1447 йил 24 жумадис сони | 2025 йил 15 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Эр‑хотин розилиги

11:20 / 15.10.2021 6196 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Нисо сурасида шундай марҳамат қилади:

وَإِنْ خِفْتُمْ شِقَاقَ بَيْنِهِمَا فَابْعَثُواْ حَكَمًا مِّنْ أَهْلِهِ وَحَكَمًا مِّنْ أَهْلِهَا إِن يُرِيدَا إِصْلاَحًا يُوَفِّقِ اللّهُ بَيْنَهُمَا إِنَّ اللّهَ كَانَ عَلِيمًا خَبِيرًا

«Агар икковларининг оралари бузилишидан қўрқсангиз, у(эр)нинг аҳлидан бир ҳакам ва бу (хотин)нинг аҳлидан бир ҳакам юборинг. Агар ислоҳни ирода қилсалар, Аллоҳ у(эр‑хотин)ларнинг орасини мувофиқлаштирур. Албатта, Аллоҳ Алийм ва Хобийрдир» (35‑оят).

Бу ояти каримада келишмовчилик ҳам эр, ҳам хотин томонидан чиққан пайтда кўриладиган чора ҳақида гап кетмоқда. Бу ҳолатда оиланинг сирини ташқарига чиқармасдан ҳал этишнинг иложи қолмаган бўлади. Энди, бошқалар аралашиб бўлса ҳам, оилани сақлаб қолишга уринилади.

«Агар икковларининг оралари бузилишидан қўрқсангиз, у(эр)нинг аҳлидан бир ҳакам ва бу(хотин)нинг аҳлидан бир ҳакам юборинг».

Эр ўзи рози бўлган қариндошини, хотин ҳам ўзи рози бўлган бир қариндошини ҳакамликка тайин қиладилар. Розилик кейинчалик ҳакамлар чиқарган ҳукмга ҳам рози бўлишлари учун керак бўлади. Албатта, ҳакамлар ақлли, тажрибали, турмушнинг пасту баландидан хабардор кишилар бўлиши лозим. Табиийки, икковлари ҳам Аллоҳдан қўрққан ҳолда, адолатли ҳукм чиқаришга ҳаракат қилишлари керак. Ҳакамларнинг асосий вазифаси эр‑хотин орасини ислоҳ қилишдир. Шунинг учун ҳам ояти каримада:

«Агар ислоҳни ирода қилсалар, Аллоҳ у(эр‑хотин)ларнинг орасини мувофиқлаштирур» деб, ҳакамларга ислоҳчилик нисбати берилмокда. Худди шу тушунчадан келиб чиқиб, баъзи уламолар: «Ҳакамларга фақат яраштириш, ислоҳ қилиш ҳуқуқи берилган», дейдилар. Бошқалари эса: «Ҳолатни ўргангач, ислоҳ қилишнинг иложи йўқлигига амин бўлишса, эру хотинни ажратиб қўйишга ҳам ҳақлари бор, шунингдек, уларга тегишли жазо чораларини, мол-мулкка оид масалаларни ҳам ҳал қилишади», дейдилар.

Ҳазрати Усмон ибн Аффон Зиннурайн розияллоҳу анҳунинг ўз халифалик вақтларида худди шу ояти каримага амал қилиб иш юритилганлиги тафсир китобларимизда нақл қилинади:

Ақийл ибн Аби Толиб деган киши Фотима бинти Утба ибн Робийъага уйланган эди. Аёл:

«Сен менга сабр қилсанг, мен сенга нафақа бераман», – деган эди. Эри кўчадан келса:

«Утба ибн Робийъа ва Шайба ибн Робийъалар қаерда?» – деб сўрарди. Бир куни эри:

«Дўзахга кирсанг, сенинг чап томонингда бўлишади», – деб жавоб қилди. Хотин кийимларини кийиб, халифа – ҳазрати Усмон ҳузурига бориб, бўлган воқеани айтди. Ҳазрати Усмон кулдилар-да, Абдуллоҳ ибн Аббос билан Муовия ибн Абу Суфёнларни чақириб, ҳакам этиб тайинладилар ва уларга:

«Агар яраштиришни истасангиз, яраштиринг, ажратишни истасангиз, ажратинглар», – дедилар.

Албатта, ҳакамлар ўзларининг инсоний чекланган илмлари ва имконлари доирасида ҳукм чиқарадилар. Қолгани эса, ҳар бир нарсани ўзининг чексиз илми ила билувчи ва ҳар бир ишдан хабардор Аллоҳ таолонинг ўзига ҳавола.

وَجَاءَ رَجُلٌ وَامْرَأَةٌ إِلَى عَلِيٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ وَمَعَ كُلِّ وَاحِدٍ مِنْهُمَا فِئَةٌ مِنَ النَّاسِ، فَأَمَرَهُمْ عَلِيٌّ فَبَعَثُوا حَكَمًا مِنْ أَهْلِهِ وَحَكَمًا مِنْ أَهْلِهَا، ثُمَّ قَالَ لِلْحَكَمَيْنِ: تَدْرِيَانِ مَا عَلَيْكُمَا؟ إِنْ رَأَيْتُمَا أَنْ تَجْمَعَا فَافْعَلَا، وَإِنْ رَأَيْتُمَا التَّفْرِيقَ فَافْعَلَا. قَالَتِ الْمَرْأَةُ: رَضِيْتُ بِكِتَابِ اللهِ بِمَا عَلَيَّ فِيهِ وَمَا لِي. وَقَالَ الرَّجُلُ: أَمَّا الْفُرْقَةُ فَلَا، فَقَالَ عَلِيٌّ رَضِي اللهُ عَنْهُ: كَذَبْتَ وَاللهِ حّتَّى تُقِرَّ بِمَا أَقَرَّتْ بِهِ. رَوَاهُ الْإِمَامُ الشَّافِعِيُّ.


«Бир эр ва хотин Али розияллоҳу анҳунинг олдиларига келишди. Икковларининг ҳар бири билан бирга бир тўпдан одам бор эди. Бас, Али уларга эрнинг аҳлидан бир ҳакам, хотиннинг аҳлидан бир ҳакам чиқаришга амр қилди. Кейин ҳакамларга:

«Икковингиз вазифангиз нима эканини биласизми? Агар жамлашни раво кўрсангиз, қилинг. Агар ажратишни раво кўрсангиз, қилинг», – деди. Аёл:

«Зараримга бўлса ҳам, фойдамга бўлса ҳам Аллоҳнинг ҳукмига розиман», – деди. Эр эса:

«Ажратиш бўлса, рози эмасман», – деди. Шунда Али розияллоҳу анҳу:

«Ёлғон айтибсан! Аллоҳга қасамки, ҳатто у (аёл) иқрор бўлган нарсага иқрор бўлмасанг, бўлмайди!» – деди!»

Имом Шофеъий ривоят қилган.

Демак, ҳакамлар иш бошлашидан олдин эр‑хотин ўз розиликларини тўлиқ изҳор этишлари керак. Ҳакамлар эр‑хотин орасини ажратиш ҳаққига ҳам эгалар.

Лекин ҳакамлар кўпинча эр‑хотинни яраштириб қўйишга ҳаракат қиладилар. Албатта, бу иш таъсирли чиқади. Чунки ҳакамлар қариндошлардан бўладилар. Улардан ҳар бири ўз қариндошининг оиласи бузилишини истамайди. Фақат ночор ҳолатлардагина ажратишга қарор қилишлари мумкин.

Ҳозирги воқеълигимизда маҳалла қўмиталарининг ҳакамлик қилишлари одат бўлган. Бу ҳам яхши иш. Улар ҳам оилаларнинг бузилишидан кўра ярашиб кетишининг ташвишини қиладилар. Шунингдек, маҳкамалар ҳам. Буларнинг ҳаммаси эр‑хотинни яраштириб қўйиш чораларини кўрганлари яхши.

«Бахтиёр оила» китоби асосида тайёрланди


Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Эрхотин орасидаги хилофни бартараф қилишда қуйидагиларга эътибор бериш тавсия қилинади1. Аввало муаммо ҳақиқатда ҳам хилоф даражасига бориб етганми ёки давоми...

4223 19:00 / 31.05.2021
Эр зиммасидаги хотин учун вожиб нафақалар қуйидагиларТаом.Бунга озиқовқат, ичимлик ва таомга қўшиб ейиладиган сирка, ёғ ва шунга ўхшаш нарсалар ҳамда таом давоми...

9455 12:00 / 24.06.2019
Аллоҳ таоло .Нисо, сурасида шундай деб марҳамат қилади .Оталарингиз никоҳлаб олган аёлларни никоҳлаб олманг Аввал ўтгани мустасно. Албатта у фаҳш иш, давоми...

6832 09:01 / 27.11.2024
Ҳозирги пайтда ёш йигитқизлар ўзлари топишиб олган шахс билан оила қуришни мода қилиб олишга ҳаракат қилишлари кўпайиб бораётганлиги маълум. Бу маънода давоми...

5370 08:15 / 22 январь
Аудиолар

213585 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132792 14:35 / 11.08.2021