутқи равон саҳобаларни кўпроқ жалб қилиб, улар билан махсус шуғулландилар. Янги мусулмон бўлганларни ҳам, улар хоҳ араб бўлсин, хоҳ ажам бўлсин, биринчи бўлиб Қуръон ёдлашга амр қилдилар. Шу билан бирга, уларга тиловат қилдириб тинглар, қироатларини текширар эдилар. Натижада, саҳобалар ичида Қуръони Каримнинг ҳаммаси ё баъзисини қалбида жо қилган тирик Қуръонлар етишиб чиқди.

 

Аммо, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу билан кифояланмадилар, балки ҳар сафар ваҳий нозил бўлиб битгач, ёзишни биладиган саҳобаларни чақириб, янги тушган оятларни қайси сурага, қайси оятдан кейин қўйилишини айтиб тери, суяк, тош каби турли ашёларга араб алифбосида ёздириб бордилар. Жумҳур уламолар бу борада келган далилларни ўрганиб, ушбу ёзув оддий бўлмай, ваҳий назорати ила битилганини таъкидлаганлар. Яъни, Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръон лафзларини, уларнинг талаффуз кайфиятини қандоқ ҳарфма-ҳарф ўргатган бўлсалар, уларнинг ёзувда қандай ифодаланишини ҳам худди шундай таълим бериб турганлар ва Набий алайҳиссалом ушбу кўрсатмага кўра мирзаларга оятларни ёздирганлар. Мирзалар оятларни ёзиб бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга ёзганларини ўқитиб, яна бир бор кўрикдан ўтказар, хатоси бўлса, тўғрилатар эдилар. Бу тадбир дастлабки оятлар туша бошлаган вақтдан йўлга қўйилган эди. Котиблар аввалида озчиликни ташкил қилган бўлса-да, охирги вақтларда уларнинг сони қирқтадан ошиб кетганини тарихчиларимиз таъкидлайдилар. Оятлар битилган ашёлар одатда Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳужраи саодатларида сақланар эди. Саҳобаи киромлар Қуръони Каримни ўрганишга алоҳида аҳамият берганликлари учун оятларни бир-бирларидан дарҳол кўчириб олишарди. Ҳатто баъзиларининг шахсий мусҳафи ҳам бор эди. Мисол учун Убайнинг мусҳафи, Ибн Масъуднинг мусҳафи, Ҳафсанинг мусҳафи каби. Мана шу тарзда Қуръони Карим Пайғамбар алайҳиссалом даврларидаёқ тўла хатга туширилди.

 

Бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик вақтларида Қуръони Карим тартибли равишда китоб шаклига келтирилмади. Чунки оятлар у зотга узуликсиз нозил бўлиб турар, доимо янги оят нозил бўлиш эҳтимоли турар эди. Аксар ишончли ривоятларга  кўра, Пайғамбар алайҳиссалом охирги оят нозил бўлгандан тўққиз кун ўтиб рафиқул аълога риҳлат қилганлар. Аммо сура ва оятларнинг тартиби саҳобалар ичида маълум ва машҳур бўлиб, уларнинг қалбларида мужассам эди. 

 

Кейинроқ, Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу халифалиги вақтида Ямома жангида Абу Ҳузайфа ва у кишининг озод қилган қуллари Солим розияллоҳу анҳумо каби етмишдан ортиқ Қуръон ҳофизлари шаҳид бўлдилар. Бундан ташвишга тушган Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг маслаҳатлари билан Халифа Абу Бакр розиллоҳу анҳу Қуръони Каримни икки муқова орасига жамлашга амр қилдилар ва бу ишга Зайд ибн Собит розиллоҳу анҳуни масъул раҳбар этиб тайинладилар Зеро, у киши ёш, Қуръони Каримни Расул алайҳиссаломнинг оғизларидан бевосита таълим олган, уни қалбида тўла жамлаган, Пайғамбар алайҳиссалом ҳаётларининг сўнги йиллари Жаброил алайҳиссаломга Қуръонни охирги маротаба хатм қилиб берганларида Набий алайҳиссаломнинг ёнларида ўтириб, ушбу раббоний хатмга тирик гувоҳ бўлган, ваҳийнинг котибларидан эдилар. Халифанинг қарори оммага етказилиб, кимда Қуръондан нима бўлса, Зайд розияллоҳу анҳуга келтириши ҳақида буйруқ эълон қилинди.

 

Бу ишда Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуга Убай ибн Каъбга ўхшаш катта саҳобалар ҳам кўмаклашдилар. Ҳазрати Умар розиллоҳу анҳу эса Зайд розияллоҳу анҳу билан бирга масжидда ўтириб, одамлардан Қуръон оятларини йиға бошладилар. Улар фақат оғзаки бўлган маълумотларни қабул қилмасликларини, балки ҳар бир оят ёзуви билан келтирилиши лозимлигини айтдилар ва уни қабул қилиш учун иккита шарт қўйдилар:

Биринчиси: оятни олиб келган киши уни айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан таълим олган бўлиши ва ёд билиши;

 

 

Иккинчи: ўша оятни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида ёзганлигига иккита гувоҳ келтириши.

 

Ҳазрати Умар, хусусан, Зайд ибн Собит каби катта саҳобаларнинг ўзлари Қуръонни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан тўла ёд олганликларига, саҳобалар ичида бу борада пешқадам бўлганликларига қарамай, мазкур шартларни қўйишларига бир нечта сабаблар асос бўлган:

  • 1. Фақатгина ўзларининг ёдлаганларига таянмай, уни бошқа манбалар билан қувватлаш, Қуръони Каримни қалблар ва сатрларда тенг жамланишини таъминлаш;
  • 2. Қуръони Каримнинг ўзлари билмаган қироат усулларини ҳам жамлаш;
  • 3. Масъулиятнинг катталиги, бу борада уларнинг ўта эҳтиёткорлиги, Аллоҳга бўлган тақволари ва омонатдорликлари;
  • 4. Жамланган мусҳафда умматнинг ижмоъси собит бўлиши.

 

 

Мана шу зайлда тақрибан бир йил олиб борилган изчил ҳаракат ва меҳнат натижасида Қуръони Каримни икки муқова орасига сура ва оятларини ҳозирги шаклда тартибга келтирган ҳолда жамладилар. Бу Китоб Қуръони Каримни бошидан охиригача ўз ичида жамлаган биринчи Мусҳаф бўлган. Ўшанда ҳижрий ўн учинчи йил эди. Аммо бу мусҳаф зарурат туғилганда мурожаат қилинадиган бош манба сифатида халифа ҳузурига сақлаб қўйилди. Қуръон ўргатишда асосан оғзаки таълимга таянилди. 

 

(Давоми бор)

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

 
 
 

 

 

 

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
иккинчи мақола4. Бир калимани бошқа калимага алмаштиришдаги ихтилофлар.Бунда кўпинча ушбу калималар ўзаро муродиф ndash маънодош синоним бўлади. Ушбу муродиф давоми...

5087 13:55 / 11.02.2020
Дамашқдаги Шом қорилари шайхи жаноб Ҳусний Хаттоб айтадиҲеч ким Мусҳафи шарифни унинг аввалги расмига мурожаат қилиб, унинг изидан бормай ёзишга ёки нашр қилишга давоми...

3724 19:00 / 11.12.2021
14. Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавмни дўст тутганларни кўрмайсанми Улар сизлардан ҳам эмас, улардан ҳам эмас. Билиб туриб, ёлғонга қасам ичарлар.Аллоҳ таоло бу давоми...

4274 05:00 / 23.01.2017
Насхнинг луғатдаги маъносиАраб тилида .насх, сўзининг икки хил маъноси бор.1. Бир нарсанинг асли қолиши билан бирга, унинг нусхасини бир жойдан иккинчи жойга давоми...

4921 13:31 / 31.03.2020
Аудиолар

135106 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55381 14:35 / 11.08.2021