1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Танловлар

ТАНЛОВ-1443: «МАЗҲАБЛАР — БИРЛИК РАМЗИ» Ихтилофларнинг ягона ечими – мазҳабга эргашишда

13:30 / 16.10.2021 1092 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳанафий мазҳабига оид мавзуда иштирокчиларимиз томонидан @islomuztanlovbot манзилига келиб тушаётган мақолалар

Мавзу: Ихтилофларнинг ягона ечими – мазҳабга эргашишда

(биринчи мақола)

Аллоҳ таолога беадад ҳамдлар бўлсинки, халқимиз мусулмонлари бир неча асрлардан бери Имоми Аъзам – Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабига оғишмай-тойилмай амал қилиб келмоқдалар. Ҳанафий мазҳаби юртимиз мусулмонларининг ҳамжиҳатлиги, ўзаро иноқлиги ва бирлигини таъминлашга, мамлакатда илму ирфон ривож топишига улкан хисса қўшди.

Ҳанафий мазҳабининг энг кўзга кўринган уламолари бизнинг Мовароуннаҳрдан чиққан десак, муболаға қилмаган бўламиз. Юртимиз аллома ва фуқаҳолари инсоният тараққиётида, тамаддун ривожида, башарият карвонида инсонпарварлик, ижтимоий адолат ва ахлоқда йўлбошчи бўлдилар. Натижада, Ироқ (Куфа)да юзага келган бу мазҳаб юртимизда ўз тараққиётининг чўққисига кўтарилди.

Аммо афсуслар бўлсинки, юртимиз мусулмонлари эътиқод қилиб келаётган ҳанафий мазҳаби вакилларини адашганликда айблаш, мазҳабни инкор этиш ёки бошқа минтақа аҳолиси эътиқод қилаётган мазҳабга тарғиб қилиб, ихтилоф чиқаришга уринувчиларнинг учраб туриши кузатилмоқда.

Ислом динида ақидавий, фиқҳий масалаларда ўзаро ихтилоф қилиш, турли фирқа ва гуруҳларга бўлиниш қатъий тақиқланади. Бирдамлик, ҳамжиҳатликка тарғиб қилинади, низо, ихтилоф, парокандалик каби иттифоқни парчаловчи омиллар қораланади. Аллоҳ таоло зулмнинг ҳар қандай кўринишидан қайтаради ва турли фирқаларга бўлинмасликка буюради: «Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони»ни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг...» (Оли Имрон сураси, 103-оят).

Абу Лайс Самарқандий «Аллоҳнинг арқони» оятини Аллоҳ таолонинг дини ва Қуръонини маҳкам ушланг, яҳудий ва насронийлар ихтилоф қилгани каби фирқаларга бўлинманг деб тафсир қилган. (Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Самарқандий. Тафсир ас-Самарқандий. Дар ал-кутуб ал-илмия, 1993. – Байрут. Ж. 1. – Б. 288.)

Абул Баракот Насафий «Аллоҳнинг арқони» оятини Қуръони Карим деб тафсир қилади ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисларини келтиради: «Қуръон Аллоҳ таолонинг мустаҳкам арқонидир. Ким у билан сўзласа рост гапиради. Ким унга амал қилса ҳидоят топади. Ким уни маҳкам ушласа тўғри йўлда бўлади». (Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий. Тафсир ан-Насафий. Дар ал-калима ат-тоййиба, 1998. – Байрут. Ж. 1. – Б. 279.)

«...фирқаларга бўлинманг...» оятини «бўлинишга сабаб бўладиган ва бирлик йўқоладиган ишни қилманг, уммат иттифоқ қилган нарсани олинг ҳамда иттифоқни бўлманг» деб тафсир қилган.

Имом Мотуридий мазкур оятнинг тафсирида Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг «Аллоҳнинг арқони» бу Қуръони Каримдир деб айтган сўзини ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг қуйидаги гапларини келтиради: «Аллоҳнинг арқони» бу жамоатдир. Қачонки уммат жамоатдан ажраса, тафриқага юз тутиб, ҳалок бўлади.

Шу боис, ушбу оят жамоатга тарғиб этади, гуруҳларга бўлинишдан қайтаради. Зеро, Ислом жамоатга, бирдамликка буюради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

«Албатта, мана шу (Менинг) тўғри йўлимдир. Унга эргашингиз! (Бошқа турли) йўлларга эргашмангиз! Акс ҳолда, улар сизларни Унинг йўлидан айириб қўяди» (Анъом сураси, 153-оят). (Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий Самарқандий Ҳанафий. Тафсир ал-Қуръан ал-Аъзийм. Муассаса ар-Рисола, 2004. – Байрут. Ж. 1. – Б. 319.)

Доктор Ваҳба Мустафо Зуҳайлий ҳам юқоридаги муфассирлар каби шарҳлаган. (Доктор Ваҳба Мустафо Зуҳайлий. Тафсир ал-мунир фий ақидати ва шаръияти ва минҳажи. Дар ал-фикр, 2003. Ж. 2. – Б. 347.).

Бироқ ҳозирда деярли 1300 йилдан бери фаолият кўрсатиб келаётган мазҳабларнинг инкор қилиниши мусулмон умматининг ихтилофига сабаб бўлмоқда. Тўрт мазҳаб ва бошқа имомларнинг фатволари, кўрсатмалари, тутган йўлларини рад этиш ва нотўғрига чиқариш, мазҳаблар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вақтида бўлмаган бидъат нарса, шунинг учун унга амал қилиш керак эмас, Қуръон ва Ислом таълимотини пухта ўзлаштирган ҳар бир мусулмон ижтиҳод қилиши мумкин деган даъволар тобора авж олмоқда.

Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳ мазҳабга риоя этмай, ўзича шаръий ҳукм чиқаришни қоралаб, бундай дейди: «Одамларни уй-жой қурилиши лойиҳаларида муҳандисларга таянишдан воз кечишга, саломатлик билан боғлиқ муаммоларда эса шифокорларнинг сўзларига амал қилмасликка чақирадиган бўлсак. Одамларни мутахассисларга эргашишни тарк қилишга, унинг ўрнига ўзлари ижтиҳод қилишларига, ундан келадиган шахсий қаноатига эътимод қилишга чақирадиган бўлсак нима бўлади? Одамлар уйларини обод қиламан деб, ҳароб қиладилар, даволанаман деб, жонларини ҳалок этадилар, ишлаб чиқараман деб, бошларига таназзул орттирадилар. Одамларнинг дунёвий соҳаларда ижтиҳод қилиш майдонига кириб келишларида пайдо бўладиган натижа барча одамлар шаръий илмлар ва ҳалол-ҳаромга доир аҳкомлар борасида ижтиҳод қилиш майдонига бостириб келганда пайдо бўладиган натижанинг айнан ўзидир». (Муҳаммад Саид Рамазон Бутий. Мазҳабчилик ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир. –Т.: “Hilol-Nashr”, 2013. – Б. 118-119.)

Шайх Муҳаммад Хизр Жанги Шинқитий: «Имом Абу Ҳанифа, имом Молик, имом Шофеъий ва имом Аҳмад ибн Ҳанбал ижмо қилинган тўрт мазҳабдир. Батаҳқиқ, барча уламолар мазкурлардан бошқа мужтаҳиднинг мазҳабига эргашишни ман қилганлар», деган.

Аллома Таҳонавий айтади: «Динда иқтидо қилинадиган имомларнинг барчаси мустақим ҳидоятда бўлиб, уларнинг мазҳабларидан қай бири юртда кенг тарқалган ва унинг уламолари кўп бўлса, ижтиҳод даражасига етмаган киши учун ўша мазҳабга эргашмоқ вожиб бўлади. Унга ўзга юртида мазҳаби тарқалмаган ва уламолари кўп бўлмаган имомнинг мазҳабига эргашиш жоиз эмас. Чунки бундай ҳолатда мазкур мазҳабнинг барча ҳукмларини ўрганиш имкони бўлмайди». (Зафар Аҳмад Усмоний Таҳонавий. Эълоу ас-сунан. – Карачи: Идорату ал-Қуръан ва ал-улум ал-Исламия, 1997. Ж. 1. – Б. 10.).

(Давоми бор)

Даврон Нурмуҳаммад тайёрлади

Эслатма:

Танлов иштирокчиларидан қуйидаги мавзуларда мақола ҳамда (араб, рус, инглиз, форс ва бошқа тиллардан) таржималар, илмий-тадқиқот ишлари, аудио ва видеосуҳбатлар тақдим этишлари талаб этилади:

— Мазҳаб тушунчаси ва унинг тарихи;

— Мазҳаб ҳақида мўътабар уламоларнинг фикрлари;

— Мазҳаб имомлари ва уларнинг шогирдлари;

— Мазҳабнинг усуллари;

— Мазҳабга оид мўътабар асарлар;

— Масҳабсизлик ва унинг хатарлари.

Танлов шартига кўра, тақдим этилаётган материаллар аввал бошқа манбаларда берилмаган бўлиши, илмий асосланган бўлиши лозим.

Танлов тўрт чоракдан иборат бўлиб, ҳар бир чорак битта мазҳабга бағишланади:

1-чорак — ҳанафий мазҳаби;

2-чорак — шофеъий мазҳаби;

3-чорак — ҳанбалий мазҳаби;

4-чорак — моликий мазҳаби.

Иштирокчилар томонидан тақдим этилган материаллар islom.uz сайтида эълон қилиб борилади. Материалларни @islomuztanlovbot телеграм манзилига юборишингиз мумкин. Танлов 1443 йил зулҳижжа ойида (2022 йилнинг июль ойида) якунланади.

Марҳамат, танловда иштирок этинг!

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тўлиқ исми ва таваллуди Абу Довуд Абдураҳмон ибн Ҳурмуз алМаданий Аърож. У Муҳаммад ибн Робиъа ибн Ҳорис ибн Абдулмутталиб Ҳошимий Маданийнинг мавлоси бўлган. У давоми...

938 14:32 / 25.05.2023
Маълумки, Islom.uz портали .МАЗҲАБЛАР mdash БИРЛИК РАМЗИ, шиори остида танлов эълон қилган.3чорак mdash шофеъий мазҳабига оид мавзуда бўлиб, иштирокчилар томонидан давоми...

2069 09:30 / 18.03.2022
Маълумки, Islom.uz портали .МАЗҲАБЛАР mdash БИРЛИК РАМЗИ, шиори остида танлов эълон қилган.3чорак mdash шофеъий мазҳабига оид мавзуда бўлиб, иштирокчилар томонидан давоми...

2235 09:30 / 16.03.2022
Тўлиқ исми ва таваллуди Исо ибн Мино ибн Вардон ибн Исо ибн Абдуссомад ибн Умар ибн Абдуллоҳ азЗарқий. Куняси Абу Мусо. Қолун эса унинг лақабидир. У ансорлардан давоми...

1630 17:50 / 07.12.2022