1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим 147-дарс. Қуръони Карим маъноларини таржима қилишнинг далиллари

17:00 / 27.07.2021 3405 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Карим маъноларини таржима қилишга рухсат беришга ўзига яраша ҳужжат ва далиллар ҳам бор.

Биринчи далил:

Ҳудайбия сулҳидан кейин Пайғамбаримиз алайҳиссалом уч қитъа вакиллари бўлмиш давлат бошлиқларига мактублар юбориб, Исломга даъват қилдилар.

1. Европадан Византия подшоҳи Ҳирақлга;

2. Осиёдан Форс давлати подшоҳи Кисрога;

3. Африкадан Миср подшоҳи Муқавқис ва Ҳабашистон подшоҳи Нажошийга Пайғамбаримиз алайҳиссалом мактублар юбордилар.

Мазкур мактубларда Қуръони Карим оятлари ҳам бор эди. Мазкур подшоҳлар ва уларнинг одамларига ўша мактублар ҳамда уларнинг ичидаги оятларнинг маънолари, албатта, таржима қилиб берилган. 

Демак, мусулмон бўлмаган кишиларни Исломга даъват қилишда Қуръони Карим маънолари таржима қилиниши керак экан.

Иккинчи далил:

Имом Шамсулаимма Сарахсийнинг «АлМабсут» номли кўп жилдли асарларининг «Намоз китоби» бўлимида  (1-жуз, 37-бет) қуйидагилар ёзилган:

«Ривоят қилинадики, форслар Салмон Форсий розияллоҳу анҳуга мактуб ёзиб, ўзларига Фотиҳа сурасини форс тилида ёзиб беришни сўрадилар...»

Имом Тожуш-шариъанинг «Ҳидоя»га ҳошия қилиб ёзган «Ниҳоя» китобида (1-жуз, 86-бет) бу ҳақда батафсилроқ ёзилган:

«Салмон Форсий розияллоҳу анҳуга «Фотиҳа»ни форс тилида ёзиб беришни сўраб, мактуб ёздилар. Бас, у киши «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм» – «Ба номи...» деб ёзди ва Набий алай­ҳиссаломга кўрсатганларидан кейин уларга юборди».

Демак, араб тилини билмайдиган мусулмонлар учун ҳам улар у тилни ўрганиб олгунларича Қуръони Карим маънолари зарурат юзасидан таржима қилиб берилса бўлар экан.

Учинчи далил:

Қадимда Қуръони Карим маъноларини таржима қилишга оммавий равишда рухсат берилмаган бўлса ҳам, кези келиб, зарурат туғилганда бу иш амалга оширилган экан.

Мазкур таржималарнинг кўплари бизнинг давримизгача етиб келмаган. Бизгача етиб келган Қуръони Карим маънолари таржимаси ҳақида устоз Муҳаммад Ҳамидуллоҳ қуйидагиларни ёзадилар:

«Тўртинчи ҳижрий асрда подшоҳ Мансур ибн Нуҳ Сомоний ҳижрий 345 санада туркистонлик катта уламолардан бир жамоасини Қуръони Каримнинг ҳаммасини форс, шарқий ва ғарбий турк тилларига таржима қилишга амр этди. 

Ўша таржимага Табарий тафсирининг хулосасини зиёда қилишга ҳам фармон берди. Аллоҳга ҳамд бўлсин, бу таржималар бизга етиб келди ва улар Теҳрон ҳамда Истанбулда чоп этилди».

Кўриниб турибдики, мусулмонлар ўз мустақилликларига, тараққиётларига соҳиб бўлган вақтларида ўз Муқаддас Китобларига ҳам яхши хизмат қилганлар. Аммо ҳар жиҳатдан заифлашиб, тушкунликка юз бурганларида ҳамма нарсани, жумладан, Қуръони Карим маъноси таржималарини ҳам бошқаларга топшириб қўйганлар.

Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин, ҳозирда бу ишга алоҳида эътибор берилиб, ушбу ҳассос соҳада ҳам бир қанча яхши ишлар амалга оширилмоқда. Бу ишда асосан араб бўлмаган мусулмонлар хизмат қилмоқдалар, десак муболаға қилмаган бўламиз. Чунки айнан ўша кишилар ўз халқларига Қуръони Карим маъноларини ўз тилларига таржима қилиб бермоқдалар. 

Албатта, бу ерда ҳам ўзига хос нозик муаммолар бор. Араб бўлмаган мусулмон халқлар ичида араб тилини, исломий илмларни яхши ўзлаштирганлар таржима ва ўз тилларида юқори савияда асар битиш соҳасига вақтлари қолмаган бўлади. Аксинча, адиб ва таржимонликни яхши эгаллаган шахсларда эса араб тили ва исломий илмларни кераклигича ўзлаштиришга вақт қолмайди. 

Аммо, шундай бўлса ҳам, Қуръони Карим маънолари таржимаси бўйича сезиларли силжиш юзага чиқмоқда. Ҳозирда Қуръони Карим маънолари деярли барча тилларга таржима қилинган. Баъзи тилларда эса бир неча таржималар мавжуд. 

Устоз Муҳаммад Ҳамидуллоҳнинг таъкидлашларича, урду тилида Қуръони Карим маъноларининг уч юздан ортиқ таржимаси, форс ва турк тилларида эса юздан ортиқ таржимаси бор. 

Лекин гап таржималарнинг сонида эмас, сифатида эканини унутмаслигимиз лозим. Бу соҳада ҳам кўпгина ишлар қилинмоқда. Бир неча ташкилотлар, мутахассислар ҳамкорликда иш олиб бормоқдалар. Аллоҳ таоло бу ишларнинг барчасининг Ўз Китоби йўлидаги холис ва фойдали хизматлар бўлишини насиб қилсин.

«Қуръон илмлари» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
тўртинчи мақола.Ундан бошқа Қуръондан саҳифалар ва мусҳафларга ёзилган барча нарсани куйдиришга амр қилди,.Чунки кўпчилик ўз ижтиҳоди билан ўзи учун мусҳафлар давоми...

3850 20:05 / 26.11.2019
Имом Аҳмад ибн Ҳанбалга шогирдларидан бири кечаси туриб бомдод намозигача Қуръон хатм қилишининг хабари етди. Ҳазрат эртаси куни унга айтдиndash Тунги ибодатинг давоми...

6800 14:59 / 26.02.2018
29. Йўқ Зулм қилганлар илмсиз равишда ҳавойи нафсларига эргашдилар, холос. Аллоҳ залолатга солган кимсани ким ҳидоятга сола оларди Ва уларга нусрат бергувчилар давоми...

4612 05:00 / 23.01.2017
Шайх Аҳмад Мустафо Мароғий ўзининг .ТафсирулМароғий, деб номланган китобини кичик ҳажмда ўттиз жуз қилиб ёзди. Бу тафсир катта ҳажмда ўн жилдда нашр этилган. Шайх давоми...

2878 15:30 / 18.05.2021