Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аёл кишини дафн этилаётганда, маҳрам эркаклар қабр атрофини ўраб олиб, номаҳрамларни яқинлаштирмасликка уринадилар ва "Маҳрамлари қолишсин, қолганлар нарироққа бориб ўтиринглар" дейишади.
Маййита тобутдан қабрга олинаётганда "Ёпинчиқни қабрга яқинлаштириб туринглар, маййитни тўсинглар" дейишади.
Аёл киши вафот этиб, кафанга ўралган ва ҳеч ким унга шаҳват назари билан қарамайдиган ҳолда бўлса ҳам маҳрамларнинг бундоқ иш тутиши ва гапиришининг боиси нима?
Албатта, рашк, қизғониш, ҳамият сабабли шундоқ қилишади ва ишлари тўғри.
Биз эркаклар вафот этган маҳрам аёлларимизга нисбатан шу даражада рашклимиз, аммо ҳаёт бўлиб турган маҳрамларимизга нисбатанчи?!
Уларни ҳам қизғониб, номаҳрамлардан тўсамизми, рашк қиламизми?!
Маҳрамларимизнинг хулқлари, либослари, юриш-туришларини назорат қиламизми ёки эътибор бермаймизми?!
Зеро, баъзи одамлар кафанга ўралиб, тобут ичида ётган ва қабрга қўйилаётган аёлга эмас, балки кўча-кўйда, бозорда, дўконда, тўйда юрган тирик аёлга қарашади.
Ўзига қарашли маҳрам аёлларни қизғонмаслик, уларнинг номаҳрамлар билан гаплашишига парво қилмаслик даюслик саналади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч киши ҳеч қачон жаннатга кирмайди: эркаклардан даюс, аёллардан эркакшода ва хамр (ароқ)га муккасидан кетган кимса» дедилар. Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, хамр (ароқ)га муккасидан кетган кимсани тушундик. Аммо эркаклардан даюс ким?» деб сўрашди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аҳли (хотини)нинг олдига кимлар киришига парво қилмайдиган кимса» дедилар. Биз: «Аёллардан эркакшодаси ким?» деб сўрадик. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзини эркакларга ўхшатган аёл» деб жавоб бердилар.
Даюс бўлиб қолмасликни, охиратда жаннатдан маҳрум бўлмасликни истасак, ўзимизга қарашли маҳрамларимизни бегоналардан қизғонишимиз, рашк қилишимиз, номаҳрамлардан ҳимоя қилишимиз лозим.
Аллоҳ таоло ҳаммамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!
Нозимжон Ҳошимжон