1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Инсонлар ҳақида ёмон гумон қилманг!

14:00 / 01.11.2021 3206 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни қалби томонидан бузилишини билар эдилар. Шунинг учун ҳам саҳобаларни турли бузуқ хаёлларга берилишдан қайтарганлар:

«Гумондан сақланинглар, зеро, ёмон хаёллар, шубҳасиз, энг ёлғон каломлардир! Тахмин қилманг, жосуслик қилманг, бир-бирингиз билан мусобақалашманг, бир-бирингизга ҳасад қилманг, бир-бирингизга жаҳл қилманг, душманлик қилманг. Эй одамлар, оға-ини бўлинглар!»

Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ кўпинча Абу Бакр ибн Айёшнинг бир гапини такрорлайди:

«Абу Бакр ва Умар розиёллоҳу анҳумо сиздан кўп рўзаси ва кўп намози туфайли ўзиб кетмаган. Улар қалбидаги нарса билан сиздан ўзиб кетган!».

Инсонлар ҳақида ёмон гумон қилиш қалбни энг кўп бузувчи нарса ҳисобланади.

Аҳли хабарлар ривоят қилишларича, Иброҳим ибн Адҳам роҳимаҳуллоҳ бир куни асҳоблари билан ўтирганида улар ўтирган жойдан асҳобларидан бири ўтиб қолади. У буларга салом бермасдан ўтиб кетади. Шунда Иброҳимнинг асҳобларидан бири шундай дейди:

- Кўрдингизми, у бизни кўриб туриб салом бермасдан ўтиб кетди?

Иброҳим роҳимаҳуллоҳ деди:

- Эҳтимол бирор ташвиши бордир. Ташвиши бор инсоннинг кўзига ҳеч нарса кўринмайди.

Сўнгра Иброҳим ибн Адҳам унинг ортидан бориб сўради:

- Сенга нима бўлди. Бизни кўриб туриб салом бермасдан ўтиб кетдинг?!

У деди:

- Хотиним туғаётган эди. Менда унга лозим бўладиган нарсалар йўқ!

Иброҳим роҳимаҳуллоҳ ўтирган мажлисига қайтиб бориб асҳобларига деди:

- Бир эмас, икки гуноҳ қилибмиз. Бири ёмон гумон қилганимиз бўлса. Иккинчиси уни муҳтож бўлгунича ташлаб қўйганимиз, ҳолидан хабар олмаганимиздир!

Сўнгра Иброҳим ибн Адҳам роҳимаҳуллоҳ дарров уйига борди. Уйида икки динор пули бор экан. Уларни олиб  бозорга борди. Бозордан бир динорга гўшт, асал, ёғ ва ун сотиб олди. Сўнгра дарров ҳалиги асҳобиникига борди. Эшигини тақиллатганида ичкаридан тўлғоқ азобидан қийналаётган аёлнинг «Ким у?», деган овози эшитилди. Иброҳим: «Эшик олдидаги нарсаларни олинглар», деб қайтиб кетди.

Аёл эшикни очди. Озиқ-овқатлар устида бир динор пул ҳам турган эди. Аёл нарсаларни олиб дуо қилди:

«Аллоҳим! Иброҳим ибн Адҳамнинг бу кунини унутма!».

Бу дунё шафқатсиз дунёдир. Ҳар куни инсонларни янчади.  Бировнинг уйида ижарада туриб ижара пулини топа олмайдиганлар қанча. Ўзига лозим бўлган бир қутича дорини сотиб ололмайдиганлар қанча. Ўғлининг шартнома пулини тўлай олмай юрган оталар қанча. Қарзини тўлаш вақти келиб тўлашга пул топа олмай юрган қарздорлар қанча. Бунақалар кўп...

Энди шунақалар кўчада олдингиздан қовоғини уйиб, салом бермасдан ўтиб кетса маломат қиласизми?

Эҳтимол, гарданидаги ғам ва қарз юки оғирлик қилиб сизни кўрмагандир. Инсонлар ҳақида ёмон гумон қилманг.

Сизни уйига чақирмайдиган киши бахил бўлмайди. Эҳтимол фақирлигини, уйининг нураётганини сизга кўрсатгиси келмаётгандир.

Бирор бир муносабат билан уюштирган зиёфатингизга келмаган киши эҳтимол сизга совға олишга пул топа олмагандир...

Инсонларга раҳмингиз келсин!

Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорлардан бир кишининг олдидан ўтиб қолдилар. У бошқа бир биродарига ҳаё ҳақида гапираётган эди. Яъни, кўп ҳаёли бўлиш ҳам давоми...

4831 16:00 / 14.03.2023
Банда мазаммат қилинаётган дунёнинг ўзи нималигини, унинг нимасидан четда бўлиши керагу, нимасидан четланмаса ҳам жоизлигини билмагунича, уни ёмон деб билишнинг давоми...

4353 09:00 / 26.07.2021
Ибодатлар икки қисм бўлади. Биринчиси, адо қилиш шарт бўлган ибодатлар. Фарз, вожиблар каби. Қайсидир даражада бунга суннати муаккада ҳам киради. Иккинчи қисми, давоми...

1107 16:13 / 08 февраль
Тирик эканман, бир куни Аллоҳ раҳмат қилгур отамдан олган дарсимни ҳеч унутмайман. Ўша куни нотўғри иш қилиб қўйган эдим. Ўртоқларим билан ўйинга берилиб, отам давоми...

5954 14:00 / 14.06.2022