1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Танловлар

ТАНЛОВ - 1443: Суннатга мувофиқ намоз ўқинг: далиллар ва раддиялар ва такбири таҳрима: қўллар қулоқ баробаригача кўтарилади

00:00 / 10.03.2021 2123 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, islom.uz портали «МАЗҲАБЛАР — БИРЛИК РАМЗИ» шиори остида танлов эълон қилган эди.

Бугундан бошлаб 1-чорак — ҳанафий мазҳабига оид мавзуда иштирокчиларимиз томонидан @islomuztanlovbot манзилига келиб тушаётган мақолаларни беришни бошлаймиз.

Мавзу: Суннатга мувофиқ намоз ўқинг: далиллар ва раддиялар ва такбири таҳримақўллар қулоқ баробаригача кўтарилади

(биринчи мақола)

Бугун дунё мусулмонларининг аксарияти (ярмидан кўпи) ибодатларини Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ асос солган ҳанафий мазҳабига кўра адо этади. Чунки ҳанафий мазҳаби, Ибн Ҳожар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ таъкидлаганидек, мўътамад усул қоидаларига асослангандир (“Мажмаъул муассас фил мўъжамил муфаҳрас”).

Аммо афсуски, сўнгги йилларда юртимизда мазҳабимиз кўрсатмаларига зид равишда, энг ачинарлиси бошқа мазҳабларда ҳам учрамайдиган турлича ҳаракатлар билан намоз ўқийдиган тоифалар кўпайиб бормоқда. Энг хавфли томони Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ асос солган мазҳабга эргашиш – айни суннатга амал қилиш эканини тан олмайдилар. Келинг бунинг амалий исботи сифатида намоз ибодатини адо этишда ҳанафий мазҳаби таянган далил ва манбаларига баён қилайлик. Шоядки, динга кўр-кўрона тақлид қиладиганларга холис насиҳат, ибодат қилишни энди бошлаётганлар учун эса амалий кўрсатма бўлиб хизмат қилса.

Намозда оёқлар ораси тўрт бармоқ кенглигида очилади

Намозхон қиём ҳолатида қиблага юзланган, қадди тик, қўллари икки ёнга туширилган, иккала оёқларининг ораси тўрт бармоқ кенглигида очилган бўлади.

Намозда қиёмда турганда оёқлар ораси қандай ҳолатда туриши ҳақида Абдурраҳмон ал-Жузайрий раҳимаҳуллоҳ «ал-Фиқҳ ъалал-мазоҳиб ал-арбаъа» асарида қуйидагиларни ёзган:

«Қиём ҳолатида икки оёқни очиш миқдори жуда яқин ҳам, жуда узоқ ҳам бўлмаслиги керак. Фақат семизлик, тўлалик, барвасталик ва шунга ўхшаш узр билан бўлса, жоиз. Мазҳабларда унинг миқдори борасида ихтилофлар бор.

Ҳанафийлар икки оёқ орасини тўрт бармоқ миқдори очиш деб белгилаганлар. Ундан ортиқ ёки кам бўлса, макруҳ бўлади.

Шофеъийлар эса бир қарич деб белгилаганлар. Улар ораси бундан қисқа ёки ортиқ очилса, макруҳ бўлади. Худди бу бир оёқ олдинроқда, бириси орқароқда тургандек макруҳ бўлади.

Моликийлар икки оёқ орасини очишни суннат эмас, балки мандуб бўлади, дейдилар. Улар фикрича, икки оёқ ораси бир-бирига теккизилган ёки жуда очилган ҳолатда эмас, балки урфда ёмон кўрилмайдиган ҳолатдаги ўртача очилиши керак.

Ҳанбалийларнинг фикрлари ҳам моликийлар сингаридир, фақат улар мандуб ёки суннат деб белгилаган эмаслар» (Абдурраҳмон ал-Жузайрий. ал-Фиқҳ ъала-л-мазоҳиб ал-арбаъа. 1-жилд. 202-бет).

Бу масала бўйича доктор Ваҳба Зуҳайлий «Ал Фиқҳул Исламийю ва адиллатуҳу» (Ислом фиқҳи ва унинг далиллари) номли китобида (1-жилд, 695-бет) қуйидагиларни ёзади:

قَالَ الْحَنَفِيَّةُ: يُسَنُّ تَفْرِيجَ الْقَدَمَيْنِ فِي الْقِيَامِ قَدْرَ أَرْبَعِ أَصَابِعَ، لِأَنَّهُ أَقْرَبُ إِلَى الْخُشُوعِ

Ҳанафийлар айтадилар: «Қиёмда икки оёқ орасини тўрт энлик миқдорича очиб туриш суннатдир. Чунки бу хушуъга яқинроқдир».

وَقَالَ الشَّافِعِيَّةُ: يُفْرَقُ بَيْنَ الْقَدَمَيْنِ بِمِقْدَارِ شِبْرٍ

Шофеъийлар айтадилар: «Икки оёқ ораси бир қарич миқдорида очилади».

وَقَالَ الْمَالِكِيَّةُ وَالْحَنَابِلَةُ: يُنْدَبُ تَفْرِيجُ الْقَدَمَيْنِ، بِأَنْ يَكُونَ بِحَالَةٍ مُتَوَسِّطَةٍ بِحَيْثُ لَا يَضُمُّهُمَا وَلَا يُوسِعُهُمَا كَثِيرًا حَتَّى يُتَفَاحَشَ عُرْفًا

Моликий ва ҳанбалийлар айтадилар: «Икки оёқнинг орасини очиш мандубдир. Ўртача ҳолатда бўлсин. Иккисини бир-бирига қўшиб олмасин ёки жуда кенгайтириб, урфда нохуш саналадиган бўлмасин».

Демак, тўрт мазҳабнинг фиқҳий қарашларига кўра намозда қиёмда турганда икки оёқ ораси жуда катта очилган бўлмаслиги, урфда ва одамлар назарида ғайритабиий кўринмаслиги даркор.

Шунинг учун ҳам, намозларда икки оёқларини кериб, кенг очиб туриш ҳолати намоз борасидаги диний анъанага тўғри келмагани боис эриш туюлади.

Такбири таҳримақўллар қулоқ баробаригача кўтарилади

Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиб, қўлнинг бош бармоғи қулоқнинг юмшоғига етказилади ва такбири таҳрима – «Аллоҳу акбар» лафзини айтиб намозга кирилади. Қўллар кўтарилганда кафтнинг ички томони Қиблага қаратилиб, бармоқлар бироз очилган ҳолатда бўлади.

Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиши ҳақида бир қанча ҳадислар келган бўлиб, қуйида улардан баъзиларини келтирамиз:

عَنْ وَائِلِ بْنِ حُجْرٍ رضي الله عنه،"أَنَّهُ رَأَى النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، رَفَعَ يَدَيْهِ حِينَ دَخَلَ فِي الصَّلَاةِ كَبَّرَ وَضَعَهُمَا حِيَالَ أُذُنَيْهِ" (رواه الإمام مسلم)

Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳу: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни намозга киришда такбир айтиб, қўлларини кўтариб, қулоқлари баробарига кўтарганларини кўрдим», дедилар.

Имом Муслим ривояти. 

عَنْ مَالِكِ بْنِ الْحُوَيْرِثِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ إِذَا كَبَّرَ رَفَعَ يَدَيْهِ حَتَّى يُحَاذِيَ بِهِمَا أُذُنَيْهِ" (رَوَاهُ الإمَامُ مُسلمٌ)

Молик ибн Ҳувайрис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон (намозга кириш учун) такбир айтсалар, икки қўлларини қулоқлари баробарига кўтарар эдилар».

Имом Муслим ривояти. 

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا إِفْتَتَحَ الصَّلاَةَ كَبَّرَ ثُمَّ رَفَعَ يَدَيْهِ حَتَّى يُحَاذِيْ إِبْهَامَيْهِ أُذْنَيْهِ (رواه الإمام الحاكم والإمام الدارقطني)

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга киришда такбир айтиб, икки бош бармоқларини қулоқлари баробаригача кўтарар эдилар». 

Имом Ҳоким, Имом Дорақутний ривояти

Уламоларимиз: «Ҳадисларда келган «қўлни қулоқ баробарига кўтариш»дан мақсад – уни қулоққа теккизишдир, чунки қулоқнинг юмшоғига қўл тегиши қўлнинг қулоқ баробарига кўтарилганининг аниқ белгисидир», – деганлар. Бу ҳақда «Ал Баҳрур-роиқ шарҳи канзуд-дақоиқ» китобида қуйидагилар айтилган:

وَالْمُرَادُ بِالْمُحَاذَاةِ، أَنْ يَمَسَّ بِإِبْهَامَيْهِ شَحْمَتَيْ أُذُنَيْهِ، لِيَتَيَقَّنَ بِمُحَاذَاةِ يَدَيْهِ بِأُذُنَيْهِ

«Ҳадисдаги тенглаштиришдан мақсад – икки қўлни қулоқларга тенглашганига ишонч ҳосил қилиш учун икки бош бармоқни қулоқларнинг юмшоқ жойига теккизилади»

Намозга киришда икки қўлни қулоқ юмшоғига теккизиш ҳақида «Дуррул Мухтор» китобида қуйидагилар айтилади:

مَاسًا بِإِبْهَامَيْهِ شَحْمَتَيْ أُذُنَيْهِ، هُوَ الْمُرَادُ بِالْمُحَاذَاةِ، لِأَنَّهَا لَا تُتَيَقَّنُ إِلَّا بِذَلِكَ

«Икки бош бармоқни қулоғларнинг юмшоқ жойига теккизган ҳолатда такбир айтиш – ҳадислардаги тенглаштиришдан кўзда тутилган нарса шудир. Чунки бусиз тенглашганига ишонч ҳосил бўлмайди»

Демак, намозга киришда такбири таҳрима айтилади ва унда қўллар қулоқ баробарича кўтарилади. Бу ҳанафий мазҳабимиз уламоларининг ижтиҳодлари бўлиб, бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб саҳиҳ ҳадислар ривоят қилинган.

Пайғамбар алайҳиссалом намозга киришда муборак қўлларини елкалари баробаригача кўтарганларига далолат қиладиган ҳадисларни мукаммал ўрганган уламоларимиз бу масалада қуйидагича хулоса қилганлар: Совуқда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўллари кийимлари ичида бўлгани ва у қалин кийимнинг енги бўлмагани сабабли намозга киришда қўлларини елка баробаригача кўтарганлар.

Табиийки, бундай ҳолатда қўл елкадан тепага кўтарилмайди. Совуқ бўлмаган пайтларда Пайғамбар алайҳиссаломнинг қўллари кийимларининг ичида бўлмагани учун намозга киришда қўлларини қулоқлари баробаригача кўтарганлар. Бунга машҳур саҳобий Воил ибн Ҳужрнинг қуйидаги ривоятлари далолат қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борганимда у зотни икки қўлларини қулоқлари баробарига кўтарган ҳолда такбир айтганларини кўрдим. Кейинги йил борганимда эса улар (Пайғамбаримиз ва саҳобалар)нинг устиларида (қалин) кийимлари бор эди. (Улар намозга киришда) қўлларини кўкрак баробаригача кўтардилар» (Имом Таҳовий ривояти).

Машҳур муҳаддис Имом Абу Жаъфар Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ мазкур ҳадисдан қуйидаги хулосани чиқарганлар:

«Демак, Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳунинг (Пайғамбаримиз ва саҳобалар намозга киришда) қўлларини елкаларигача кўтарар эдилар деган ҳадислари қўллари кийимлари ичида бўлган пайтга тегишлидир. Аммо (Пайғамбаримиз ва саҳобалар намозга киришда) қўлларини қулоқларигача кўтардилар, деган ҳадислари қўллари кийимлари ичида бўлмаган пайтга тегишлидир.

Шундай экан, биз ҳанафийлар такбири таҳримада қўл кўтариш ҳақидаги Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисларини барчасига амал қиламиз: Совуқ сабабли қўллар кийим ичида бўлган пайтда қўлни кўтариш мумкин бўладиган жойгача кўтарамиз. У ҳам бўлса елка баробаридир. Агар қўллар кийим ичида бўлмаса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаб қўлларимизни қулоққача кўтарамиз» (“Шарҳ маони-л-осор” китоби).

Маълумки, ҳозирги кунда қўллар кийим ичида бўлмайди сабаби, барча кийимларнинг енги бор. Демак, ҳозирги пайтда намозга киришгувчи киши қўлларини қулоғи баробаригача кўтаради.

(Давоми бор)

Даврон Нурмуҳаммад

 

Эслатма:

Танлов иштирокчиларидан қуйидаги мавзуларда мақола ҳамда (араб, рус, инглиз, форс ва бошқа тиллардан) таржималар, илмий-тадқиқот ишлари, аудио ва видеосуҳбатлар тақдим этишлари талаб этилади:

— Мазҳаб тушунчаси ва унинг тарихи;

— Мазҳаб ҳақида мўътабар уламоларнинг фикрлари;

— Мазҳаб имомлари ва уларнинг шогирдлари;

— Мазҳабнинг усуллари;

— Мазҳабга оид мўътабар асарлар;

— Масҳабсизлик ва унинг хатарлари.

Танлов шартига кўра, тақдим этилаётган материаллар аввал бошқа манбаларда берилмаган бўлиши, илмий асосланган бўлиши лозим.

Танлов тўрт чоракдан иборат бўлиб, ҳар бир чорак битта мазҳабга бағишланади:

1-чорак — ҳанафий мазҳаби;

2-чорак — шофеъий мазҳаби;

3-чорак — ҳанбалий мазҳаби;

4-чорак — моликий мазҳаби.

Иштирокчилар томонидан тақдим этилган материаллар islom.uz сайтида эълон қилиб борилади. Материалларни @islomuztanlovbot телеграм манзилига юборишингиз мумкин. Танлов 1443 йил зулҳижжа ойида (2022 йилнинг июль ойида) якунланади.

Марҳамат, танловда иштирок этинг.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маълумки, Islom.uz портали .МАЗҲАБЛАР mdash БИРЛИК РАМЗИ, шиори остида танлов эълон қилган.2чорак mdash моликий мазҳабига оид мавзуда бўлиб, иштирокчилар томонидан давоми...

1269 11:00 / 07.01.2022
Бу дунёнинг ташвишидан ортмай қолсам бир муддат, Сокин бўлиш истарман, руҳимга керак мадад. Бу қалб нечун сиқилар, бошимда нима ўйлар Деб ҳаёлларим сурсам, бир давоми...

2344 17:00 / 25.05.2023
Араб тили илмлари билимдони улуғ аллома Имом Саккокий ҳақида манбаларда кўп маълумотлар берилмаган. Лекин Имом Замахшарий билан балоғат илмида бирга эътироф давоми...

1666 10:11 / 25.01.2023
Х аср охири XI аср бошларида яшаган Ғарбда Алҳазен номи билан танилган Ибн Ҳайсам мил. 965 1040 Оптикаrdquo Манозирrdquoни ёзиб, Ислом офталмологиясига муҳим янгиликларни давоми...

2607 12:48 / 04.02.2023