1447 йил 28 ражаб | 2026 йил 17 январь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Оиша розияллоҳу анҳонинг қанотли отлари

09:20 / 17.10.2021 4594 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу расмни кўрар эканман, ушбу ҳадис ёдимга келди. Расмдаги учар от эмас, аммо расмни кўрганимда шу ҳадис эсимга келгани учун расмни ҳадис остига жойладим.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида қўғирчоқ ўйнар эдим. Дугоналарим келишар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тортиниб туришар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни мен томон йўллаб қўяр эдилар. Сўнг улар мен билан ўйнашар эди».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Бошқа ривоятда:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ёки Хайбар урушидан қайтиб келдилар. Уйнинг токчасида парда бор эди. Шамол турди ва парданинг бир тарафини кўтариб, Оишанинг ўйинчоқ қизларини очди. Шунда у зот: «Бу нима, эй Оиша?» дедилар. «Қизларим», дедим. Уларнинг орасида қуроқдан қилинган икки қанотли отни кўрдилар ва: «Уларнинг орасида кўраётганим мана бу нарса нима?» дедилар. «От», дедим. «Унинг устидаги мана бу нарса нима?» дедилар. «Иккита қанот», дедим. «Отнинг иккита қаноти бўладими?» дедилар. «Сулаймоннинг қанотли отлари бўлгани ҳақида эшитмаганмисиз?» дедим. Шунда у зот кулдилар ва мен ҳатто озиқ тишларини кўрдим», дейилган.

Абу Довуд ривоят қилган.

Қаранг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам онамизнинг ҳолатларига қандай риоя қиляптилар, инобатга оляптилар.

Онамиз розияллоҳу анҳонинг дугоналарини хижолатли вазиятдан чиқаришга уринганлар.

Севикли Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда табассум қилардилар. Тишлари кўринадиган даражадаги кулгу жуда нодир ҳолатларда бўлган. Бу ҳадисдаги воқеада Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жуфту ҳалолларининг гапларига тишлари кўринадиган даражада кулганлар.

Бу ҳадисда жуфтининг кўнглини кўтариш, у билан гаплашиш, кулишиш, унинг ҳолатини, ёшини, нозиклигини ҳисобга олиш, шунга яраша муомала қилиш борасида набавий таълим бор.

«Сулаймоннинг қанотли отлари бўлгани ҳақида эшитмаганмисиз?» деган гапларидан Оиша розияллоҳу анҳонинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида қадрлари, эркаликлари қанчалик эканини билиб олсак бўлади.

Бўлмаса, Онамиз розияллоҳу анҳо билган нарсани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билмасмидилар?!

Хўш, Сулаймон алайҳиссаломнинг отлари борасида Қуръони Каримда нималар дейилган?

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Эсла, бир оқшом унга гижинглаб турган учқур отлар кўрсатилди» деб марҳамат қилган. Бу оятда Роббимиз Сулаймон алайҳиссаломга кўрганда кўзни қувонтирадиган, тез чопадиган отларни кўрсатилганини баён қилган.

Отни томоша қилар эканман, Аллоҳ таолонинг Мусаввирлигига қойил қолдим.

Аллоҳ таоло ҳаммамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қиссадан олинадиган ҳисса ушбу гўзал муҳаббат қиссаси шу мавзудаги кўплаб ҳикоялардан бир неча жиҳатлари ила фарқ қилади бу қисса хаёлий эмас, ҳаётийдир. Унинг давоми...

3023 10:26 / 28.01.2022
.Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Қиз болалар таълими хусусида гапирадиган бўлсак, қизларни албатта ўқитиш шарт. Чунки ўғил болалар каби улар ҳам Аллоҳнинг бандаси, давоми...

5364 09:00 / 27.09.2021
IXҚамал тамом бўлиши биланоқ Хадийжа онамиз бемор бўлиб ётиб қолдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг ёнларидан жилмай, қарар эдилар. Аммо давоми...

5687 14:05 / 29.10.2018
Бир қиз айтади .Онам доим айтардилар .Бекорчи қолган кунинг қайғу кўп бўлади, иш қилган, кўп ҳаракат қилган кунинг эса ғамташвишинг эсингдан чиқиб кетади. Бирор кун давоми...

1734 13:07 / 03.05.2025